platina.uz
Иқтисод

Ўзбекистон ва Япония ўртасида қиймати 12 млрд доллардан ошиқ лойиҳалар портфели шакллантирилди

Ушбу келишувлар таълим, соғлиқни сақлаш, экология ва сув ресурслари, транспорт ва бошқа соҳаларни қамраб олади. 

Ўзбекистон ва Япония ўртасида қиймати 12 млрд доллардан ошиқ лойиҳалар портфели шакллантирилди

Ўзбекистон ва Япония ўртасида қиймати 12 миллиард доллардан ортиқ бўлган янги кооперация лойиҳалари шакллантирилди.

Токиога ташриф якунида Ўзбекистон-Япония муносабатлари кенгайтирилган стратегик шериклик даражасига кўтарилди.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Японияга расмий ташрифи икки томонлама муносабатлар ривожида сифат жиҳатидан янги босқични бошлаб берди.

Ташрифнинг асосий хусусияти иқтисодий шерикликни амалий мазмун билан бойитишга йўналтирилганидадир. Кўп йиллар давомида Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги муносабатлар асосан гуманитар ҳамкорлик ва техник кўмак лойиҳаларига таянган эди. Бугун эса Ўзбекистон Президентининг прагматик ва изчил сиёсати натижасида икки томонлама кун тартиби қайта шакллантирилиб, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликнинг барча йўналишларини қамраб олди.

Бунга ёрқин далил сифатида қиймати 12 миллиард доллардан ортиқ бўлган янги кооперация лойиҳалари портфелининг шакллантирилганини келтириш мумкин.

Ушбу келишувлар таълим, соғлиқни сақлаш, экология ва сув ресурслари, транспорт ва шаҳарсозлик, туризм, қишлоқ хўжалиги, шунингдек, табиий офатлар хавфини бошқариш соҳаларини қамраб олади. «Яшил» энергетика, энергияни сақлаш тизимлари ва саноат кооперациясини кенгайтириш бўйича қўшма лойиҳаларга алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, етакчи япон корпорациялари билан узоқ муддатли ҳамкорлик дастурларини қабул қилиш таклиф этилди.

Ташриф доирасида Ўзбекистон Президентининг «Марказий Осиё + Япония» мулоқотининг илк саммитида иштирок этгани ҳам муҳим воқеа бўлди. Ҳудудий ўзаро боғлиқликни чуқурлаштириш, «яшил» иқтисодиётни ривожлантириш, инвестициявий ва рақамли шерикликни кенгайтириш, инсон капитали салоҳиятини оширишга қаратилган ташаббуслар Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда янги ҳамкорлик архитектурасини шакллантиришда фаол иштирок этишга интилаётганини акс эттиради. Саммит якунида Токио декларатсиясининг қабул қилиниши ушбу ёндашувни кўп томонлама даражада мустаҳкамлади.

Умуман олганда, Японияга расмий ташриф натижалари Ўзбекистоннинг дунёдаги етакчи технология ва инвестиция марказларидан бири билан тўлақонли стратегик шерикликка босқичма-босқич ўтаётганини кўрсатади. Бу эса мамлакатимизнинг илғор технологияларни жалб этиш, йирик инфратузилмавий ва саноат лойиҳаларини амалга ошириш, минтақавий ва глобал иқтисодий жараёнларда ўз мавқеини мустаҳкамлашга қаратилган стратегик сиёсатини тасдиқлайди, дейилади хабарда.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid