platina.uz
Мақола

Телекинез: ғайритабиий қобилиятларга илм-фан нима дейди?

Фокусчилар ўн йиллар давомида саҳнада телекинезни намойиш этиб келишади ва буни ҳалол қиладилар: улар идрокни алдаш қанчалик осон эканини яхши билишади.

Телекинез: ғайритабиий қобилиятларга илм-фан нима дейди?
Фотоколлаж: Platina.uz

Тасаввур қилинг: бир одам, диққат билан чўпга тикилади – ва чўп ўз -ўзидан айлана бошлайди. Ҳеч қандай ип йўқ, нафас ушлаб турилган, қўллар тиззада. Одатда масофадан таъсир – телекинез билан танишув айнан шу каби манзарадан бошланади – у йиллар давомида илмий қизиқиш, оммавий гипноз ва чин дилдан ишонч орасида мувозанатда турган феномендир.

Телекине́з (қадимги юнон тилида τῆλε– “узоқда” ва κίνησις – “ҳаракат”) ёки психокине́з (қадимги юнон тилида ψυχή – “руҳ”) – узоқдан туриб, фақат фикр кучи билан таъсир ўтказиш қобилиятига айтилади. Баъзан кенгроқ атама – психокинез ҳам қўлланиладики, у онгнинг ҳар қандай моддий жараёнларга таъсирини ўз ичига олади.

Телекинез жисмоний реаллик ҳақидаги мавжуд илмий маълумотлар мажмуасига зид деб ҳисобланади. Аммо шундай ҳолатлар ҳам кўпки, ҳатто машҳур скептиклар ва диндор бўлмаган олимлар бу феноменни текшириб, синовдан ўтказиб, мавжудлигини тан олган, бироқ уни илмий жиҳатдан тушунтириб бера олмаган.

Масофадан таъсир

Қадим замонлардан бери одамларни тушунтириш қийин бўлган мўъжизали ҳодисалар, ноёб қобилиятли одамлар ўзига жалб қилиб келган. Шу сабабли фантастик филмлар режиссёрлари ҳам доимо ғайритабиий қобилиятларга эга инсонлар ҳақида ҳикоя қилишни яхши кўришади. Бироқ предметларга паранормал йўл билан таъсир ўтказиш қобилиятига эга реал одамлар ҳам бўлган.

Масалан, ўтган асрнинг 70-йилларида ўзининг психокинез соҳасидаги камёб иқтидорини яширмасдан намойиш этган машҳур Нина Кулагина совет даврида катта эътиборга сазовор бўлган. Унинг ғалати қобилиятлари илк бор болалигида намоён бўлган. Онаси кўп бор унинг китоб саҳифаларини қўл теккизмасдан варақлагани ёки финжонни шунчаки тикилиб жойидан қўзғатишини пайқаган. Аммо вақт ўтиб, Нина ўз иқтидорини унутиб, оддий одамлар каби яшай бошлайди. Лекин бир куни тасодифан радио орқали қандайдир қизчанинг ғайриоддий қобилиятлари ҳақида эшитгач, яна ўз қобилияти эсига тушади ва уни эрига намойиш қилишга қарор қилади.

Одамларнинг ҳайратидан руҳланиб кетган Нина катта ёшида ҳам ўз иқтидорини жиддий ривожлантириш билан шуғуллана бошлайди. У олимлар томонидан ўтказиладиган кўплаб тадқиқотларга мамнуният билан рози бўлган. Аёл ҳеч қачон ўз қобилиятларини яширишга уринмаган. Йигирма йил давомида турмуш ўртоғи билан бирга тахминан 30 та турли илмий лабораторияларга ташриф буюрган. Бироқ бу қатъият эвазига у тез-тез бош оғриғи, қон босимининг ошиши ва тахикардиядан азият чеккан.

Бир тажриба давомида буюмларни ҳаракатлантириш машқидан сўнг у тўсатдан умуртқа соҳасида қаттиқ оғриқ ва бош айланишини ҳис қилган. Ҳар бир сеансдан кейин у анча вазн йўқотиб, озиб кетарди. Кўплаб тажрибалар орасида энг машҳурлари – қўл тегизмасдан буюмларни силжитиш, инсон терисини қиздириш, бақанинг юрак уришини тиклаш каби тажрибалар бўлган.

Шунга қарамай, барча синов ҳамда тажрибалар ўтказиб ҳам, олимлар кўз олдиларида рўй бераётган бу “мўъжизалар”га илмий изоҳ топа олмаган. Натижада улар икки гуруҳга бўлинган: бир қисми Нинани фирибгар деб ҳисоблаган бўлса, бошқалари уни қўллаб-қувватлаб, энг ғайриоддий инсон деб билган. Ўша даврда инсоннинг паранормал қобилиятларини чуқур ўрганиш учун имкониятлар етарли эмас эди. Асосан олимлар кўплаб видеоҳисоботлар тайёрлашган, аммо мия импулсларининг ошишидан ташқари аниқ бирор нарсани қайд эта оладиган асбобларга эга эмас эдилар.

Кулагинанинг қобилиятларини синовдан ўтказиш ҳақида ҳатто ҳужжатли филмлар суратга олинган.

Фирибгарликда айбловлар сабабли бу аёл ҳатто судларда ҳам қатнашишига тўғри келган. Гарчи суд унинг фойдасига қарор чиқарган бўлса-да, барча ушбу нохуш судлашувлар унинг соғлиғига жиддий таъсир кўрсатган.

Кулагина воқеаси СССР ҳудудида кенг танилган эди. Унинг қобилиятлари ҳақида гапирилар, баҳслар бўлиб ўтар, кўплаб одамлар ўзларида ҳам шунга ўхшаш нарсани топишга уринганлар.

Айрим миш-мишларга кўра, КГБ бу ғайриоддий аёлни назорат остига олган ва уни Нелли Михайлова тахаллуси остида фикр ўқишга доир махфий вазифаларни бажаришга мажбур қилган.

Бу аёл ҳақида бир нечта филмлар ишланган бўлиб, охиргиси 1990 йилда – унинг вафотидан сал олдин тасвирга олинган.

Умуман, Нина Кулагина ягона ҳодиса эмас. Бу каби ҳолатлар тарихда кўп учраган ва ҳужжатлаштирилган. Баъзан машҳур исмлар ҳам тилга олинади. СССР, АҚШ ва Европада 1960-1980-йилларда ҳақиқатан ҳам “пси-феноменлар”ни ўрганувчи лабораториялар мавжуд бўлган.

“Тарафдор”нинг фикрлари

Телекинезга ишонувчилар одатда учта асосий тезисга суянишади:

1. “Онг – миядан кўра кенгроқ нарса”. Шунинг учун у моддага тўғридан-тўғри таъсир қила олади.

2. “Квант физикасида ҳамма нарса рўй бериши мумкин”. Кўпинча “квант чалкашлиги”, “кузатувчи эффекти” ва ноаниқлик принципи тилга олинади, лекин уларнинг ҳақиқий маъноси тушунтирилмайди.

3. “Фан догмалар билан чекланган”. Гўё бундай тадқиқотлар хавфли ёки ноқулай бўлгани учун молиялаштирилмайди. Ёки улар жамоатчиликдан сир тутилади.

Гап шундаки, бу аргументларнинг ҳеч бири телекинезнинг ишлаш механизмини кўрсатиб бермайди. Механизмсиз эса физикада реаллик ҳақида гап бўлиши мумкин эмас.

Нега телекинез физикага зид?

Агар телекинез мавжуд бўлса, у бир неча фундаментал қонунларни бузган бўлар эди. Энергиянинг сақланиш қонуни, локаллик тамойили, маълум таъсир турлари – гравитацион, электромагнит ҳодисаси шулар жумласидандир.

Фикр жисмни силжитиши учун энергия узатилиши керак. Аммо ҳеч бир асбоб бундай узатиш каналини қайд этмайди. Тўғри, мия электр қуввати ишлаб чиқаради ва электромагнит майдони ҳосил қилади, лекин улар шунчалик кучсизки, ҳатто чанг заррасини ҳам қимирлата олмайди.

Тажрибалар: фан қаерда тўхтаб қолади?

Илмий услуб учта асосий талабни қўяди: тажриба шароитларни қатъий назорат қилиш, қайта такрорланиш ва мустақил текширув.

Телекинезда эса бу талабларга жавоб деярли йўқ. Чунки қатъий назорат остида эффектлар йўқолади. Аввал олинган натижалар бошқа лабораторияларда такрорланмайди. Агар визуал алоқа ёки экспериментатор таъсири олиб ташланса, “қобилиятлар” йўқ бўлиб кетади. Икки томонлама тест, экранлаш (иҳоталаш), ҳар томонлама видеокузатув жорий этилганда феномен йўқолади.

Лекин масаланинг бошқа тарафи ҳам бор: фан телекинезни принципиал равишда инкор этмайди, у фақат уни қайд эта олмайди. Фан эса фақат ўлчай оладиган нарсасини тан олади. Бу худди кўр одамнинг “мен қуёшни кўрмаяпман, қўлим билан ушлай олмаяпман, демак, қуёш йўқ нарса” дейишига ўхшайди.

Психология: нега бу каби ҳодисаларга ишонамиз?

Бу ерда мунозаранинг энг қизиқ жойи бошланади. Инсон мияси маъно бўлмаган жойдан ҳам маъно қидиради. “Тўғри чиққан” ҳолатларни эслаб қолиб, хатоларни унутади. Тасдиқлаш эффекти орқали кутилган натижани кучайтиради.

Қолаверса, кўпгина “далиллар” ортида оддий омиллар туради. Хусусан, нафасдан ҳосил бўлган ҳаво оқимлари, қўл иссиқлиги, статик электр, пол вибрацияси, видеосуратга олишдаги хато, монтаж ва иллюзиялар.

Фокусчилар ўн йиллар давомида саҳнада телекинезни намойиш этиб келишади ва буни ҳалол қиладилар: улар идрокни алдаш қанчалик осон эканини яхши билишади.

Маданият ва ОАВнинг хизмати

ОАВ зерикарли илмий тажриба ва хулосаларни эмас, балки шов-шувни яхши кўради. “Олимлар инкор этди” деган сарлавҳа ҳеч қачон “Фалон ҳодиса исботланди: инсон фикр кучи билан жисмларни ҳаракатлантира олади” деган хабарчалик лайк йиғмайди.

Ижтимоий тармоқлар бу эффектни янада кучайтиради: видео контекстдан узиб олинади, қайта-қайта улашилади ва бир неча соат ичида одамлар буни ҳақиқат ва факт сифатида қабул қилина бошлайди.

Бугунги ҳолат

Бугунги кунда телекинезнинг умумқабул қилинган илмий исботи йўқ. Бу мавзу муҳокамаси академик фан доираларида деярли йўқолган. Унинг ўрнини нейроинтерфейслар – жисмларни фикр кучи орқали бошқариш мумкин бўлган реал технологиялар эгаллади, аммо улар бевосита эмас, балки датчиклар ва алгоритмлар орқали таъсир қилади.

Масалан, 2024 йил феврал ойида Илон Маск Neuralink компанияси томонидан ишлаб чиқилган имплант миясига ўрнатилган биринчи бемор фикр кучи ёрдамида компютер сичқончасини бошқара олганини маълум қилди. Маскнинг сўзларига кўра, бемор чипни жойлаштириш жараёнидан кейин тўлиқ тикланган ва экранда сичқончани фақат ўйлаш орқали ҳаракатлантира олган.

Охирги савол

Телекинезни инкор этиш – онг сирларини инкор этиш эмас.

Унга ишониш – аҳмоқлик белгиси эмас.

Нозик чегара чизиғи эса танқидий фикрлаш тугаган жойдан ўтади.

Ҳақиқий мўъжиза – фикрлаш билан жисмларни ҳаракатлантириш эмас, балки шубҳаланиш, текшириш ва хатосини тан олиш қобилиятидир.

Эҳтимол, айнан шу қобилиятлар барча “суперқобилиятлар” ичида энг кам баҳоланади.

Абулфайз Сайидасқаров

© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid