platina.uz
Жамият

Юртимизда технологик тараққиёт ва космик марралар сари қадам ташланмоқда

Тошкент шаҳри, Бухоро, Фарғона ва Тошкент вилоятида 4 та “Дата марказ” ва 2 та супер-компютер ишга туширилади. Бундан ташқари, 15 та олийгоҳда сунъий интеллект лабораториялари фаолияти йўлга қўйилади. 

Юртимизда технологик тараққиёт ва космик марралар сари қадам ташланмоқда

Замонавий дунёда иқтисодий рақобат ҳар қачонгидан ҳам кескин тус олмоқда ва бугун фақатгина юқори қўшилган қийматли маҳсулот ишлаб чиқарадиган давлатларгина жаҳон бозорида мустаҳкам ўрин эгалламоқда.

Шу боис, бизнинг пировард мақсадимиз миллий иқтисодиётни тўлиқ технологик ва инновацион ўсиш моделига ўтказишдан иборат дейиш мумкин.

Бу йўналишда бошланган амалий ишлар аллақачон ўз натижасини бера бошлади. Масалан, саноат тармоқларида юқори технологик ва энергия тежовчи тизимларнинг жорий этилиши натижасида, жорий йилда 1 долларлик маҳсулот учун сарфланадиган энергия миқдори 13 фоизга камайди. Биргина шу тежамкорлик ва самарадорлик ҳисобига иқтисодиётимизда қўшимча 1 миллиард долларлик қўшилган қиймат пайдо бўлди. Бундай ютуқлар бизни янада катта марралар сари илҳомлантириб, рақамли ва космик келажак сари дадил қадам ташлашга ундамоқда.

Бугунги тараққиётимизнинг янги босқичида иқтисодиётни рақамлаштириш ва юқори технологияларни жорий этиш орқали жаҳон бозорида муносиб ўрин эгаллашга интилмоқдамиз. Эндиликда мамлакатимиз рақамли трансформация жараёнини миллий стратегик мақсадларнинг энг муҳим йўналиши сифатида белгилаб олди.

Президентимизнинг Олий Мажлис ва халқимизга мурожаатномасида қайд этилганидек биз 2030 йилга бориб, Ай-Ти хизматлари экспортини 5 миллиард долларга етказиш бўйича катта марра олганмиз. Эътиборли жиҳати шундаки, жорий йилда бу кўрсаткич илк бор 1 миллиард долларга етди ва бу ютуқ соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг дастлабки “ҳосили”дир.

Жаҳон бозорида рақобатбардошликни ошириш мақсадида Рақамли технологиялар халқаро маркази ташкил этилгани, шунингдек Ай-Ти инфратузилмасига инвестиция киритиш учун тадбиркорларга қатор имтиёзлар берилгани соҳага хорижий сармоя ва илғор тажрибанинг кириб келишига хизмат қилмоқда.

Келгуси йилда технологик қувватимизни янада ошириш мақсадида Тошкент шаҳри, Бухоро, Фарғона ва Тошкент вилоятида 4 та “Дата марказ” ва 2 та супер-компьютер ишга туширилади. Бундан ташқари, 15 та олийгоҳда сунъий интеллект лабораториялари фаолияти йўлга қўйилиши илм ва амалиёт уйғунлигини таъминлайди.

Ушбу инфратузилма тиббиёт, транспорт, қишлоқ хўжалиги, геология, банк-молия ва жамоат хавфсизлиги каби муҳим соҳаларда 100 дан ортиқ сунъий интеллект лойиҳаларини амалга оширишга хизмат қилади. Бу эса давлат бошқаруви ва хизмат кўрсатиш сифатини мутлақо янги босқичга олиб чиқишда муҳим ўрин тутади.

Давлат раҳбаримиз аниқ рақамларга таянган ҳолда таъкидлаганидек: “Қаерда янги технология ва юқори малакали касб эгалари бўлса, ўша тармоқда ўсиш, ривожланиш бўлмоқда. Шу боис, 2030 йилга қадар ялпи ички маҳсулот ҳажмини 240 миллиард доллардан ошириш учун энг тўғри йўл – барча соҳаларни технологик ва инновацион ўсиш моделига ўтказишдир!”

Бугун минглаб иқтидорли ёшларимиз Ай-Ти ва сунъий интеллект бўйича изланиш олиб бормоқда. Уларнинг квант технологиялари, дронлар ва робототехника каби йўналишлардаги конструкторлик лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш учун махсус “Рақамли технологиялар маркази” (R&D) ташкил этилади. Осиё тараққиёт банки ушбу ташаббусни маъқуллаб, 200 миллион доллар ажратишга тайёрлигини билдирди.

Сунъий интеллект билан ҳамоҳанг равишда космик соҳадаги тадқиқотларни ривожлантириш ва йўлдошли алоқа технологияларини жорий этиш бўйича ҳам катта қадамлар ташланмоқда. 2028 йилда Самарқандда “Халқаро астронавтика конгресси”нинг ўтказилиши Ўзбекистоннинг бу борадаги амалий ҳаракатлари халқаро миқёсда эътироф этилаётганидан далолат беради.

Мамлакатимиз тарихида илк бор космик соҳада сунъий йўлдош учириш ва Ўзбекистон фуқароси бўлган биринчи ўзбек космонавтини фазога йўллаш бўйича ишлар бошланди. Бу тарихий қадам миллий ғуруримизни юксалтириш билан бирга, илм-фаннинг энг мураккаб соҳаларини эгаллашга бўлган мақсадларимизни ифодалайди.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, мазкур технологик ва космик лойиҳалар Ўзбекистонимизнинг илмий ва инновацион салоҳиятини янги томондан намойиш этади. Бу ижобий жараёнлар нафақат иқтисодий ўсишга, балки миллий тараққиётимизни фаол ва ривожланган босқичга олиб чиқишга хизмат қилиши кутилмоқда.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid