platina.uz
Иқтисод

Ўзбекистонда пулини нақд кўринишда уйда сақловчилар улуши камайди

2021 йилда уй хўжаликларининг 41 фоизида банк картаси бўлмаган. 2025 йилга келиб бу кўрсаткич 15 фоизгача қисқарди.

Ўзбекистонда пулини нақд кўринишда уйда сақловчилар улуши камайди

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти экспертлари томонидан Ўзбекистонда молиявий инклюзиянинг тенденциялари ва асосий йўналишлари таҳлил қилинди.

Молиявий инклюзия - бу аҳолининг барча қатламларини сифатли ва ҳаммабоп молиявий хизматлар билан таъминлаш.

2024 йил ҳолатига кўра, дунё аҳолисининг 79 фоизи ўзининг банк ҳисоб рақамига эга. Жумладан, 2021-2024 йиллар оралиғида молиявий ҳисобга эга аҳоли сони 5 фоиз бандга, ўрта ва паст даромадли мамлакатларда эса 6 фоиз бандга ошган. Global Findex (2025) ҳисоботига кўра, 2024 йилда ўрта ва паст даромадли мамлакатларда аҳолининг 40 фоизи (ўсиш 2021-йилдагига нисбатан 16 фоиз) ўз маблағларини банк ва молиявий ташкилотларда сақлаган.

Таҳлилда Жаҳон банки томонидан 2018 йил сентябрдан 2025 йил июн ойигача ўтказилган ва “Ўзбекистон фуқаролари фикрини ўрганиш сўровномаси” (Listening to the Citizens of Uzbekistan – L2CU) деб номланган сўров натижаларидан фойдаланилди. Сўров ҳар ойда тахминан 1503 та уй хўжалигидан олинган (жами 121 618 та кузатув) ижтимоий ва иқтисодий маълумотларни ўз ичига қамраб олади.

МҲТИ мутахассисларининг таҳлили чоғида қуйидагилар аниқланди:

2018 йилда респондентларнинг 97,7 фоизи ўз маблағларини нақд пул кўринишида уйда сақлашни маъқул кўрган бўлса, 2025 йилда ушбу кўрсаткич 92,7 фоизгача қисқарган.

2018-2025 йиллар мобайнида банк ҳисобварақларидан фойдаланиш даражаси 4,2 фоиз бандга ва муддатли депозитлар шаклида сақлаш 3 фоиз бандга, ўз навбатида респондентлар улуши мос равишда 6 баробар ва 3 баробарга ошган. Бу эса аҳолининг молиявий саводхонлиги ортиб бораётгани ва банк тизимига ишончи мустаҳкамланаётганини англатади.

2021 йилда уй хўжаликларининг 41 фоизида банк картаси бўлмаган. 2025 йилга келиб, пластик карталар ижтимоий нафақалар, давлат тўловлари, иш ҳақи, пул ўтказмалари учун асосий каналга айланиб, бу кўрсаткич 15 фоизгача қисқарди. Жумладан, 2021-йилнинг II чорагида сўровда қатнашган уй хўжаликларининг 57 фоизи банк картасига эга эканлигини билдирган бўлса, 2025-йилнинг II чорагига келиб, уларнинг улуши 85 фоиз атрофида шаклланди. Ушбу даврда (2021–2025) савдо ва хизмат кўрсатиш нуқталарида терминал инфратузилмасининг яхшиланиши, UzCard ва Humo тизимларининг кенгайиши, шунингдек, иш ҳақи ва пенсия тўловларининг босқичма-босқич банк карталарига ўтказилиши молиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириб, банк карталарининг оммалашуви ва молиявий инклюзия даражасининг сезиларли ошишига олиб келди.

2021-йилдан 2025-йилга қадар бўлган даврда респондентларнинг камида 92 фоизи сўнгги 30 кунда банк картасига маблағ тушганини ва камида 91 фоизи банк картаси орқали харид қилганини таъкидлаган. Қолаверса, 2021-йил май ойида респондентларнинг қарийб 81 фоизи сўнгги 30 кун ичида банк картаси орқали банкоматдан нақд пул олганини билдирган бўлса, 2025-йилнинг биринчи ярмида бу улуш 95 фоизга етган, яъни банкоматлардан фойдаланиш даражаси сезиларли даражада ошган.

Жорий йилнинг 12-декабрида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Нақдсиз ҳисоб-китобларни оммалаштириш ва яширин иқтисодиёт улушини қисқартиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони қабул қилинди. Фармонда 2030-йилгача савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаларида аҳоли томонидан тўловларни нақд пулсиз амалга ошириш улушини 75 фоизга етказиш мақсадли кўрсаткич сифатида белгиланган.

Таҳлил натижаси, респондентлар орасида молиявий транзакцияларнинг электрон шаклда бўлишини қўллаб-қувватловчилар 2021-йилдаги 78 фоиздан 2025-йилнинг биринчи ярмида 89 фоизга етганини кўрсатмоқда. Бу аҳоли орасида электрон транзакциялар кўпроқ оммалашаётганини англатади.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid