Ўзбекистон яшаш харажатлари энг арзон бўлган давлатлар қаторига кирди
Ўзбекистонда яшаш харажатлари индекси 27,3 баллни ташкил этган. Рейтингда Ню-Йорк шаҳри 100 балл билан асос сифатида олинади.

Ўзбекистон яшаш харажатлари энг паст бўлган давлатлар ТОП-20 талигига кирди.
Халқаро таҳлилий платформа Numbeo томонидан тузилган 2026 йилги глобал яшаш қиймати рейтингида мамлакат 155 давлат орасида 138-ўринни эгаллади.
Ўзбекистон дунёда яшаш энг арзон бўлган мамлакатлардан бири сифатида эътироф этилди. Тадқиқотга кўра, Ўзбекистонда яшаш харажатлари индекси 27,3 баллни ташкил этган. Рейтингда Ню-Йорк шаҳри 100 балл билан асос сифатида олинади. — индекс қанчалик паст бўлса, мамлакатда яшаш шунчалик арзон ҳисобланади.
Таҳлил беш асосий йўналишни қамраб олган: озиқ-овқат нархлари, ижара ҳақи, ресторанлар, коммунал хизматлар ва харид қобилияти. Алоҳида кўрсаткичлар бўйича Ўзбекистон қуйидаги натижаларни қайд этди:
- уй-жой ижараси — 12,2 балл (минтақадаги энг паст кўрсаткичлардан бири);
- озиқ-овқат маҳсулотлари — 30,1 балл;
- ресторанлардаги нархлар — 23 балл;
- харид қобилияти — 47,8 балл.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, товар ва хизматлар умумий ҳисобда арзон бўлса-да, харид қобилиятининг ўртача даражада қолаётгани аҳолининг реал даромадлари чекланганидан далолат беради.
Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари ҳам рейтингнинг қуйи поғоналаридан жой олди: Қозоғистон — 128-ўрин, Тожикистон — 136-ўрин, Қирғизистон — 140-ўрин. Туркманистон бўйича маълумотлар тадқиқотга киритилмаган.
Дунёда яшаш энг қиммат ҳудудлар сифатида Бермуд, Кайман ороллари ва Виржин ороллари қайд этилган бўлса, Покистон, Ҳиндистон ва Ливия яшаш харажатлари энг паст бўлган давлатлар қаторидан жой олди.