platina.uz
Таҳлил

Доналд Трамп дунё харитасини қандай ўзгартирмоқчи?

Америка яна империяга хос амбициялар даврига қайтяптими?

Доналд Трамп дунё харитасини қандай ўзгартирмоқчи?
Фотоколлаж: Platina.uz

2026 йил бошида жаҳон сиёсати саҳнасида бир образ яна яққол кўрина бошлади. Бу – кучли давлатнинг очиқ манфаатпарастлик сиёсати, дипломатия ортида яширилмаган, балки тўғридан-тўғри айтилган даъволар, таҳдидлар ва босимлар орқали ифодаланадиган сиёсатидир.

Доналд Трамп АҚШ президенти сифатида иккинчи марта ҳокимиятга келгач, унинг ташқи сиёсати янада кескин, шахсий услубга хос ва транзакцион тус олди: “фойда бор жойда – АҚШ бор, фойда йўқ жойда – фойда келтиришга мажбурлаш мумкин”.

Бу сиёсат жаҳон харитасини расман қайта чизишни эмас, балки амалда таъсир доираларини қайта тақсимлашни назарда тутади.

“Назорат” тушунчаси: XXI асрда ҳудудни босиб олиш шарт эмас

Дарров аниқлаштириб олиш лозим, Доналд Трамп маъмуриятида бирор ҳудуд ёки давлатни “назоратга олиш” – классик истилочилик ёки аннексияни англатмайди. Бу – замонавий геосиёсий бошқарув модели бўлиб, бир қатор воситалар ёрдамида мақсадга эришилади.

Масалан, ҳарбий кучни қўллаш таҳдиди ёки чекланган операциялар қўлланилади. Аммо бу сўнгги чора. Аввалига иқтисодий санкциялар ва савдо урушлари бошланади. Шунингдек, Исроил учун “шахсий имтиёз” ҳисобланмиш “ўз хавфсизлигини таъминлаш” баҳонасида бошқа давлат ҳудудига қўшин киритиш ҳам АҚШнинг ҳозирги маъмурияти ташқи сиёсат арсеналидан мустаҳкам ўрин ола бошлаган.

Албатта, бугунги воқеликда бирор давлатни босиб олиш шарт эмас, шунчаки бу ердаги маҳаллий элиталарга босим ёки уларни “қулоқ соладиган” раҳбарлар билан алмаштириш ҳам яхши самара бермоқда ва кўп бора синовдан ўтган классик восита ҳисобланади.

Доналд Трамп севадиган яна бир услуб – стратегик инфратузилмалар устидан назорат ўрнатишдир. Бу муҳим денгиз бўғизлари, каналлар, кўприклар, денгиз портлари, ҳарбий базалар, коммуникациялар ва бошқалар бўлиши мумкин.

Таъкидлаш керак, бундай ёндашув АҚШ тарихида илк марта кузатилаётгани йўқ. ХХ асрда Лотин Америкасида, Яқин Шарқда ва Осиёда бундай мисоллар жуда кўп учраган. Фарқи шундаки, аввал Америка сиёсатчилари буни дипломатик ўрам ва демократия ниқоби остида тақдим этган бўлса, Доналд Трамп очиқ айтмоқда ва дипломатик юмшатишдан деярли фойдаланмаяпти.

Гренландия: Арктика учун кураш ва суверенитет синови

Гарчи Трамп ҳозиргача кўплаб давлатларнинг ери ва ресурсларига “кўз олайтирган” бўлса-да, айни пайтда Гренландия мавзуси – Трамп сиёсатининг энг рамзий мисолларидан бири бўлиб қолмоқда.

Нега айнан Гренландия? Чунки Арктика – янги савдо йўллари очилаётган ҳудуддир. Бу ерда ерости бойликлари (ноёб металлар, нефт, газ) мавжуд. Қолаверса, АҚШ Гренляндияга қўшин тортиб бориши ҳам шарт эмас, у ерда аллақачон Америка ҳарбий инфратузилмаси мавжуд.

Аммо энг асосийси, Гренландия – жўғрофий-стратегик аҳамиятга эга. Шу боис, Россия ва Хитойнинг Арктикадаги фаоллиги Вашингтонни жиддий хавотирга солмоқда.

Ҳозиргача Трамп бир неча марта Гренландияни АҚШ назоратига ўтказиш ниятини эълон қилган. 2026 йил январ ойидаги баёнотлар эса илк бор “хоҳлашса ҳам, хоҳламаса ҳам” деган иборалар билан янгради.

Афтидан Трамп бу режага жиддий киришган. Ҳатто, гренландияликларнинг “оғзини мойлаш”, АҚШга мойиллигини ошириш мақсадида бу ердагиларнинг ҳар бирига пул беришга ҳам тайёр. АҚШ давлат котиби Марко Рубио тасдиқлаганидек, Америка Гренландияни “босиб эмас, сотиб олмоқчи”.

Reuters манбалари маълумотларига кўра, тўловлар аниқ миқдори ва уларнинг логистикаси ҳозирча номаълум. Америкалик расмийлар Гренландия аҳолисига бир мартадан тўланадиган маблағларни юбориш имкониятини муҳокама қилган, бу эса уларни “Даниядан ажралиб, эҳтимол, Америка Қўшма Штатларига қўшилишга” ундашга қаратилган.

Маълумотларга кўра, тўлов миқдори ҳар бир киши учун 10 мингдан 100 минг АҚШ долларигача бўлиши мумкин. Орол аҳолиси тахминан 57 минг киши, у Даниянинг автоном ҳудуди ҳисобланади.

Агентликнинг қайд этишича, бу фақат Оқ уй кўриб чиқаётган тактикалардан бири. “Бироқ бу аҳоли учун ортиқча прагматик ва ҳатто ҳақоратли туюлиши мумкин”, дейилади мақолада.

Ўтган ҳафта АҚШ президенти Трамп Венесуэладаги ҳарбий операция фонида яна бир бор Гренландия АҚШ учун “мутлақо зарур”лигини таъкидлади. Америка раҳбарининг сўзларига кўра, орол “рус ва хитой кемалари билан ўралган”. Трампнинг Гренландия бўйича махсус элчиси Жефф Лэндри Вашингтонда “кимнидир эгаллаб олиш” мақсади йўқлигини айтиб, АҚШ “иқтисодий қудрат ва ҳимоя”ни таклиф этаётганини маълум қилди.

Эслатиб ўтадиган бўлсак, The Times газетаси аввалроқ Трамп маъмурияти Гренландия устидан тўрт усул билан назорат ўрнатиши мумкинлигини ёзган: куч билан таъсир қилиш, оролни сотиб олиш, эркин ассоциация тўғрисида келишув таклиф қилиш ёки комбинациядан фойдаланиш – масалан, Гренландиянинг Дания ҳудуди сифатидаги мақомини сақлаб, АҚШнинг ҳарбий ва иқтисодий таъсирини кучайтириш.

Гренландия ва Даниянинг жавоби

Трампнинг таклифига Гренландия ҳукумати “Биз сотиладиган мулк эмасмиз” дея жавоб берди. Дания эса “суверенитет – муҳокама қилинмайдиган масала” эканини эслатиб қўйди. Дания бош вазири Мэтте Фредериксен АҚШнинг Гренландияни аннексия қилиш ҳуқуқи йўқлигини билдирди. Европа Иттифоқи ва НАТО доирасида бу баёнотлар хавфли прецедент сифатида баҳоланди.

Зеро, бу ерда гап фақат бир орол ҳақида эмас. Гап – бирор кучли давлат ўз иттифоқчисига тегишли ҳудудга нисбатан очиқ даъво қила оладими-йўқми, деган савол устида кетмоқда.

Венесуэла: мамлакатни ким ва қандай бошқаради?

Венесуэла президенти Николас Мадуро ва унинг рафиқаси ўғирлаб кетилиб, террорчилик, наркотикларни АҚШга ўтказиш ва диктатурада айбланиб, Ню-Йоркда суд қилинаётган шу кунларда Венесуэлада вазият ҳамон кескин бўлиб қолмоқда. Иқтисодий инқироз ва сиёсий беқарорлик ортидан мамлакат деярли гуманитар кризис ҳолатига тушган.

Аввалроқ, Доналд Трамп маъмурияти бир неча маротаба Николас Мадурони коррупция, демократияни заифлаштириш ва минтақавий хавфсизликка салбий таъсирида айблаб, Қаракасдаги ҳукуматни ўзгартириш зарурлигини таъкидлаган эди. Эндиликда Трамп нафақат бу давлат нефтини қазиб олиш ва сотиш устидан назорат ўрнатиш, балки мамлакат аҳолисининг фаровонлигини ошириш устида аниқ қадамлар қўйишга ваъда бермоқда. Шунингдек, Венесуэла нефтини Россия ва Эронга сотиш тақиқлаб қўйилгани ҳам кескин қарор сифатида баҳоланди.

Аммо энг асосий масала – Венесуэлани ким бошқаради, деган саволни ҳал қилишдир.

Тўғри, Венесуэла олий суди мамлакат президенти вазифаларини вақтинча вице-президент Делси Родригесга топширишга қарор қилди. 9 январ куни эса Делси Родригес келаси ҳафтада Вашингтонга сафар қилиш учун сўров юборди ва у бир қатор сиёсий мулоқотларни, жумладан, Оқ уйга ташрифни ҳам ўтказишни режалаштирмоқда. Унинг сўрови тасдиқланса, 13 январ Родригес хоним Трамп билан Оқ уйда учрашиши мумкин.

9 январ куни, шунингдек, АҚШ давлат департаменти делегацияси пойтахт Каракасга келди ва дипломатик миссияларни қайта тиклаш имкониятларини баҳолади. Бу жараёндан сўнг Венесуэла ҳам ўз дипломатларини АҚШга юбориши режалаштирилмоқда.

Бироқ ҳозирча АҚШ мамлакатни билвосита бошқаришни истаяпти. АҚШ президентининг билдиришича, Вашингтон Венесуэлада ҳокимият хавфсиз алмашинишига қадар раҳбарликни ўз зиммасига олади. Трампнинг қўшимча қилишича, агар республика вице-президенти Делси Родригес Вашингтон билан ҳамкорлик қилса, АҚШ Венесуэлада ҳарбий кучларни жойлаштиришни режалаштирмаяпти.

Аввалроқ, АҚШ давлат котиби Марко Рубио Америка маъмуриятининг Венесуэла бошқарувида асосий вазифаларни ўз зиммасига олиши хабар қилинган эди. Бироқ, Bloomberg агентлигининг қайд этишича, Оқ уй Венесуэладаги 30 миллион аҳоли билан қандай ҳамкорлик қилиш ниятида экани ҳақида жуда кам маълумот берган. Бошқарув тузилмалари ташкил этиш ва АҚШ контингентини жойлаштириш бўйича аниқ режалар ҳозирча тақдим этилмаган.

Мексика: хавфсизлик баҳонасида суверенитетга босим

АҚШ-Мексика муносабатлари Трамп учун доим ички сиёсат билан боғлиқ бўлган. Наркотиклар, миграция, чегара – булар унинг ташқи сиёсат йўналишлари қаторида турибди.

2026 йилда эса бу риторика янги босқичга ўтди. АҚШ картелларга қарши кураш баҳонасида Мексика ҳудудида ҳарбий ҳаракатлар ўтказиши мумкинлигини очиқ айтди.

Ўз навбатида Мексика президенти Клаудия Шейнбаум ҳар қандай бир томонлама ҳарбий ҳаракатни рад этди. Шунингдек, суверенитет бузилишига йўл қўйилмаслигини билдиргани ҳолда, разведка ва полиция ҳамкорлигига тайёр эканини таъкидлади.

Айни пайтда Мексика икки ўт орасида қолган: бир томонда – АҚШ билан иқтисодий ва хавфсизлик алоқаларининг тақдири, иккинчи томонда – миллий мустақилликка таҳдид турибди.

Колумбия ва Лотин Америкаси: “Монро доктринаси”нинг замонавий талқини

Венесуэладаги воқеалардан сўнг Лотин Америкасида ҳам хавотирлар кучайди. Чунки АҚШ тарихан бу минтақани ўз таъсир ҳудуди деб билган.

Ҳозирги кунга келиб, АҚШ минтақада чап кучларни хавф деб баҳолай бошлади. Хитой ва Россиянинг иқтисодий кириб келишига қарши чоралар кучайди. Табиийки, хавфсизлик, наркотик ва миграция масалалари геосиёсий воситага айланди.

Колумбия, Панама, ҳатто Кариб ҳавзаси давлатлари АҚШ сиёсатида кейинги босим нуқталари сифатида тилга олина бошлади.

Умуман олганда, АҚШ аввалдан Шимолий ва Жанубий Американи ўз манфаатлари ҳудуди деб ҳисоблаб келган. Трамп бу доктринага янги жон ато этяпти холос. Давлат котиби Марко Рубио ҳам буни тақсдиқлаб, “биз Россия, Эрон ёки бошқа давлатларнинг бизнинг манффатлар ҳудудимиз бўлмиш Жанубий Америкага аралашишларига йўл қўя олмаймиз”, деб айтди.

Эрон: куч сиёсати ва муқобил реакция

Эронга нисбатан Трамп сиёсати қатъий ва кескин. Булар ядровий дастур бўйича босим, иқтисодий санкциялар, ҳарбий жавоб эҳтимоли ҳақида доимий ишоралар фонида кечмоқда. 2026 йил бошида Эрондаги ички норозиликлар фонида АҚШ яна қатъий баёнотлар берди. Ҳатто Трамп, агар шиа режими намойишчиларни ўлдиришда давом этса, вазиятга аралишиши мумкинлигини таъкидлади.

Трампнинг чақириқларига жавобан Эроннинг олий раҳбари Оятулло Али Ҳоманаий ташқи босимни “инқилобга қарши уриниш” деб атади. Шунингдек, Эрон мустақил қарорлардан қайтмаслигини билдирди, минтақадаги иттифоқчилар орқали таъсирни кучайтиришини ишора қилди. Бу зиддиятда АҚШ тўғридан-тўғри назорат ўрнатишни эмас, балки рақибни заифлаштиришни кўзлайди.

Ғазо сектори: билвосита назорат ва оқибатлар

Тан олиш керак, Ғазо сектори масаласида АҚШ бу ҳудудни эгаллашга интилмаяпти. Аммо Исроилга ҳарбий ва сиёсий қўллаб-қувватлаш, БМТ ва халқаро жараёнларда ўзига хос позиция ҳамда минтақавий иттифоқлар орқали таъсирга таянилмоқда. Натижада АҚШ сиёсати тинчлик жараёнларини қийинлаштирди, деб баҳоланмоқда.

Маълумки, ўтган йили Ғазо аҳолисини хорижий давлатларга кўчириб юбориш режаси иш бермагач, Трамп энди бу ҳудудни замонавий курорт зонага айлантириш таклифлари билан чиқмоқда. Аммо бунинг учун ҲАМАС қуролсизланиб, ҳокимиятдан кетиши, ҳудуд миналардан ҳамда вайроналардан тозаланиши талаб этилади. Бу ҳам, аслида замонавий назоратнинг яна бир кўриниши: ҳудуд эмас, қарор қабул қилиш муҳити устидан таъсир ўрнатишга интилиш тахмин қилинмоқда.

Канада: қўшни ва иттифоқчига нисбатан қаттиқ риторика

Канада АҚШнинг энг яқин иттифоқчиларидан бири. Аммо Трамп даврида ушбу икки давлат ўртасида савдо келишмовчиликлари, тарифлар таҳдиди, сиёсий ҳақоратли риторикалар янгради.

2026 йилга келиб Канадага нисбатан ҳудудий даъволар йўқ, аммо ишонч инқирози сақланиб қолмоқда. Канадаликлар учун бу – шунчаки ташқи сиёсат эмас, балки миллий ўзлик масаласи эканини унутмаслик фойдадан холи бўлмасди.

Халқаро реакция: қоида устунми ёки куч?

Доналд Трамп сиёсати жаҳонда қатор реакцияларни келтириб чиқарди. Жумладан, Европа – халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилмоқда. Кичик давлатлар – хавотирда қолган. Халқаро ташкилотлар – куч сиёсатига қарши чиқяпти. Айрим давлатлар АҚШга мослашиш йўлини танламоқда. БМТ эса ҳар доимгидек “чуқур ташвиш изҳор қилиш”дан нарёққа ўтмаяпти.

Аммо афсус билан тан олиш керакки, дунё аста-секин қоидалардан кучга асосланган тартибга ўта бошлади.

Хулоса: жаҳон янги давр остонасида

Трампнинг ташқи сиёсати – бу ҳали тўлиқ шаклланиб улгурмаган, аммо йўналиши аниқ бўлган стратегия дейиш мумкин. Бу стратегияда ҳудудларни эгаллаш шарт эмас. Асосий мақсад – қарор қабул қилиш устидан назорат ҳисобланади. Асосий восита эса куч, босим ва манфаатлардан иборат.

Шу боис, Путин Украинага бостириб кириб, Иккинчи жаҳон урушидан кейин эришилган халқаро келишувларни бузиб, “дипломатия эмас, куч ҳалқ қилади” деган хавфли прецедент яратгани ортидан, Доналд Трамп янги колониал даврни – дунё харитасидаги чегараларни қайта чизиб чиқиш даврини бошлаб бераётганга ўхшайди.

2026 йил – эҳтимол, янги геосиёсий даврнинг бошланиши сифатида тарихга кириши мумкин. Бу даврда ҳаммада битта умумий савол бор: дунё қоидаларга қайтадими ёки кучлиларнинг гапи қоида бўладими?

Жавоб эса ҳозирданоқ шаклланмоқда – уни Гренландия музларида, Мексика чегарасида, Ғаза харобаларида ва Яқин Шарқ саҳроларида кўрсангиз бўлади!

Абулфайз Сайидасқаров

© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid