platina.uz
Жамият

Улуш киритиш асосида уй-жой сотиш тартибини қайта кўриб чиқиш таклиф этилди

Вазирлар Маҳкамаси улушли қурилиш объектларини назорат қилиш ва мониторинг ўтказиш тартибини белгилайди. 

Улуш киритиш асосида уй-жой сотиш тартибини қайта кўриб чиқиш таклиф этилди

"Кўп квартирали уйлар ва бошқа кўчмас мулк объектини улуш киритиш асосида қуриш тўғрисида" қонун лойиҳаси эълон қилинди.

Унга кўра, улушли қурилиш (уй-жойни қурилиш жараёнида улуш асосида сотиш) тартибини қайта кўриб чиқиш таклиф қилинмоқда.

Қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинди.

Улушли қурилиш бозоридаги хавф-хатарлар — қурилишнинг кечикиши, лойиҳанинг тўхтаб қолиши ёки маблағларнинг мақсадсиз сарфланиши кўпчилик учун долзарб муаммо бўлиб келмоқда.

Ушбу Қонуннинг асосий принциплари қуйидагилардан иборат:

-қонунийлик;

-очиқлик ва шаффофлик;

-улушдорлар ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш;

-тенглик.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

-улушли қурилиш соҳасида давлат томонидан тартибга солишни амалга ошириш учун зарур бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилади;

-ушбу Қонунга мувофиқ улушли қурилиш соҳасидаги тартибга солувчи, ваколатли, назорат қилувчи ва рўйҳатга олувчи органларни, шунингдек Уй-жой қурилишининг ягона ахборот тизими операторини белгилайди;

-улушли қурилиш объектларининг улушли қурилишини назорат қилиш ва мониторинг ўтказиш тартибини белгилайди;

-улушли иштирок этиш шартномасининг тавсия этиладиган намунавий шаклини тасдиқлайди;

-махсус ваколатли ташкилотнинг молиявий барқарорлик меъёрларини белгилайди;

-лойиҳавий молиялаштириш шартномалари бўйича пул маблағларини муддатидан олдин талаб қилиб олиш ҳолатлари рўйхатини тасдиқлайди;

-Уй-жой қурилишининг ягона ахборот тизимини юритиш тартибини белгилайди;

-Уй-жой қурилишининг ягона ахборот тизимига ахборот жойлаштириши шарт бўлган ва (ёки) ҳуқуққа эга бўлган шахслар рўйхатини тасдиқлайди;

Қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари:

-тегишли ҳудудда шаҳарсозлик ва улушли қурилиш қонунчилигига риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга оширувчи органлар билан ҳамкорлик қилади;

-шаҳарларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш кўрсаткичлари ва истиқболли урбанизация жараёнлари асосида муҳандислик, транспорт ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш масалаларини ҳал этади;

-ўз ҳудудида шаҳарсозлик фаолияти шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига мос келмаган тақдирда, уни чеклаш, тўхтатиб қўйиш ёки тақиқлаш бўйича судга мурожаат қилади;

-шаҳарсозлик соҳасида қабул қилинган қарорлар тўғрисида аҳолини хабардор қилади;

-қурилиш объектларида юзага келадиган хавфлар тўғрисида ваколатли органни хабардор қилади;

-ўзбошимчалик билан қурилган биноларни қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда бузишни ташкил этади;

-девелопер (қурувчи) ёки махсус ваколотли ташкилот томонидан қонунчилик ҳужжатларида ва улушли иштирок этиш шартномасидаги мажбуриятлар бажарилмаганда ёки лозим даражада бажарилмаганда, улушли қурилиш иштирокчиларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича чоралар кўради;

Қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин. Маблағларни жалб қилиш вақтида белгиланган тартибда фойдаланишга топширилмаган улушли қурилиш объектига нисбатан мулк ҳуқуқининг пайдо бўлиши учун улушдорларнинг маблағларини жалб қилишга фақат ушбу Қонунда белгиланган тартибда улушли иштирок этиш шартномаси асосида йўл қўйилади.

Қурилиши тугалланмаган ва фойдаланишга топширилмаган кўчмас мулк объектидаги улушли қурилиш объектлари учун улушдорларнинг маблағларини қуйидаги ҳолларда ва усулларда жалб қилиш тақиқланади:

Ушбу Қонунда назарда тутилмаган ҳар қандай бошқа тартиблар, талаблар ва шартлар асосида;

-қимматли қоғозларни эмиссия қилиш шартларига мувофиқ кўчмас мулкка бўлган мулк ҳуқуқини вужудга келтирувчи қимматли қоғозларни улушдорларга таклиф этиш ва сотиш;

-улушдорларга биноларни талаб қилиш ҳуқуқини берувчи пай фондларини ишончли бошқариш шартномалари орқали жалб қилиш;

-хўжалик ширкатларини ташкил қилган ҳолда улушдорларнинг пул маблағларини улушли қурилиш объектларини қуриш учун жалб қилиш.

Ушбу моддада белгиланган талабларни бузган ҳолда улушдорларнинг пул маблағларини қурилишга жалб этиш бўйича тузилган битим ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid