Тошкентда ҳайдовчилардан ноқонуний пул ундириб келган жиноий гуруҳ аниқланди
"Бичок" лақабли шахс ва унинг шериклари Damas ҳайдовчисини уриб, калитни тортиб олишган, ундан 810 доллар маблағ ундиришган.

Тошкентда ҳайдовчилардан ноқонуний пул ундириб келган жиноий гуруҳ қўлга олинди.
Ички ишлар вазирлиги Тезкор қидирув департаменти ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан товламачилик билан шуғулланиб келган уюшган жиноий гуруҳлар фаолиятига чек қўйиш бўйича тадбирлар ўтказилди.
Тошкент вилоятида яшовчи фуқаронинг аризасига кўра, бир гуруҳ шахслар Тошкент вилоятидан Тошкент шаҳрининг Яшнобод тумани йўналишида такси хизматини кўрсатувчи ҳайдовчиларга таҳдид қилиб келишган. Улар ҳайдовчиларнинг ҳақ-ҳуқуқларини топтаб, ноқонуний равишда ўзбошимчалик билан "ойлик тўлов" жорий қилишган.
Тезкор тадбир давомида жиноий гуруҳ етакчиси — 1989 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, муқаддам уч марта судланган А.Ш. У. (лақаби "Бичок") ва унинг шериклари қўлга олинди.
Улар Damas русумли автомашина ҳайдовчисини уриб, тан жароҳати етказишган, ҳайдовчининг тирикчилик манбаи бўлган автомашина калитини зўрлик билан тортиб олишган. Ариза муаллифини ҳаёти ва соғлиғига зарар етказиш билан қўрқитиб, ундан икки ойлик тўлов сифатида 810 АҚШ долларини олишган.
Кейинги тўловларни тўлай олмаганлиги сабабли, унинг йўналишга чиқишини таъқиқлаб қўйишган.
Мазкур ҳолат юзасидан жиноий гуруҳ аъзоларига нисбатан Жиноят кодексининг 165-моддаси 2-қисми "в" банди (товламачилик) билан жиноят иши қўзғатилди.
Ушбу жиноий гуруҳ ҳаракатларидан азият чеккан фуқаролардан зудлик билан яқин атрофдаги ички ишлар бўлимларига ёки 102 қисқа рақамига қўнғироқ қилишларини сўралган.