"Ҳудудгазтаъминот" салкам 1,5 млрд сўмга қимматбаҳо автомобиллар сотиб олди
Ташкилот харидларни хизмат машиналарини босқичма-босқич экологик тоза, “яшил” автомобилларга алмаштириш билан изоҳлаган.

"Ҳудудгазтаъминот" салкам 1,5 млрд сўмга қимматбаҳо автомобиллар сотиб олди.
Хусусан, 1 млрд сўмдан ортиқ маблағга икки дона қора рангли BYD ATTO 8 ҳамда қарийб 400 млн сўмга BYD SONG PLUS автомобили сотиб олинган.
Тармоқдаги хабарларга ташкилот матбуот хизмати изоҳ берди.
Айтилишича, харидлар Президентининг “Электромобиллар ишлаб чиқаришни ташкил этишни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 443-сонли Қарорига кўра амалга оширилган.
Жумладан, давлат бошқаруви ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, устав капиталида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган корхоналар томонидан автотранспорт воситаларини бириктириш меъёрлари доирасида 2023–2025 йиллардаги мақсадли кўрсаткичлар бўйича электромобиллар ва гибрид автомобильларни харид қилишга рухсат берилган.
Ушбу қарор ижросини таъминлаш мақсадида “Ҳудудгазтаъминот” АЖда хизмат машиналарини босқичма-босқич экологик тоза, “яшил” автомобилларга алмаштириш жараёнлари олиб борилмоқда, дейилади хабарда.