Очилмаган сирлар. Телепортация: мистик тасаввурдан квант лабораториясигача
Агар ҳозирча телепортация илм-фан чегарасига сиғмаётган бўлса – илм-фан чегарасини кенгайтиришга тўғри келади – худди ака-ука Райтларга ўхшаб!..

Одамзотга макондан-маконга кўчиш учун фақат ўз оёқларига таяниб эришиш имконияти берилган холос. Ўрдакка ўхшаб, ҳам сузиб, ҳам уча олмаймиз. Аммо бизга берилган ақлдан фойдаланиб, кема ва самолётлар ихтиро қилдик.
Лекин яна бир хислатни забт этишга ҳамон ақлимиз ва технологик имкониятларимиз камлик қилмоқда. Биз ҳамон узоқ масофани бир зумда босиб ўта олмаймиз. Аммо бунга эришиш учун илк қадамлар қўйилган.
Икки дунё бир қадам бўлган зотлар
Тарихда ва адабиётда узоқ масофаларга бир зумда, кўз очиб юмгунча бориб-қайта оладиган одамлар ва бошқа мавжудотлар ҳақида кўп ҳикоялар мавжуд.
Айниқса, Шарқда сўфий авлиёлар ҳақидаги ҳикояларда бу хислат оддий бир қобилият сифатида қайд этилган. Айрим авлиёлар бомдод намозининг 2 ракат суннатини уйда – Бухорода ўқиса, ундан кейинги 2 ракат фарзни Каъба олдида ўқиб қайтишгани ҳақида ҳикоялар мавжуд. Яна айрим шахсларни ҳаж пайтида Маккада юрганини кўрган ҳожилар, ўз шаҳарларига қайтишса, бу одам 5-6 ой олдин улардан олдин шаҳарга қайтиб келгани, яъни бир зумда Маккага бориб келганига гувоҳлик беришган. Яна айрим авлиёлар бир вақтнинг ўзида 2 та жойда бўла олишган. Яъни кимнидир туш пайти Самарқандда кўришган, айни пайтда ўша одам билан Бухорода суҳбатлашган одамлар гувоҳлик берган. Суфий ривоятларида бу “таяввуъ ал-масофа” – масофани ҳаракатсиз енгиб ўтиш дейилади. Аслини олганда, комилликка интилган тасаввуф вакиллари бу мўъжизаларга эришиш учун интилишмаган. Бу хислатлар уларнинг ибодатлари ва ишончлари ортгани боис пайдо бўлган. Худди бош оғриғини қолдириш учун дори қўшимчасига иситмани ҳам туширгани каби.
Ҳинд матнларида сиддҳилар “праматти” – бошқа жойда тўсатдан пайдо бўлиш ҳолатини тасвирлайди. Инжилда эса пайғамбар Аввакум шерлар ғоридаги Дониёл олдига бир зумда кўчириб қўйилади. Будда эса ҳаёт йўллари ҳақидаги манбаларга кўра, ибодатхоналар орасида телепортация қилган. Аммо бу ҳолатларни ҳозирги механик физика билан изоҳлаб бўлмайди. Бу – инсоннинг лаҳзавийликка бўлган соғинчидир.
Табиатда мувозанат қатъий, аммо...
Албатта, табиатда қатъий қоидалар ва кучлар мувозанати мавжуд. Ҳамма нарсанинг чек-чегараси бор. Биз “бир зумда келади” деб ўйлайдиган қуёш нури ҳам 8 дақиқадан сўнг Ер сайёрасига етиб келади. Чунки ёруғликнинг тезлиги чекланган – сониясига 300 минг км холос.
Қолаверса, энергиянинг сақланиш қонуни мавжуд. Энергия чексиз эмас ва уни олиш ҳам “текин” эмас. Нимагадир эга бўлиш учун, нимадандир воз кечмоқ лозим. “Бордан йўқ бўлмайди, йўқдан бор бўлмайди”, дейди ҳозирги илм-фан.
Лекин мавжуд имкониятлардан фойдаланиб, мақсадга эришиш мумкин. Масалан, технологиялар ривожлангани сари, инсон аввал тасаввур ҳам қила олмаган ишлар рўй бермоқда.
Авваллари битта хатни жўнатиш учун албатта уни одам, от ёки техника орқали жўнатиб, жавобини кунлаб ва ойлаб кутган бўлсак, ҳозир телефон, Интернет (СМС, электрон почта ва чатлар) орқали Ер шарининг нариги чеккасида турган одам билан ҳам сониянинг мингдан бир улушлари чегарасида хат-хабар, товуш ва тасвир алмашяпмиз.
Аввал бир китобни бошқа одамга бериш ёки нусхасини бериш учун ҳам жуда кўп амал бажарилган, кўп вақт ва пул сарфланган. Энди эса том-том электрон китобларни шунчаки нусха олиб, сония ичида бошқа жойга жўната оламиз.
Тарихий сирлар
Телепортация ҳодисаси нафақат қадимги ривоятларда учрайди. Балки яқин ўтмишда ҳам бундай ғайриоддий ҳодисалар ҳужжатлаштирилган.
Масалан, 1912 йилда Италиядаги Неапол вокзалида ғаройиб ҳодиса рўй берган. Гувоҳлар полицияга хабар беришича, бир эркак чипта олиш пайтида “йўқолиб қолган”. Уни 5 дақиқадан кейин 500 метр узоқликда, саросимали ҳолатда топишган.
1950 йил, Ню-Йорк, Таймс-сквер. XIX аср услубида кийим кийган одам машиналар орасида пайдо бўлади. Полиция ҳисоботига кўра, унинг ҳужжатидаги сана – 1876 йил қайд этилган. Эртаси куни газеталарда сарлавҳа: “Вақтлараро сакрашми?” сарлавҳали мақола чоп этилади. Замонавий фан буни оддий ва соддароқ қилиб психоз, амнезия (хотирани йўқотиш, ўхшаш қиёфалар) дея тушунтиради. Аммо “лаҳзавийлик” ғояси яшашда давом этди.
Қачон мўъжиза физикага айланди
Юқорида бундай воқеалар механик физика ўлчамларига сиғмайди дедик. Аммо квант физикаси кўплаб бундай ҳодисаларни тушунтиришга ҳаракат қилган.
Масалан, 1935 йилда Эйнштейн, Подолский ва Розен (ЭПР) номи билан машҳур бўлган парадоксни эълон қилишди. Улар телепортация ҳақида ўйламаган ҳам эди – бу квант механикасига чақириқ эди. Аммо айнан шу формула илк бор шундай ҳолатни тасвирлади: икки зарра ўзаро шу қадар боғланганки, биттасидаги ўзгариш иккинчисида дарҳол акс этади. Яъни иккита “эгизак” зарра бир-биридан миллиардлаб километрга узоқлаб кетса ҳам, улардаги манфийлик ва мусбатлик ўзгариши бир хил бўлади ва дарҳол юз беради. Бу ўзгариш ёруғлик тезлигидан-да тезроқ юз беради. Бу худди икки эгизакнинг бири Америкада, бошқаси Ҳиндистонда яшасаю, биттасининг боши оғриса, иккинчисида ҳам шу заҳоти оғриқ пайдо бўлишига ўхшайди. Бундай боғлиқлик ва алоқа макон ва вақт чегараларидан ташқарида юз беради гўё.
Шу тариқа квант чалкашуви ғояси туғилди. Бу сеҳр эмас. Бу йўқолиш ҳам эмас.
Бу – келажак телепортациясининг физик асосидир.
Илк ҳақиқий телепортация
1997 йилда Инсбрук университетида шундай хулосалар олинди объект кўчмайди. Унинг квант ҳолати ҳақидаги ахборот кўчади.
Фотон А йўқолади – унинг ҳолати фотон Б да “қайта яратилади”. Масофа муҳим эмас.
Бу “инсон бир зумда Парижга етиб борди” дегани эмас.
Бу “танаси йўқ жойда ҳолат нусхаси пайдо бўлди” дегани.
XXI аср портлаши: телепортация космосга чиқмоқда
2017 йилда Хитойда инқилобий ҳодиса рўй берди – “Мо-цзи” сунъий йўлдоши орқали фотоннинг квант ҳолати Ердан орбитага телепортация қилинди.
2021 йилда эса, АҚШнинг “Фермилаб” лабораторияси квант ҳолатларини кўп километрли толали тармоқ орқали узатишга муваффақ бўлди.
2023 йил, Торонто университетида бевосита сигналсиз телепортация тажрибаси – фақат чалкашув орқали амалга оширилди.
Аввал фотон. Сўнг ионлар. Сўнг молекулалар. Сўнг эса тўқима ва одам!
Эртага эса – квант интернет пайдо бўлади. Унда ахборот саёҳат қилмайди – у шунчаки бошқа жойда пайдо бўлади.
Ҳозирда инсонни телепортация қилиш учун назарий талаблар ҳам топилган, гарчи уларни бажариш айни даврда амри маҳол бўлса-да.
Бунинг учун қуйидагилар керак:
1. ҳар бир атомнинг квант ҳолатини ўқиш (≈10²⁷ зарра),
2. нусха ҳосил бўлмаслиги учун аслий объектни йўқ қилиш,
3. тузилмани квант канал орқали узатиш,
4. мос моддадан танани қайта яратиш.
Лекин шундай саволлар туғиладики – физиклар қизаради, файласуфлар эса табассум қилади: агар худди файлдан нусха олиб жўнатган каби, Эшматдан ҳам нусха олиб, бошқа жйога жўнатсак, асл Эшмат ва нусхаси қанчалик фарқ қилади? Агар Эшматнинг асли йўқ қилинса, нусха пайдо бўлса – у ҳамон Эшмат бўладими ёки мукаммал нусхаси бўладими?
Умуман, шахсият қаерда яшайди – атомлардами ёки онг узлуксизлигидами?
Моддани кўчириш мумкинми?
Хўш, моддани буткул кўчириш мумкинми? Олимларнинг айтишича, мумкин, лекин аниқлик киритиш зарур: модданинг ўзи эмас, унинг квант йўриқномаси телепортация қилинади.
Бу худди уйнинг ўзи эмас, балки чизмаси жўнатилишига ўхшайди. Атомлар худди ғишт ёки ЛЕГО бўлакчасига ўхшайди. Атрофимиз тўла атом. Уларни ва электронларни мос равишда “терсак” (ёки машина терса!), ҳар қандай моддани ҳосил қилиш мумкин. Яъни ҳар қандай атом моддани тузиш учун мос келади, асосийси – тузилманинг такрорланиш қонуниятида.
Содда қилиб айтганда, буни “тана кўчиб ўтди” деб аталмайди. Балки нусха тана – асл тана чизмаси асосида “нол”дан йиғилади.
Якуний мисралар: илмий қиёфага эга орзу
Бугунга келиб, телепортация мўъжизалик категориясидан чиқа бошлади, лекин ҳали технологияга айланмади.
У остонада турибди – 1750-йиллардаги электр каби, 1980-йиллардаги интернет каби.
Ака-ука Райтлар илк самолётни ясаб, парвоз қилишидан 5 йилча олдин жаҳон олимлари қатъий бир хулосага келишган эди: инсон ҳеч қачон осмонда уча оладиган техника ярата олмайди. Ҳозирги илмий тараққиёт бунинг уддасидан чиқмайди! Лекин ака-ука Райтлар 100 ёки 1000 йилни кутиб ўтиришмади, улар шунчаки осмонга кўтирилишди. Телепортация борасида ҳам шундай қиёслашни келтириш мумкин.
Хулоса қилиб айтганда, асосий жиҳат ўзгармас қолмоқда: инсон ҳамон масофани четлаб ўтишни орзу қилади, ҳали ҳам йўқолиб, пайдо бўлишни истайди, ҳали ҳам вақтдан тезроқ ҳаракатланишга интилади.
Биз танани кўчиришни ўрганмадик. Лекин реаллик ҳолатини кўчиришни ўргандик.
Куни келиб телепортация ҳам одатий ҳолатга, илм-фан чегарасига сиғадиган ҳодисага айланиб қолса, не ажаб. Агар ҳозирча телепортация илм-фан чегарасига сиғмаётган бўлса – илм-фан чегарасини кенгайтиришга тўғри келади – худди ака-ука Райтларга ўхшаб!..
Абулфайз Сайидасқаров