platina.uz
Жамият

Болаларга нисбатан зўравонлик ҳақида хабар бермаганлар жавобгарликка тортилади

Бу таълим, соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ташкилотлари ходимларига тегишли. Зўравонлик хавфи остидаги болалар учун тутинган оила хизмати йўлга қўйилади. 

Болаларга нисбатан зўравонлик ҳақида хабар бермаганлар жавобгарликка тортилади

Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш стратегияси тасдиқланди.

Зўравонлик содир этилиши хавфи остида бўлган болалар учун профессионал тутинган оила хизмати йўлга қўйилади.

"2026–2030 йилларга мўлжалланган Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида"ги Президент Фармони (ПФ–256-сон, 24.12.2025 й.) қабул қилинди.

Фармонга кўра, 2026 йил 1 февралдан зўравонлик натижасида оиласидан олинган ва ўзига нисбатан зўравонлик содир этилиши хавфи остида бўлган, шунингдек, ижтимоий жиҳатдан хавфли аҳволда бўлган болалар учун профессионал тутинган оила хизмати йўлга қўйилади.

Профессионал тутинган оилани ташкил этишга номзодлар болалардаги зўравонлик натижасида олинган руҳий жароҳатнинг салбий таъсирини камайтириш, хулқ-атворидаги оғишишлар ва уларнинг оқибатларини бартараф этишга қаратилган ижтимоий-реабилитация дастурлари асосида ўқитилади.

Зўравонлик натижасида оиласидан олинган ижтимоий ҳимояга муҳтож болалар профессионал тутинган оилага "Инсон" марказлари ва мазкур оилалар ўртасида тузилган шартнома асосида жойлаштирилади.

Профессионал тутинган оилага ҳар бир жойлаштирилган болани парваришлаш учун ҳар ойда меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 2 баравари миқдорида маблағ тўлаб борилади.

Бундай оилага жойлаштирилган ҳар бир боланинг яшаш харажатлари учун қонунчиликка мувофиқ оилавий болалар уйи тарбияланувчиларининг яшаш харажатлари учун белгиланган миқдорларда маблағ ажратилади.

2026 йил 1 сентябрдан:

- зўравонликдан жабрланган болаларга ва зўравонликка гувоҳ бўлган болаларга улар тегишли процессуал хатти-ҳаракатларга жалб этилган вақтдан эътиборан давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатилади;

- зўравонликдан жабрланган болаларнинг дастлабки кўрсатувлари мажбурий тартибда видеоёзув орқали қайд этилади;

- таълим, соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ташкилотлари ходимлари томонидан болаларга нисбатан зўравонлик билан боғлиқ аниқланган фактлар ҳақида хабар бермаганлик учун маъмурий жавобгарлик жорий этилади.

2026 йил 1 мартдан "Инсон" марказларида ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларнинг ота-оналари учун "меҳрли оила" хизмати ташкил этилади.

"Меҳрли оила" хизматига ота-оналар Болалар масалалари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри ва туман (шаҳар) комиссияларининг қарори асосида жалб қилинади.

"Меҳрли оила" хизматига жалб қилинган ота-оналарга фарзандларининг оиласи билан бузилган муносабатларни тиклаш ва уларнинг ижтимоийлашувига кўмаклашиш учун "оилавий терапия" хизматлари бепул кўрсатилади.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid