platina.uz
Сиёсат

Шавкат Мирзиёев Доналд Трамп билан мулоқот ўтказди

Президентлар эришилган келишувлар ижросининг боришини, шунингдек, Ўзбекистон – АҚШ стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш истиқболларини батафсил кўриб чиқдилар.

Шавкат Мирзиёев Доналд Трамп билан мулоқот ўтказди

23 декабр куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Америка Қўшма Штатлари Президенти Дональд Трампнинг телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди.

Давлатимиз раҳбари суҳбат аввалида АҚШ Президентини яқинлашиб келаётган янги йил байрами билан табриклаб, дўст Америка халқига тинчлик-осойишталик, фаровонлик ва равнақ тилади.

Дональд Трамп, ўз навбатида, Ўзбекистон етакчиси ва халқига ўзининг ҳамда АҚШ халқининг самимий саломи ҳамда табрикларини йўллаб, янги йилда бахт-саодат, муваффақиятлар ва янги зафарлар тилади.

Президентлар олий даражада эришилган келишувлар ижросининг боришини, шунингдек, Ўзбекистон – АҚШ стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш истиқболларини батафсил кўриб чиқдилар.

Давлатимиз раҳбари Президент Дональд Трампнинг жорий йилда ички ва ташқи сиёсатда эришган муваффақиятларига юксак баҳо бериб, унинг ўткир халқаро инқирозлар ва можароларни ҳал этиш борасидаги самарали саъй-ҳаракатларини алоҳида таъкидлади.

Икки томонлама сиёсий мулоқот ва алмашинувлар, айниқса, етакчилар даражасида фаоллашиб, мамлакатларимиз ўртасидаги стратегик шерикликни ривожлантиришда янги босқични бошлаб бергани ва уни аниқ мазмун билан бойитгани мамнуният билан қайд этилди.

Фуқаро авиацияси, автосаноат, тоғ-кон саноати, қишлоқ хўжалиги, инфратузилма, энергетика ва кимё, ахборот-коммуникация технологиялари ва бошқа соҳаларда ўнлаб миллиард долларлик қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Амалдаги лойиҳа ва дастурларни самарали илгари суриш ҳамда янгиларини ишлаб чиқиш мақсадида Америка – Ўзбекистон ишбилармонлар ва инвестициялар кенгаши ташкил этилди. Қўшма Инвестиция фондини таъсис этиш бўйича фаол иш олиб борилмоқда.

Ҳудудлар ўртасидаги ҳамкорликнинг янги механизми ишга туширилди. Ўзбекистоннинг учта вилояти делегациялари Америка штатлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш учун ушбу мамлакатда бўлди.

Халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик масалаларга алоҳида эътибор қаратилди. Шу маънода, кўп томонлама ҳамкорлик, жумладан, “С5+1” форматининг аҳамияти таъкидланди.

Суҳбат якунида томонлар олий даражадаги фаол мулоқотларни давом эттириш ниятини тасдиқладилар ҳамда амалий ҳамкорлик бўйича қўшма ташаббус ва дастурларни илгари суришга келишиб олдилар.

Ўзбекистон Президенти Америка етакчисини ўзи учун қулай муддатда мамлакатимизга ташриф билан келишга таклиф этди.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid