Шавкат Мирзиёев Нурсултон Назарбоев ва Гурбангули Бердимуҳамедовлар билан суҳбатлашди
Етакчилар бир-бирларини яқинлашиб келаётган Янги йил байрами билан самимий табриклаб, қардош халқларга тинчлик, фаровонлик ва равнақ тиладилар.

29 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедовнинг телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди.
Суҳбат аввалида етакчилар бир-бирларини яқинлашиб келаётган Янги йил байрами билан самимий табриклаб, икки мамлакатнинг қардош халқларига тинчлик, фаровонлик ва равнақ тиладилар. Давлатимиз раҳбари Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедовга ҳам самимий саломини йўллади.
Ўзбекистон – Туркманистон дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини олий даражада эришилган келишувлар доирасида янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
Барча даражалардаги мулоқотлар фаол давом этаётгани мамнуният билан қайд этилди. Ўзаро товар айирбошлаш ва юк ташиш ҳажми жадал ўсиб бормоқда. Энергетика, саноат, қишлоқ ва сув хўжалиги, транспорт соҳаларида ҳамкорлик кенгаймоқда. “Шовот-Тошҳовуз” чегараолди савдо зонаси ишга туширилди. Ҳудудлараро, ишбилармонлик, маданий-гуманитар алмашинувлар фаоллашди.
Минтақавий ҳамкорликнинг асосий масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Давлатимиз раҳбари Авазада йирик саммитлар, Ашхободда Туркманистон бетарафлигининг 30 йиллиги ҳамда “Халқаро тинчлик ва ишонч йили” муносабати билан ташкил этилган форум муваффақиятли ўтказилганини алоҳида таъкидлади.
Келгуси йилда бўлажак учрашувлар режаси кўриб чиқилди, халқаро ва минтақавий тадбирларни биргаликда ўтказишни давом эттиришга келишиб олинди.
Шавкат Мирзиёев 29 декабр куни Қозоғистон Республикаси биринчи Президенти Нурсултон Назарбоев билан телефон орқали мулоқот қилди.
Суҳбат аввалида мамлакатимиз етакчиси ва Қозоғистоннинг биринчи Президенти яқинлашиб келаётган Янги йил байрами муносабати билан бир-бирларини самимий қутлаб, қардош мамлакатларимиз халқларига тинчлик, барқарорлик ва равнақ тилакларини изҳор этдилар.
Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари юксак даражага чиққани, шунингдек, кўп қиррали ҳамкорлик барча устувор соҳаларда изчил ривожланаётгани алоҳида мамнуният билан қайд этилди.