Poytaxt parking хизмат кўрсатиш бўйича устун музокара кучига эга деб топилди
Ушбу ташкилотга товар ёки молия бозорига бошқа хўжалик юритувчи субъектларнинг кириши учун тўсиқлар яратиш тақиқланади.

Poytaxt parking хизматларни кўрсатиш бўйича устун музокара кучига эга деб эътироф этилди.
Бу Рақобат қўмитаси томонидан олиб борилган ўрганиш натижаларига кўра хулоса қилинган.
Жорий йилнинг 22 декабр кунидан эътиборан ”Streetpark Systems” МЧЖ (Poytaxt parking) умумий фойдаланишдаги автомобил йўлларида жойлашган пулли тўхтаб туриш жойларидан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи хизматларни кўрсатиш бўйича устун музокара кучига эга деб эътироф этилди.
Эслатиб ўтамиз, "Рақобат тўғрисидаги" Қонуннинг 18-моддасига мувофиқ устун музокара кучига эга деб эътироф этилган хўжалик юритувчи субъектларнинг пировард натижада рақобатни чеклашга ва (ёки) истеъмолчиларнинг, бошқа хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини камситишга олиб келадиган ҳаракатлари, шу жумладан қуйидаги ҳаракатлари тақиқланади:
-товарларнинг муомаласи ҳажмини товар ёки молия бозорида тақчилликни келтириб чиқариш ёки сақлаб туриш мақсадида нархларнинг ошишига ва (ёки) истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига зарар етказилишига олиб келадиган тарзда қисқартириш;
-истеъмолчиларнинг зарур ҳажмдаги товарни ва лозим даражадаги сифатли товарни олишга бўлган ҳуқуқлари камситилишига йўл қўйиш;
-шартнома предметига тааллуқли бўлмаган шартларни, шу жумладан молиявий маблағларни, бошқа мол-мулкни, мулкий ҳуқуқларни ўзга шахсга ўтказишга доир асоссиз талабларни мажбуран қабул қилдириш;
-товарни реализация қилишда ёки олишда камситувчи шарт-шароитларни белгилаш, шу жумладан товардан фойдаланиш шартларини мажбуран қабул қилдириш;
-шартнома тузишга фақат контрагент томонидан бошқа товарни олиш ёки реализация қилиш ёхуд контрагентнинг товарни ўзга хўжалик юритувчи субъектлардан олишдан ёки бошқа хўжалик юритувчи субъектларга реализация қилишдан ўзини тийиши шарти билан розилик бериш;
-тегишли товарни ишлаб чиқариш ёки реализация қилиш имконияти бўла туриб, шартнома тузишни асоссиз равишда рад этиш;
-товар ёки молия бозорига бошқа хўжалик юритувчи субъектларнинг кириши учун тўсиқлар яратиш;
-нархларни давлат томонидан тартибга солиш қўлланиладиган товарлар учун белгиланган нархдан ортиқ ҳақ олиш ёки нархларни давлат томонидан тартибга солиш тартибини бузиш, шунингдек кўрсатилмаган хизматлар ёки бепул кўрсатилиши керак бўлган хизматлар учун ҳақ олиш;
-бошқа хўжалик юритувчи субъектлар (рақобатчилар) томонидан ишлаб чиқарилган товарларни олишни ёки реализация қилишни тақиқлаш ёхуд чеклаш.
Аввалроқ пойтахт ҳокимлиги "резидентлар рухсатномаси"га изоҳ берганди.
Кўп қаватли уйлар оралиғи, ҳовлилар ва тўхтаб туриш тақиқланмаган бошқа бепул ҳудудларда автомобил сақлаш учун ҳеч қандай тўлов ёки рухсатнома талаб қилинмайди.