ТИВ раҳбари: Эрон урушга тайёр
Аббос Ароқчи мамлакат можаро эҳтимолига тайёр эканини, шу билан бирга музокараларга ҳам очиқлигини билдирди.

Эрон урушга тайёр, бироқ музокараларга ҳам очиқ. Бу ҳақда мамлакат ташқи ишлар вазири маълум қилди.
Эрон томони АҚШ президенти Доналд Трамп ҳукуматга қарши намойишларга нисбатан тобора қонли тус олаётган босимни тўхтатиш учун Қўшма Штатлар аралашиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантиргач, можаро эҳтимолига тайёр эканини, шу билан бирга музокараларга ҳам очиқлигини билдирди.
“Биз урушни истамаймиз, аммо урушга тайёрмиз — ҳатто аввалги урушга қараганда ҳам яхшироқ тайёрмиз”, — деди ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи Теҳронда хорижий элчилар конференциясида. “Биз музокараларга ҳам тайёрмиз, бироқ адолатли, тенг ҳуқуқлар ва ўзаро ҳурматга асосланган музокараларга”, — дея қўшимча қилди у.
“Буюк Эрон халқи ўз душманларига ўзини, қатъиятини ва кимлигини намоён этди”, — деди Эроннинг олий раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаи давлат ОАВларида берган баёнотида.
Сўнгги пайтларда ҳукуматга қарши намойишлар кучайиб борар экан, Эроннинг юқори мартабали амалдорлари бунинг ортида АҚШ ва Исроил турганини, улар намойишчиларни қўллаб-қувватлаётганини айтиб келмоқда.
"Тасним" ярим расмий ахборот агентлиги хабарига кўра, 12 январ куни Эрон ташқи ишлар вазирлиги Буюк Британия, Германия, Италия ва Франция элчиларини чақириб олган. Элчиларга тартибсизликлар иштирокчиларининг зўравонлиги акс этган видеоёзувлар намойиш этилган ва Теҳрон намойишчиларни қўллаб-қувватловчи расмий баёнотларни қайтариб олишни талаб қилган.
12 январь Эрон расмийларининг оҳанги бир томондан қатъий, бошқа томондан дипломатияга очиқ экани Трамп ҳукуматнинг кенг кўламли намойишларни бостиришига чек қўйиш учун ҳарбий чоралар кўриши мумкинлиги билан таҳдид қилганидан сўнг янгради.
Сўнгги ҳафталарда Эрон иқтисодий қийинчиликлар сабаб бошланган, кейинчалик мамлакатдаги авторитар диний ҳокимиятга жиддий чақириққа айланган намойишлар гирдобида қолди.
11 январ ҳолатига кўра, инсон ҳуқуқлари кузатувчиларининг маълумотларига қараганда, декабр охирида бошланган норозилик намойишларидан бери қарийб 544 киши ҳалок бўлган. Бошқа ҳуқуқни ҳимоя қилувчи гуруҳлар қурбонлар сонини бундан анча юқори деб баҳоламоқда.
Қурбонлар сони ва намойишлар миқёсини аниқлаш қийин бўлиб келмоқда, чунки Эрон расмийлари мамлакат ичида ҳам, ташқарисида ҳам ахборот тарқалишига кескин чекловлар жорий қилган, жумладан интернетни ўчириб қўйган.
Бир нечта масаладан хабардор АҚШ расмийларига кўра, сўнгги кунларда Трамп Эрон бўйича янги ҳарбий зарба вариантлари юзасидан маълумот олган, бироқ якуний қарор қабул қилмаган.
“Биз буни жуда жиддий кўриб чиқяпмиз, ҳарбийлар ҳам кўриб чиқяпти ва биз жуда кучли вариантларни муҳокама қиляпмиз” деди Трамп Air Force One бортида журналистларга, тафсилотларни очиқламасдан. У яна қўшимча қилди: “Менга ҳар соатда ҳисобот берилмоқда ва биз қарор қабул қиламиз”.
Кейинроқ Трамп Эрон етакчилари унга қўнғироқ қилиб, музокара ўтказишни исташганини айтди. У бу борада ҳам қўшимча маълумот бермади.
Эрон 11 январ куни Ароқчи ва Трампнинг Яқин Шарқ бўйича махсус вакили Стив Уиткофф ўртасида алоқа каналлари очиқ эканини маълум қилди.
“Эрон ҳеч қачон музокара столини тарк этмаган, аммо бир томонлама музокараларда қатнашмайди”, — деди ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Исмоил Бағоий матбуот анжуманида.