BYD электромобиллар савдоси бўйича Teslaʼни ортда қолдирди
2025 йил бошида Илон Маскнинг сиёсий фаоллиги сабабли юзага келган норозиликлар ва йил охирида федерал электромобил солиқ имтиёзининг тугаши компанияга салбий таъсир кўрсатди.

Tesla савдоси 2022 йилдан бери энг паст даражага тушди.
2025 йил бошида Илон Маскнинг сиёсий фаоллиги сабабли юзага келган норозиликлар ва йил охирида федерал электромобил солиқ имтиёзининг тугаши компанияга салбий таъсир кўрсатди.
Tesla автомобиллари савдоси 2025 йилда кетма-кет иккинчи йил пасайиб, 2022 йилдан буён энг паст кўрсаткичга етди.
Компания автомобилларининг савдоси компания бош директори Илон Маск учун муҳим аҳамиятга эга. Чунки унинг сунъий интеллектга оид лойиҳаларини, жумладан, одамсимон роботлар ва автоном (ўз-ўзини бошқарувчи) автомобилларни молиялаштиришда у Тесладан келадиган маблағларга таяниши кутилётганди.
Янгиликларга кўра, компания йил якунлари бўйича етказиб бериш ҳажми 8,6 фоизга камайиб, 1,64 миллион донани ташкил этганини маълум қилди.
Хитойлик автомобиль ишлаб чиқарувчи BYD 2025 йилда илк бор тўлиқ йил якунида электромобиллар савдоси бўйича Teslaʼдан ўзиб кетди: BYD — 2,26 миллион дона, Tesla эса — 1,64 миллион дона электромобил сотди.
Йил давомида қайд этилган пасайиш йилнинг учинчи чорагида савдо кутилмаганда ўсганига қарамай юз берди. Сентябрь ойи охирида муддати тугаган федерал электромобил солиқ имтиёзидан фойдаланиш учун кўплаб америкаликлар шошилинч равишда Tesla электромобилларини харид қилган эди.
Ҳозирда етказиб бериш ҳажми 2023 йилдаги тарихий энг юқори кўрсаткичдан 9,5 фоизга камайган.
Тўртинчи чоракда етказиб бериш 418 227 донани ташкил этди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 15,6 фоизга кам бўлиб, Уолл-стритнинг прогнозидан (422 900 дона) паст чиқди. Шунингдек, бу Tesla учун 2022 йилдан бери энг ёмон тўртинчи чорак натижаси бўлди.
Илон Маск АҚШ президенти Доналд Трампнинг яқин маслаҳатчисига ва бюджетни қисқартириш билан шуғулланувчи DOGE жамоаси раҳбарига айлангач, айрим потенциал харидорлар Teslaʼдан воз кечди.
Маск сиёсий фаолияти сабаб компанияга маълум даражада салбий таъсир бўлганини тан олди ва охир-оқибат ҳукуматдан кетди.
Савдога таъсир қилаётган яна бир, сиёсатдан ташқари омил ҳам бор: Тесла автомобиллари эскириб бормоқда. Компаниянинг асосий моделлари дизайни деярли ўзгармаган, сўнгги пайтда тақдим этилган ягона янги модел эса тор бозор учун мўлжалланган Cybertruck бўлди.
Жума куни эрта савдоларда Тесла акциялари 0,7 фоизга ошди.
2026 йилда Teslaʼнинг автоном автомобиллар стратегияси қанчалик муваффақиятли бўлиши кўпчиликни қизиқтирмоқда.
Компания яқинда Техас штатининг Остин шаҳрида ўз-ўзини бошқарувчи автомобильлар хизматини ишга туширди ва бу йил давомида уни сезиларли даражада кенгайтиришни режалаштирмоқда.