Контент маркази вакиллари фахрий журналистларни йўқлади
Учрашувлар давомида фахрийлар билан самимий мулоқот ҳам бўлиб ўтди.

Бугун Оммавий ахборот воситалари учун контент тайёрлаш маркази вакиллари ўзбек журналистикаси ривожига муносиб ҳисса қўшган, соҳада узоқ йиллар самарали фаолият юритган фахрийлар ҳолидан хабар олди.
"Оммавий ахборот воситалари ходимлари, журналистлар ва соҳа фахрийлари доимо Президент эътиборида. Шунинг учун уларнинг меҳнатини муносиб қадрлаш, ижтимоий мавқеини мустаҳкамлаш ҳамда касбий фаолияти учун зарур шарт-шароитлар яратиш давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади", дейилади хабарда.
Учрашувлар давомида фахрийлар билан самимий мулоқот бўлиб ўтди. Унда уларнинг бой тажрибаси, касбий фаолияти давомида орттирган сабоқлари ва ёш авлод журналистларини қўллаб-қувватлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ўз умрини сўз ва ҳақиқатга, жамият манфаатларига хизмат қилишга бағишлаган устоз журналистларни эъзозлаш ва қўллаб-қувватлаш бундан буён ҳам изчил давом эттирилади.