platina.uz
Жамият

Бандлик вазирлиги: қурилишларда меҳнат хавфсизлиги бўйича жиддий муаммолар мавжуд

2025 йилда бахтсиз ҳодисалар сони 234 тага етган, ҳалок бўлган ишчилар сони 99 нафарни ташкил этган. Бу 2024 йилдан сезиларли миқдорда кўп. 

Бандлик вазирлиги: қурилишларда меҳнат хавфсизлиги бўйича жиддий муаммолар мавжуд

Ўзбекистонда қурилиш объектларида меҳнат хавфсизлигини таъминлаш масаласи йилдан-йилга кескинлашиб бормоқда. Бу ҳақда Бандлик вазирлиги хабар берди.

2024 йилда қурилиш соҳасида 204 та меҳнат фаолияти билан боғлиқ бахтсиз ҳодиса қайд этилган, ушбу ҳодисалар оқибатида 71 нафар ишчи вафот этган.

2025 йилда эса ҳолат янада ёмонлашган: бахтсиз ҳодисалар сони 234 тага етган, ҳалок бўлган ишчилар сони 99 нафарни ташкил этган. Яъни, ҳодисалар сони ҳам, ўлим билан тугаётган ҳолатлар ҳам ўсиш тенденциясига эга.

Бу эса қурилишда меҳнат хавфсизлиги билан боғлиқ жиддий муаммолар мавжудлигини яққол кўрсатади.

Бахтсиз ҳодисаларнинг аксарияти қуйидаги омиллар билан боғлиқ:

-меҳнат хавфсизлиги талабларига амал қилмаслик;

-ишчиларни шахсий ҳимоя воситалари билан тўлиқ таъминламаслик;

-қурилиш майдонларида доимий назоратнинг йўқлиги;

-ташкилот раҳбарларининг шахсий жавобгарликни ҳис қилмаслиги.

"Энг хавотирли жиҳат — кўплаб ҳодисалар олдиндан башорат қилинадиган, олдини олиш мумкин бўлган ҳолатлар эканлигидир.

Аянчли савол: қурилиш ташкилотлари раҳбарлари меҳнат хавфсизлигига жиддий муносабатда бўлиши учун яна қанча ишчи ҳалок бўлиши керак?

Назорат органлари профилактик ишларни кучайтириши, жиддий чоралар кўриш учун яна қанча оила отадан, ўғилдан, оила боқувчисидан айрилиши керак?", дея савол қўяди вазирлик.

Қурилиш соҳасида: профилактик назоратни кучайтириш, хавфли объектларни тизимли мониторинг қилиш, қонун бузилишларига нисбатан муқаррар жавобгарликни таъминлаш, инсон ҳаётига бефарқ муносабатда бўлган раҳбарларга қатъий чора кўриш долзарб вазифага айланиши лозим, дея таъкидланади хабарда.

© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid