platina.uz
Сиёсат

Президент минтақада ягона бўлган марказга борди

“Airbus” вертолётларига техник хизмат кўрсатиш маркази Франция компанияси томонидан расмий сертификациядан ўтказилган. 

Президент минтақада ягона бўлган марказга борди

Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилишидан сўнг Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев Чирчиқ авиация таъмирлаш заводига ташриф буюрди.

Давлат раҳбари корхонада амалга оширилган кенг кўламли модернизация натижалари ҳамда унинг янги юқори технологик бўлинмалари фаолияти билан танишди.

Завод негизида МДҲ ва минтақамизда ягона бўлган “Airbus” вертолётларига техник хизмат кўрсатиш маркази ишга туширилган.

Марказ Франциянинг “Airbus” компанияси томонидан расмий сертификациядан ўтказилган бўлиб, ишлаб чиқариш юқори савияда ташкил этилгани, халқаро стандартлар ва ишлаб чиқарувчи томонидан белгиланган талабларга мувофиқлиги тасдиқланган. Бу ерда Ғарб авиатехникасининг замонавий моделлари, шу жумладан, H-125, H-215 ва H-130 русумли вертолётлар учун сервис ва таъмирлаш ишларининг тўлиқ занжири йўлга қўйилган.

Марказ Ўзбекистонни “Airbus” вертолётларига техник хизмат кўрсатиш ва уларни эксплуатация қилиш бўйича муҳим минтақавий хабга айлантириш имконини беради.

Мамлакатимиз етакчиси марказ имкониятлари билан танишди ва мутахассислар билан мулоқот қилди.

Шу ернинг ўзида Президентга заводнинг Су-25 ҳарбий самолётларини капитал таъмирлаш ва чуқур модернизация қилиш бўйича янгиланган цехлари тақдимот қилинди. Илғор технологияларни жорий қилиш ҳисобига эндиликда корхонада техникани замонавий навигация тизимлари, тунги кўриш қурилмалари ва бортдаги ўзини ҳимоя қилиш комплекслари билан жиҳозлаш ишлари амалга оширилмоқда.

Давлат раҳбари ташриф якунида мамлакатимиз мудофаа саноати салоҳиятини янада мустаҳкамлаш бўйича топшириқлар берди.

© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid