Россия Эроннинг уч сунъий йўлдошини орбитага учирди
Бу июлдан бери амалга оширилаётган иккинчи шундай учириш бўлиб, икки давлат ўртасидаги стратегик ҳамкорликнинг кучаяётганидан дарак беради.

Россия "Восточний" космодромидан Эроннинг "Paya", "Kovsar" ва "Zafar-2" сунъий йўлдошларини 500 километр баландликдаги орбитага муваффақиятли жойлаштирди.
Бу июлдан бери амалга оширилаётган иккинчи шундай учириш бўлиб, икки давлат ўртасидаги стратегик ҳамкорликнинг кучаяётганидан дарак беради.
Хабарга кўра, Россия ракетаси Шарқий Россиядаги "Восточний" космодромидан сунъий йўлдошларни учириб, уларни Ер атрофида 500 километр баландликдаги орбитага жойлаштирган. Ушбу учта сунъий йўлдош "Paya"," Kovsar" ва "Zafar-2" деб номланган.
Ҳисоботга кўра, оғирлиги 150 килограмм бўлган "Paya" сунъий йўлдоши ҳозирга қадар Эрон орбитага чиқарган энг оғир сунъий йўлдош ҳисобланади. "Kovsar" 35 килограмм, "Zafar-2" нинг оғирлиги эса ҳисоботда кўрсатилмаган.
Сунъий йўлдошлар 3 метрга қадар аниқликдаги суратларни олиш имкониятига эга бўлиб, улар сув ресурсларини бошқариш, қишлоқ хўжалиги ва атроф-муҳитни назорат қилишда қўлланилиши мумкин. Уларнинг хизмат муддати беш йилгача деб баҳоланмоқда.
Россия вақти-вақти билан Эрон сунъий йўлдошларини орбитага чиқариб туради, бу икки давлат ўртасидаги кучли алоқаларни намойиш этади. Июль ойида ҳам Россия ракетаси Эроннинг "Nahid-2" алоқа сунъий йўлдошини орбитага чиқарган эди.
Россия январ ойида Эрон билан стратегик шериклик шартномасини имзолаган эди ва июнь ойида 12 кун давом этган ҳаво уруши чоғида Исроил ҳамда АҚШ томонидан Эронга қаратилган ҳужумларни кескин қоралаган эди. Ушбу ҳужумларда қарийб 1100 эронлик ҳалок бўлган. Жавоб тариқасида Эрон томонидан уюштирилган ракета зарбалари оқибатида Исроилда 28 киши ҳалок бўлди.
Узоқ муддатли лойиҳа сифатида Эрон вақти-вақти билан ўз сунъий йўлдош ташувчиларини учириб, сунъий йўлдошларини космосга чиқариб келади.
АҚШ эса Эроннинг сунъий йўлдош учиришларини БМТ Хавфсизлик Кенгаши резолюциясига зид деб ҳисоблаб, ядро қуролини етказиб бера оладиган баллистик ракеталар билан боғлиқ ҳар қандай фаолиятдан тийилиш кераклигини айтган. Эроннинг баллистик ракета дастурига доир БМТ санкциялари 2023 йилда муддати тугаган.