Қорақалпоғистонда солиқ бошқармаси ходимлари ушланди
Улар гўёки 213 млн сўмлик солиқ қонунчилиги бузилганини айтиб, суммани камайтириб беришни ваъда қилишган.

Тадбиркорга нисбатан тамагирлик қилганлар қўлга олинди.
Қорақалпоғистон Республикаси Солиқ бошқармасининг 2 нафар бош инспектори Нукус шаҳрида озиқ-овқат маҳсулотлари чакана савдоси билан шуғулланувчи масъулияти чекланган жамият фаолиятини текшириш давомида, гўёки 213 млн сўмлик солиқ қонунчилиги бузилгани аниқланганлигини айтган. Ушбу суммани 34 млн сўмгача камайтириб бериш эвазига МЧЖ раҳбаридан 2 минг АҚШ доллари талаб қилишади.
Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, бош инспекторлар тамагирлик йўли билан 700 АҚШ доллари ва 15 млн сўм пул маблағини ўртада воситачилик қилган собиқ солиқ идораси ходими орқали олган вақтларида уларнинг ноқонуний ҳаракатларига чек қўйилди.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан учала шахсга нисбатан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.