Сурхондарёда аёлни молхонада сақлаб келганларга суд ҳукми ўқилди
Турмуш ўртоғининг тилида нуқсони борлиги, фикрларини тўлиқ баён қилишга қийналишидан фойдаланган эркак 13 йилга озодликдан маҳрум этилди.

Сурхондарёда аёлни молхонада сақлаб келганларга суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда Олий суд хабар берди.
Маълум бўлишича, фуқаро Ш.А., Узун туманида аёл ва унинг янги туғилган фарзандига нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ўтказган.
У хонадонда яшовчи онаси ва яқин қариндошлари билан олдиндан тил бириктириб, норасмий турмуш ўртоғи фуқаро Х.Г.ни руҳий ҳолатидаги ўзгаришлари борлигидан (тилида нуқсони борлиги, фикрларини тўлиқ баён қилишга қийналиши) фойдаланиб бир неча ой давомида унга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ишлатиб, мажбурлаб, хонадон ичидаги молхонада яширин равишда сақлаб келишганлиги аниқ бўлган.
Жиноят ишлари бўйича Узун туман судининг ҳукми билан А. Ш. Жиноят кодексининг 126-1, 127, 25,135 ва 138-моддаларида, М. Ш. (аёл, 1975 йилда Сурхондарё вилоятида туғилган), К. Ш. (аёл, 1978 йилда Сурхондарё вилоятида туғилган) ва З. А. (аёл, 1951 йилда Сурхондарё вилоятида туғилган) 104, 127, 25,135 ва 138-моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилди.
Суднинг ҳукми билан А. Ш.га 13 йил, М. Ш. ва К. Ш.га 9 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси, З. А.га 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.
Биринчи инстанция судининг ҳукми устидан тарафлар қонунда белгиланган тартиб ва муддатда Сурхондарё вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига апелляция/кассация тартибида шикоят бериш ва протест келтиришга ҳақлилиги маълум қилинади.