Қумқўрғон собиқ ҳокими Денов туманига раҳбарлик қилади
Ўктам Саломов эса Президент қарори билан олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг ўринбосари этиб тайинланди.

Денов туманига янги ҳоким тайинланди.
Бугун Халқ депутатлари Денов тумани Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди.
Президент раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида Денов тумани ҳокими лавозимида ишлаб келган Илҳом Аброров вазифасидан озод этилгани таъкидланди.
Вилоят раҳбари депутатлар эътиборига Денов тумани ҳокими лавозимига Нормаматов Анвар Маматович номзодини таклиф этди. Мазкур номзод Халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлари томонидан маъқулланди.
Маълумот учун, Анвар Нормаматов 1981 йилда Ангор туманида туғилган. 2003 йилда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги академиясини ҳуқуқшунослик йўналиши бўйича тамомлаган.
Меҳнат фаолияти давомида Ички ишлар органларида турли масъул лавозимларда хизмат қилган. Жумладан, Сариосиё, Узун ва Қизириқ туманлари ҳамда Термиз шаҳар Ички ишлар бўлимларида бошлиқ, Сурхондарё вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ўринбосари лавозимларида ишлаган. Тайинловга қадар эса Қумқўрғон тумани ҳокими лавозимида фаолият олиб борган.
Президент қарори билан Саломов Ўктам Раҳимович олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг ўринбосари этиб тайинланди.
Ўктам Саломов 1977 йил Бухоро вилоятида туғилган. Физика фанлар доктори.
Физик-олим Андижон машинасозлик институти ва Турин политехника университетларида ректор, ҳамда олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари каби лавозимларда самарали меҳнат қилган.
Тайинловга қадар Фарғона давлат техника университети ректори лавозимида фаолият юритган.