Тайван атрофида кескинлик: Хитой йирик ҳарбий машғулотларни бошлади
Сўнгги 24 соат ичида Хитойнинг икки ҳарбий самолёти ва 11 та кемаси орол атрофида қайд этилган, Тайван армияси эса юқори огоҳлик ҳолатида туриб, тезкор тайёргарлик машқларини ўтказган.

Хитойнинг навбатдаги йирик ҳарбий машғулотлари Тайван атрофида кескинликни янада кучайтирди.
Бу машғулотлар 2022 йилдан бери Хитой томонидан ўтказилаётган олтинчи йирик ҳарбий машғулот бўлиб, улар Нэнси Пелоси Тайванга ташриф буюрганидан кейин бошланган.
Тайван хавфсизлик хизмати юқори мартабали расмийсининг айтишича, орол атрофида ўнлаб Хитой ҳарбий кемалари ва самолётлари фаолият олиб бормоқда, баъзилари атайлаб Тайваннинг қирғоққа яқин, қуруқликдан 24 денгиз мили масофадаги ҳудудига яқинлашмоқда.
Бу машғулотлар 2022 йилдан бери Хитой томонидан ўтказилаётган олтинчи йирик ҳарбий машғулот бўлиб, АҚШ Конгресси Вакиллар палатасининг собиқ спикери Нэнси Пелоси Тайванга ташриф буюрганидан кейин бошланган кескинлик фонида давом этмоқда. Шунингдек, Япония бош вазири Санаэ Такаити агар Хитой Тайванга ҳужум қилса, Токиодан ҳарбий жавоб бўлиши мумкинлигини айтганидан сўнг Пекиннинг ҳудудий даъволари бўйича риторикаси ҳам кучайди.
Машғулотлар АҚШнинг Тайванга 11,1 миллиард долларлик қурол-яроғ сотувини эълон қилганидан 11 кун ўтиб бошланди. Бу орол учун тарихдаги энг катта қурол-яроғ пакети бўлиб, Хитой Мудофаа вазирлиги томонидан кескин норозиликка сабаб бўлди ва "қаттиқ чоралар" кўрилиши ҳақида огоҳлантирилди.
Таҳлилчиларнинг таъкидлашича, Пекиннинг одатий ҳарбий тайёргарлик машғулотлари билан реал ҳужум ўртасидаги фарқни ажратиш қийин. Бу эса АҚШ ва унинг иттифоқчиларига деярли огоҳлантиришсиз ҳужум бошлаш имконини бериши мумкин.
"Бу машғулотлар Тайван мустақиллиги тарафдорлари ва ташқи аралашув кучларига жиддий огоҳлантиришдир", деди Шарқий ҳарбий округ вакили Ши И.
Тайван ҳукумати машғулотларни қоралади. Мудофаа вазирлиги Facebook саҳифасида Тайван армиясининг турли қуроллари, жумладан АҚШда ишлаб чиқарилган HIMARS узоқ масофали ракета тизимини намойиш этувчи видео жойлади. Бу тизим зарур ҳолатда Тайван бўғози нариги томонидаги Хитойнинг Фуцзянь провинциясидаги нишонларни уриши мумкин.
Тайван соҳил қўриқлаш хизмати Хитой соҳил қўриқлаш кучларининг фаолияти ортидан йирик кемалар жўнатилганини, денгиз йўллари ва балиқчилик ҳудудларига зарар етказмаслик учун Тайван армияси билан ҳамкорлик қилаётганини билдирди.
Авиация бошқармаси эса Хитой 30 декабр куни режалаштирилган ўқ отиш машқлари учун Тайван ҳаво ҳудудида 10 соатлик «вақтинчалик хавфли зона» эълон қилганини ва парвозларни альтернатив йўналишларга йўналтириш устида ишлаётганини маълум қилди.
Тайван Мудофаа вазирлигининг сўзларига кўра, сўнгги 24 соат ичида Хитойнинг икки ҳарбий самолёти ва 11 та кемаси орол атрофида фаолият юритган, Тайван армияси эса юқори огоҳлик ҳолатида туриб, тезкор тайёргарлик машқларини ўтказмоқда. Бу машқлар Хитой машғулотни тўсатдан реал ҳужумга айлантириши эҳтимолига тайёргарлик сифатида баҳоланмоқда.
"Қуролли кучларимизнинг барча аъзолари ҳушёрликни сақлайди, демократия ва эркинлик қадриятларини ҳимоя қилиш учун қатъий чоралар кўради", дейилади вазирлик баёнотида.
Ҳарбий кескинликка қарамай, Тайван фонд бозори барқарор бўлиб қолди, савдо эрталабки сессияда 0,8 фоизга ўсиб, рекорд даражага етди.
Тайван Хитойнинг "Тайван Хитойга тегишли" деган даъвосини рад этиб, орол тақдирини фақат Тайван аҳолиси ҳал қилиши мумкинлигини таъкидлаб келмоқда.