8,5 миллиондан зиёд одам камбағалликдан чиқди
Шавкат Мирзиёев ижтимоий ҳимоянинг мутлақо янги тизими йўлга қўйилганини эътироф этди.

Кредит, субсидия, компенсация каби 100 дан зиёд хизматлар орқали ижтимоий ҳимоянинг мутлақо янги тизими йўлга қўйилгани натижасида 8,5 миллиондан зиёд одам камбағалликдан чиқди, ишсизлик 2 карра қисқарди.
Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқига йўллаётган мурожаатномасида ушбу йўналишга тўхталиб ўтди.
Қайд этилишича, жорий йилда 5 миллион аҳоли даромадли бўлиб, ишсизлик даражаси 5,5 фоиздан 4,9 фоизга тушди. Қарийб 1,5 миллион эҳтиёжманд аҳоли камбағалликдан чиқди, илк бор 1 минг 435 та маҳалла “камбағалликдан холи” ҳудудга айланди.
“Юртимизда камбағаллик даражаси йил бошидаги 8,9 фоиздан 5,8 фоизга тушди. Бу ишларни бошлаганимизда аҳолининг учдан бир қисми камбағаллик чегарасида яшарди. Натижада уч йил олдин камбағалликни 2026 йил якуни билан 2 карра қисқартириш бўйича олган маррамизни шу йилнинг ўзида уддаладик”, деди Президент.
Камбағал оилаларга мансуб 168 минг нафар бола давлат боғчаларига имтиёзли асосда қабул қилинди. Бу йилдан бошлаб 208 та боғчада биринчи марта инклюзив таълим тизими жорий этилди.