Қумқўрғон ва Олтинсой туманларига ҳоким тайинланди
Шу кунгача Қумқўрғон тумани ҳокими сифатида фаолият юритиб келган Анвар Нормаматов бошқа ишга ўтиши муносабати билан лавозимидан озод этилган.

Қумқўрғон туманига янги ҳоким тайинланди.
Бугун Халқ депутатлари Қумқўрғон тумани Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди.
Сессияда ташкилий масала кўриб чиқилди. Шу кунгача Қумқўрғон тумани ҳокими лавозимида фаолият юритиб келган Анвар Нормаматов бошқа ишга ўтиши муносабати билан лавозимидан озод этилгани маълум қилинди.
Вилоят ҳокими томонидан туман ҳокими лавозимига Холиқов Фаррух Омонович номзоди таклиф этилди. Мазкур номзод Халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлари томонидан маъқулланди. Фаррух Холиқов Миллий кадрлар захирасидан тавсия этилган.
Маълумот учун, Фаррух Холиқов 1985 йилда Қашқадарё вилояти Китоб туманида туғилган. У 2009 йилда Тошкент давлат юридик институтини, 2016 йилда Бош прокуратура олий ўқув курсини ҳуқуқшунослик мутахассислиги бўйича тамомлаган.
Меҳнат фаолияти давомида прокуратура органларида турли лавозимларда, жумладан, Узун ва Шўрчи туманлари прокурори сифатида ишлаган. Тайинловга қадар Денов тумани прокурори лавозимида фаолият юритиб келган.
Шунингдек, Олтинсой туманига янги ҳоким тайинланди.
Бугун Халқ депутатлари Олтинсой тумани Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди.
Сессия давомида ташкилий масала кўриб чиқилди. Шу кунгача Олтинсой тумани ҳокими лавозимида фаолият юритиб келган Бахром Махматраимов бошқа ишга ўтиши муносабати билан лавозимидан озод этилгани маълум қилинди.
Вилоят раҳбари туман ҳокими лавозимига Миллий кадрлар захирасидан тавсия этилган Мавлянов Отабек Рустамович номзодини таклиф этди. Мазкур номзод Халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлари томонидан маъқулланди.
Маълумот учун, Отабек Мавлянов 1980 йилда Термиз туманида туғилган. 2001 йилда Термиз давлат университетини молия йўналиши бўйича тамомлаган.
Меҳнат фаолияти давомида маҳаллий ҳокимликлар ҳамда Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари маркази тизимида турли лавозимларда фаолият юритган. Жумладан, Термиз тумани ҳокимининг ўринбосари, вилоят Инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси бошлиғининг ўринбосари лавозимларида ишлаган. Тайинловга қадар эса Сурхондарё вилояти Инвестициялар, саноат ва ташқи савдо бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари лавозимида фаолият олиб борган.