Саида Мирзиёева интервьюси: Ўзбекистон ислоҳотларининг ички мантиғи ва инсон ҳаётини яхшилашга қаратилган давлат модели
Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёеванинг интервьюси Ўзбекистонда давлат бошқаруви тобора очиқ мулоқот, ошкора баҳолаш ва муаммоларни яширмасдан айтиш тамойилига таянаётганини кўрсатди. Platina.uz интервью ҳақида қисқача шарҳ тайёрлади.

Президенти администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Alter Ego лойиҳасига ўзининг илк катта интервьюсини берди. Бошловчи Кирилл Альтман билан мулоқотда у ҳокимият тизимидаги ўрни, отаси — президент Шавкат Мирзиёев билан муносабати, иш услуби, сўнгги тўққиз йил ичидаги ўзгаришлар ва давлат хизмати унинг учун нимани англатиши ҳақида очиқ гапирди.
Одатда бундай юқори мартабали давлат мулозимининг очиқ интервью бериши минтақада жуда кам учрайдиган ноёб воқеа ҳисобланади. Бундан англашиладики, Ўзбекистон раҳбарияти очиқлик сиёсатида тобора олдинга интилмоқда ва бу амалий ҳаракатлар билан ўз тасдиғини топмоқда.
Бу шунчаки юқори мансабдаги ҳукумат арбоби билан суҳбат эмас, балки Ўзбекистон қадам қўйган янги даврнинг ёрқин ифодасидир. Зийрак кузатувчига интервью мамлакатнинг бугуни ва истиқболини белгиловчи туб жараёнларни англаш имконини беради.
Суҳбатнинг дастлабки дақиқалариданоқ Саида Мирзиёева собиқ иттифоқдан кейинги давр бюрократик элитасининг анъанавий вакили эмас, балки ўз вазифаси ва масъулиятини чуқур англаган, очиқ мулоқотга тайёр раҳбар эканлиги аён бўлади.
Интервьюнинг энг муҳим тезисларидан бири сифатида “Мен – хизматчиман” деб аниқ ва расман айтилиши рамзий маънога эга. Бу гапни шов-шув ёки кўргазмали камтарлик учун айтилди деб бўлмайди. Бу – унинг шахсий дунёқарашининг асосидир.
Замонавий бошқарув маданияти вакили сифатида Саида Мирзиёева тизим, жамоалар, маълумотлар, назорат ва масъулият ҳақида халқаро етакчилар ва экспертлар ҳамжамиятлари тушунадиган тилда гапиради. Унинг нуқтаи назари кабинетда ўтириб шаклланмаган, балки бутун тизимни, ундаги чеклов ва сусткашликларни,шу билан бирга прогрессив ва ортга қаймас ислоҳотлар зарурлигига қатъий ишончни ҳам қамраб олади. Унинг барча фикрлари мантиқ, шахсий тажриба ва давлат бошқаруви жараёнларининг мураккаблигини чуқур англашга асосланган.
Президент билан бажарилаётган миссия ҳақида суҳбат
Шахсий фаолияти ҳақидаги самимий фикрларга бой бўлишига қарамай, бу интервью фақат Саида Мирзиёева ҳақида эмас. Суҳбат кўпроқ Президент Шавкат Мирзиёев билан бажарилаётган миссия, мамлакат етакчиси билан ҳар куни биргаликда тизимли фаолият олиб бориш ҳақида.
Саида Мирзиёева кўп йиллар давомида Президент билан елкама-елка ишлаб, ислоҳотлар жараёнини ичкаридан туриб кузатгани ва унда иштирок этганига алоҳида урғу берди. Интервьюнинг катта қисми Шавкат Мирзиёевнинг раҳбарлик услубига бағишлан. Унинг тизимни чуқур билиши, талабчанглиги, масъулиятни ўз зиммасига олиши ва ислоҳотларда инсон манфаатларига устуворлик бериши (минтақада кам учрайдиган ҳолат) таъкидланган.
“Аслида, мана тўққиз йилдирки, мен ҳар куни эрталабдан кечгача у киши билан елкама-елкаман. Менинг шахсий ҳаётим йўқ ҳисоби. Куним администрацияда бошланади, иш тугаши билан эса уйга югураман. Дадам билан баъзан бирга қайтамиз. Баъзида эса мен уйга шошиламан, ҳамма неваралари бобосини кутиб олиши учун болаларни йиғаман”, дейди у.
Қизиғи шундаки, у Президент ҳақида гапирганда фаолиятини мақташ учун эмас, балки тўлиқ бошқарув услуби нуқтаи назаридан сўзлайди. Ўзбекистон етакчиси давлат тизимининг барча даражаларида фаолият юритгани ва нафақат эски моделни замон талабларига мослаштира олгани, балки уни демонтаж қилишни бошлаб, ривожланишни янги босқичга олиб чиқишга эриша олгани айтиб ўтилади.
Саида Мирзиёева янги сиёсатнинг асосий туб бурилишига тўхталиб ўтди: “У пахта қуллигига чек қўйди”. Интервьюдаги бу лаҳза сиёсий ирода, қаршилик кўрсатишга тайёрлик ва стратегик қарашни талаб қилган ўтмиш билан алоқани узиш рамзи сифатида янгради.
Суҳбат давомида Президент шахси абстракт ислоҳотчи сифатида эмас, балки босқичма-босқич ва принципиал ўзгаришларни амалга оширадиган архитектор сифатида очилади. У ўз миссиясини мамлакат ва ҳар бир фуқарога хизмат қилишда кўради. Ислоҳотлар фақатгина аниқ одамларнинг ҳаётини тўғридан-тўғри яхшилаган тақдирдагина маънога эга бўлишига ишонч Шавкат Мирзиёев сиёсатининг асосий мотиви сифатида хизмат қилади.
Бу контекстда Саида Мирзиёеванинг “Президент учун ҳар бир ҳаёт, ҳар бир шахс муҳим” деган фикри мантиқан жуда ўринли. Бу тезис суҳбат давомида экологик ва таълим мавзуларидан тортиб иқтисодиёт ва ижтимоий сиёсатгача узлуксиз акс этади. Мазкур ғоя Президент Мирзиёевнинг реформаторлик сиёасти пойдеворини шакллантиради ва ислоҳотларнинг бош мақсади инсонга қаратилганини кўрсатади.
Суҳбатда Ўзбекистон ҳозирда фаол ва онгли трансформация жараёнида бўлиб, иқтисодий, ижтимоий ва институционал эркинлашув жараёнларининг суръати ва чуқурлиги бўйича минтақадаги етакчилардан бирига айланаётгани аниқ қайд этилган.
Cуҳбат давомида ресурслар, инфратузилма ва ўтмишдан қолган мураккаб мерос каби чекловлар очиқ эътироф қилинади. Ана шу жиҳат суҳбатнинг ишончлилилигини ошириб, ислоҳотлар фақат ғалабалар занжиридан иборат эмаслиги, узоқ ва мураккаб жараён эканлигини кўрсатади.
Умуман олганда, интервью шунчаки навбатдаги янгилик яратиш учун ташкил этилмаган. Бу Марказий Осиёда ислоҳотлар нафақат иқтисодий ҳисоб-китобларга, балки ҳукуматнинг жамият олдидаги масъулиятини чуқур тушунишга ҳам асосланган янги, замонавий бошқарув модели пайдо бўлаётганини ифодалайди.
Саида Мирзиёеванинг образида шахсий позиция, Президент ёнидаги онгли миссия ва давлатнинг стратегик мақсадлари ягона нуқтада бирлашиб, келажакка нисбатан қатъий тасаввур хосил қилганини кўриш мумкин. Бу ўз келажагини онгли ва изчил равишда қураётган Ўзбекистоннинг суръатидир.
Интервью ҳақида Саида Мирзиёева ўзининг фикрларини ҳам ёзиб қолдирди:
“Суҳбат давомида шахсий ҳаётим ва ижтимоий-сиёсий фаолиятимга оид долзарб ҳамда жамоатчиликни қизиқтирган саволларга жавоб беришга ҳаракат қилдим.
Ишонаманки, бундай учрашувлар оммавий ахборот воситалари билан очиқ ва самарали мулоқот маданиятини янада ривожлантиришга хизмат қилади”, деди Саида Шавкатовна.