platina.uz
Иқтисод

Ижтимоий объектлар ва аҳоли турар жойларининг энергия самарадорлиги учун 150 млрд сўм йўналтирилади

Инвестиция дастури доирасида 770 та ижтимоий объект энергия самарадорлик стандартлари асосида модернизация қилинади. Бунга халқаро молия институтларидан 264 млн доллар маблағ жалб этилади. 

Ижтимоий объектлар ва аҳоли турар жойларининг энергия самарадорлиги учун 150 млрд сўм йўналтирилади

Президент Шавкат Мирзиёев 14 январ куни энергия самарадорликни ошириш ҳамда электр энергияси таъминотида бозор механизмларини жорий этиш юзасидан тақдимот билан танишди.

Халқаро экспертларнинг хулосаларига кўра, Ўзбекистон энг кўп энергия сарфлайдиган мамлакатлар қаторига киради. Хусусан, республикамизда биноларнинг якуний энергия истеъмолидаги улуши қарийб 50 фоизни ташкил этиб, бир квадрат метрга тўғри келадиган энергия сарфи Европа мамлакатларига нисбатан бир неча баробар юқори.

Шу боис, ўтган йилда энергия самарадорлик соҳасидаги ислоҳотларни тизимли йўлга қўйиш мақсадида алоҳида агентлик ташкил этилди. Ушбу тузилмага 2030 йилга қадар иқтисодиётда энергия сарфини камида 20 фоизга, давлат идоралари ва ижтимоий объектларда эса энергия истеъмолини 15 фоизга қисқартириш вазифаси юклатилган.

Тақдимотда агентликнинг 2026 йилдаги фаолияти режалари кўриб чиқилди.

Мамлакатимиздаги биноларнинг катта қисми ўтган асрнинг 60-70-йилларида қурилган бўлиб, уларда энергия сарфи даражаси юқорилигича қолмоқда. Шу боис, ижтимоий объектлар ва аҳоли турар жойларини энергия самарадор объектларга айлантириш бўйича кенг кўламли ишлар режалаштирилган. Жорий йилда бунга 150 миллиард сўм субсидия ва компенсация маблағлари йўналтирилади.

Республикадаги 30 мингга яқин ижтимоий объектларнинг энергия самарадорлигини оширишда халқаро молия институтлари иштироки ва хусусий сектор инвестицияларини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Жорий йилги инвестиция дастури доирасида 770 та ижтимоий объект энергия самарадорлик стандартлари асосида модернизация қилинади. Бунга халқаро молия институтларидан 264 миллион доллар маблағ жалб этилади.

Шу билан бирга, энергияни тежаш орқали даромад олиш механизмлари – энергия сервис компанияларининг хизматларини (ESCO) ривожлантириш ва ушбу бозорни шакллантириш масалалари ҳам кўриб чиқилди.

Биноларни энергия аудитдан ўтказиш, энергия самарадорлик стандартлари асосида лойиҳалаш ва моделлаштиришда рақамли технологиялар ҳамда сунъий интеллект имкониятларини кенг қўллаш режалари ҳақида ахборот берилди.

Саноат соҳасида ҳам энергия тежамкорликни ошириш бўйича аниқ режалар белгиланган. Жумладан, жорий йилда 142 та тўқимачилик корхонасига қуёш панелларини ўрнатиб, 722 миллион киловатт-соат электр энергияси ва корхоналарнинг 693 миллиард сўм маблағи тежалиши кутилмоқда. Шунингдек, ичимлик суви таъминоти тизимида 300 та насосни янгилаш режалаштирилган.

Марказлашган иссиқлик таъминоти тизимидаги мавжуд муаммоларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Айни пайтда иссиқлик қозонхоналари ва тармоқларининг бир қисми эскириши оқибатида энергия йўқотишлари юқори даражада қолмоқда. Шу боис, жорий йилда иссиқлик қозонхоналари ва тизимларини модернизация қилиш, уларни “ёпиқ тизим”га ўтказиш доирасида 400 та индивидуал иссиқлик пунктларини ўрнатиш ва камида 100 километр иссиқлик тармоқларини янгилаш кўзда тутилган.

Мутасаддиларга биноларни қуриш, таъмирлаш ва реконструкция қилишда энергия самарадорлик стандартлари ва таъсирчан қоидаларни ишлаб чиқиш топширилди.

Тақдимотда электр энергияси соҳасида рақобатли бозор механизмларини жорий этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди.

Хусусан, паст кучланишли электр тармоқларини хусусий секторга бериш ишлари Самарқанд вилоятидан бошланиб, кейинги босқичда Андижон, Жиззах, Наманган, Сирдарё, Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрига кенгайтирилиши режалаштирилган. Бу орқали тармоқларни янгилашга инвестицияларни жалб этиш орқали йўқотишларни кескин камайтириш кўзда тутилган.

Электр энергиясининг улгуржи бозорини шакллантириш ишларининг бориши тўғрисида ахборот берилди.

Ҳозирги кунга қадар йилига 10 миллион киловатт-соатдан кўп электр истеъмол қилаётган улгуржи истеъмолчилар рўйхати тузилди. Ушбу корхоналар учун электр энергиясини улгуржи бозорда “соатбай” шаклланган нархларда тўғридан-тўғри шартномалар асосида харид қилиш тизимини жорий этиш таклиф этилди.

Бугунги кунда энергетика ва коммунал соҳалар бўйича алоҳида регуляторларни ташкил этиш ишлари олиб борилмоқда. Хорижий тажрибадан келиб чиқиб, бу борада ягона регуляторни ташкил этиш таклифи билдирилди.

Президентимиз мазкур таклифларни маъқуллаб, энергия самарадорликни ошириш, ресурслардан оқилона фойдаланиш ва энергетика бозорида рақобат муҳитини шакллантириш муҳимлигини таъкидлади ҳамда мутасаддиларга тегишли топшириқларни берди.

Прокуратура ва ички ишлар органлари олдига муҳокама қилинган соҳаларда қонун талабларига қатъий риоя этилишини ва жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлаш, белгиланган чора-тадбирларнинг сўзсиз ижросини таъминлаш юзасидан ҳокимликлар билан яқиндан ишлаш вазифаси қўйилди.

© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid