Пропан ўпқони: унинг кўча ва давлат нархи пайдо бўлди
Бу ҳолатни ўрганиб, баҳо бериши керак бўлган Рақобат қўмитаси мазкур мавзуни ёзганларнинг ўзини айбдор қилиб чиқди.

Иқтисодчи блогер Отабек Бакировнинг айтишича, пропаннинг бозор ва тарифдаги нарх фарқи 6 триллион сўмни ташкил қилмоқда.
"Аҳолига бериляпти" дейилган 640,8 минг тонна пропан бу 1,2 миллиард литр пропан дегани. Аҳолига сотилаётган пропан тариф бўйича килосига 2 минг сўм (литрига 1,1 минг сўм). Чакана шохобчаларда сотилаётган пропан эса литри аллақачон 7 минг сўмдан ошиб кетди. Орасида камида 5 минг сўм фарқ бор деб ҳисобласак ҳам, "аҳолига беряпмиз" дейилаётган пропандан камида 6 триллион сўм ёки 500 миллион доллар йўқотиш мавжуд. Тасаввур қилаяпсизми, қанақа катта сумма ва қанақа катта коррупцион жозиба бор", деб ёзган блогер.
Унинг таъкидлашича, бу ҳолат худди ёпиқ конвертация пайти каррасига фарқланадиган давлат курси ва кўча курси яратган ўпқон кабидир.
Рақобат қўмитаси "тилга кирди"
Ниҳоят пропан нархи мислсиз даражада ошиб кетиши ҳақида Рақобат қўмитаси баёнот бериб чиқди ва бу мавзуни ёритганларнинг ўзини огоҳлантирди.
Қўмита маълумотига кўра, биржа савдоларида 2025 йилда жами 358 минг тонна суюлтирилган газ сотилган. Бунда сотилган маҳсулотнинг 61 фоизи (219 минг тн) маҳаллий ва 39 фоизи импорт маҳсулот ҳиссасига тўғри келган.
Ушбу кўрсаткич январ-июл ойларида ўртача 80 фоизгачани ташкил этган бўлса, август ойидан бошлаб ички бозорда маҳаллий маҳсулотнинг ҳиссаси камайиб бориб, 2025 йил декабр (35 фоиз) ойи ва 2026 йил январ ойининг ўтган даврида 10 фоизгача пасайиб кетган. Яъни пропан импорти 90 фоизга етган.
Бунга асосий сабаб қилиб аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларига йўналтирилгани кўрсатилган. Пропан бошланғич нархи ўтган йил давомида деярли ошмагани, шунингдек, қўмита томонидан суюлтирилган газ бошланғич нархига 20 фоиз спред (бошланғич нархга нисбатан ўсиш чегараси) ва 1 та савдо сессиясида 5 тн (муқаддам 10 тн) харид лимити ўрнатилгани ҳисобига маҳаллий маҳсулот сотилиш нархи 1 тн учун 7 млн сўмдан ошмаган. Шу ўринда, импорт маҳсулот нархи 8 млн сўмгача шаклланган.
"Ўз навбатида, маҳаллий ва импорт маҳсулотнинг бошланғич (50 фоиз) ва сотилиш (35 фоиз) нархи ўртасида 40 фоизгача тафовут мавжуд. Бироқ сўнгги ойларда ички бозорда импорт маҳсулот улуши ва талабнинг ошиши ҳисобига биржа савдоларидаги ўртача нарх импорт маҳсулот ҳисобига шаклланмоқда. Шунингдек, тадбиркорлик субъектлари томонидан импорт маҳсулотнинг бошланғич нархлари оширилиши сабабли бугунги кунда 1 тн суюлтирилган газ маҳсулоти ўртача 9,5 млн сўмгача сотилмоқда, декабрга нисбатан ўсиш 20 фоиз", дейилади баёнотда.
Қўмитанинг алоҳида таъкидлашича, бугунги кундаги вазиятда чакана нархлар тўғрисида ҳар қандай маълумотнинг ёритилиши ёки нархлар ошиши тўғрисида ахборот тарқатилиши ички бозорда ягона нарх шаклланишига ва бозор тамойиллари бузилишига олиб келиши мумкин.
Шу сабабли, қўмита барча ижтимоий тармоқ фаолларини ички бозорда нархлар ошишига сабаб бўлиши мумкин бўлган ҳар қандай ахборотларни тарқатмасликка чақирган.
"Яъни феълан пропан нархи тинимсиз ошаётганига пропан қимматлаётгани ҳақида ёзаётганлар "айбдор" кўрсатилган ва айни пайтда тармоқ фаоллари нарх бўйича ахборот тарқатмасликка чақирилган. Бунақаси ҳали янги Ўзбекистон тарихида бўлмаганди", дея ҳайратини билдирган Бакиров.
Аммо кейинроқ чиққан қўмитанинг баёноти бу сафар жиддийроқ тус олди.
"Айрим хўжалик юритувчи субъектлар пропан нархлари асоссиз оширилишига сабаб бўлувчи манипуляция ва мувофиқлаштирилган ҳаракатлар содир этган. Рақобат қўмитаси аниқланган ҳолатлар юзасидан қонунбузилиш ҳолатлари бўйича иш қўзғатишни бошлади", дейилади унда.
Бундан ташқари, биржа савдоларида нархларни барқарорлаштириш юзасидан "коррекциялаштирувчи" чоралар кўрилаётгани, шу жумладан, бозор иштирокчиларига биржа савдоларига маҳсулотларни тўлиқ ҳажмда ва бир маромда чиқариш бўйича кўрсатмалар юборилгани айтилган.
Импорт пропанга қарамлик
Отабек Бакиров Рақобат қўмитасининг баёнотидан қуйидаги асосий тезисларни келтириб ўтган:
"Биринчидан, пропан сотувларида 2025 йил декабр ойида импортнинг улуши 65 фоизга, январнинг дастлабки 10 кунида эса 90 фоизга чиққан. Яъни пропан бўйича Ўзбекистоннинг импортга қарамлиги критик нуқтага етган ва табиийки, ўйин қоидаларини импортчи корчалонлар белгилай бошлаган.
Иккинчидан, қўмита гарчи тан олмаётган бўлса-да (бунга балки рухсат йўқ ёки маъмурий ресурслари камлик қилади), импортчиларга нисбатан бирон-бир антимонополия чораларини қўллай олмайди. Нафақат қўллай олмайди, импорт юқори даражада бир қўлларда ва ўзаро боғланган корчалонлар назоратида концентрацияланганини қайд эта олмайди. Шунинг учун ҳам маҳаллий ва импорт маҳсулотнинг нархи ўртасида 40 фоизгача тафовут шаклланган. Кулгилиси, маҳаллий маҳсулотга потолок спред бор, импортга эса йўқ, яъни бозорнинг 90 фоизини назоратига олган импортчилар исталганча тил бириктириб нархларни шишириши мумкин.
Учинчидан, маҳаллий пропаннинг аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларига йўналтирилгани важини қайта текшириб кўриш керак. Зеро газлашмаган ҳудудларга пропан етказилиши муддатлари қисқариб қолгани йўқ. Газлашмаган ҳудудларда одамларнинг асосий энерготовари ўтин ва ғўзапоялигича қолмоқда. Эҳтимолки, газ қазиб олиш критик даражада тушиб кетгани учун пропан ишлаб чиқариш ё тўхтаган ё кескин қисқарган (норасмий манбаларга кўра). Қўмита асосий ишлаб чиқарувчилар — Lukoil, Saneg, GTL заводи, Шўртан ва Муборакдаги ишлаб чиқариш ҳажмлари билан боғлиқ ахборотни эълон қилса, янада тушунарли бўларди.
Тўртинчидан, Рақобат қўмитаси ички бозорда пропан нархини барқарорлаштириш мақсадида ўз ваколати доирасида тезкор чора-тадбирлар амалга оширилаётгани, АЁҚШларда нархлар устидан доимий мониторинг ўрнатгани ҳам хавотирли, ҳам етарли чора эмас. Нархларнинг ўсиши биржадан, импортчилар ўйинларидан бошланмоқда, чакана сотувда эмас. Балиқ бошидан тозаланиши керак, думидан эмас. Агар шохобчалар устидан назорат бошланса, бу пропаннинг жисмонан йўқ бўлишига олиб келади холос.
Ва ниҳоят бешинчидан, айбдорлар ва туб сабаблар бир четда қолиб, ахборот тарқатувчиларга стрелка кўрсатиш нафақат кулгули ва антииқтисодий, балки жуда хунук репутацион ва репрессив оқибатларга олиб келади. Бу шундай оқибатларки, у ёққа осонгина кириб кетиш мумкин, қайтиб чиқиш эса ўн йилларга ва балки бутун бир авлодларга имконсиз бўлади".