platina.uz
Иқтисод

Уй-жойлар ва ижара нархининг долларда ўсиши тезлашди

2025 йил сентябр ҳолатига кўра кўп қаватли бирламчи уй-жой нархлари сўмда 2,4 фоизга, долларда эса 5,5 фоизга ўсган. 

Уй-жойлар ва ижара нархининг долларда ўсиши тезлашди

Марказий банк томонидан 2025 йил III чораги учун Кўчмас мулк бозори таҳлили эълон қилинди.

Таҳлил натижаларига кўра бозордаги юқори фаоллик:

2025 йил январ–сентябр ойларида кўчмас мулк олди-сотди шартномалари сони 229,8 мингтани ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 12,8 фоизга ошди.

III чоракнинг ўзида 81,4 мингта шартнома расмийлаштирилди.

Ҳудудлар кесимидаги ўсиш динамикаси:

Шартномалар сонининг ўртача кўрсаткичдан юқори ўсиши республиканинг аксарият ҳудудларида кузатилди. Фарғона водийси вилоятлари етакчилар қаторида бўлиб, шартномалар сони 7–8 %га ўсди, энг паст ўсиш эса Тошкент шаҳрида (1,7 %) қайд этилди.

Ипотека ҳисобига қўллаб-қувватланаётган ўсиш:

2025 йил III чорагида ипотека кредитлари ҳажми 5,6 трлн сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 14,9 %га ошди. Тижорат банкларининг ипотека портфели қолдиғи қарийб 17 %га ўсди. Аҳоли реал даромадларининг ўсиши ҳам давом этиб, 8,4 %ни ташкил этди ва уй-жойга бўлган талабни қўллаб-қувватлади.

Қурилиш ва таклифнинг юқори фаоллиги:

2025 йил январь–сентабр ойларида қурилиш ишлари реал ҳажмининг ўсиши 14,2 %ни ташкил этди. Фойдаланишга топширилган уй-жойларнинг умумий майдони 11,1 млн квадрат метрга етиб, ўтган йилга нисбатан 2,4 %га ошди. Ўсиш, асосан, якка тартибдаги уй-жойлар ҳисобига таъминланмоқда.

Уй-жой – муҳим инвестиция воситаси:

III чорак якунларига кўра, турар-жой қурилишининг жами асосий капиталга киритилган инвестициялардаги улуши 6 %ни ташкил этди (йил бошидан буён йиғилган улуш – 7,2 %). Аҳолининг истеъмол кайфияти бўйича ўтказилган сўровда респондентларнинг қарийб 6 % кузатув даврида турар-жой сотиб олганини билдирган. Шу билан бирга, келгусида уй-жой сотиб олиш ниятида бўлганлар улуши бироз пасайган.

Нархлар динамикаси:

Миллий валютада уй-жой нархлари ўсиши мўтадил суръатда, АҚШ доллари ҳисобида эса нисбатан сезиларли бўлди. 2025 йил сентябр ҳолатига кўра, кўп қаватли бирламчи уй-жой нархлари сўмда 2,4 %га, долларда эса 5,5 %га; иккиламчи кўп қаватли уй-жой бозорида эса сўмда 1,8 %га, долларда 5,0 %га ошди.

Ижара бозори:

III чоракда, айниқса август–сентябр ойларида мавсумий талабнинг кучайиши фонида ижара бозори фаоллашди. 2025 йил сентябр ойига келиб, ижара нархларининг долларда йиллик ўсиши Тошкент шаҳрида 5,4 %ни, республика бўйича умумий ижара индекси эса 8,4 %ни ташкил этди. Бу ижара бозорида талабнинг кучайгани ва бозорнинг босқичма-босқич мувозанатлашаётганидан далолат беради.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid