Кўринмас фронт жангчилари. Жосус малика – Нуруннисо Иноятхон
У сўнгги дақиқаларига қадар хотиржамликни сақлади ва қўриқчиларга хотиржам мурожаат қилди, бу ҳатто немис зобитларини ҳам ҳайратда қолдирди.

Разведка оламида сир, афсона ва фожиа билан бурканган кўплаб матонат эгалари бор. Аммо баъзи номлар тарих зулматида жасорат ва фидойилик маёқлари каби порлайди. Улардан бири – Нуруннисо Иноятхон бўлиб, унинг тақдири ХХ аср бўронлари билан чамбарчас боғлиқ ва ҳаёти жасорат ҳамда озодлик ғояларига садоқат рамзига айланган. Уни "жосус малика" деб ҳам аташган.

Олманинг тагига тушган олма
Ҳиндистонлик мусулмон малика Нуруннисо Иноятхон 1914 йил 1 январда Лондонда ҳинд ота ва америкалик она оиласида туғилган. Нур ўз ватанидан узоқда – Франция ва Буюк Британияда ўсган, у ерда таълим олган ва бир нечта тилларни равон ўзлаштирган.
Нурнинг биографи айтганидек, у "ҳар қандай истило ғоясига қаршилик кўрсатган". Унинг катта бобоси Типу Султон XVIII асрда Майсорнинг мусулмон ҳукмдори бўлган. У Британия ҳукмронлигига қарши исёнга бошчилик қилган ва 1799 йилда жангда ҳалок бўлган.
Кези келганда айтиш жоиз, Ғарб медиаси тарғиб қилганидек, Ҳиндистон –Маҳатма Гандининг оқ матога бурканволиб, уйида тинчгина саботаж қилиши боис Британия истибдодидан қутулмаган. Ҳиндистон айнан бу ердаги мусулмонларнинг фаол қуролли исёнлари боис кишанлардан озод бўлди. Аммо ҳинд миллатчилари ва Ғарб медиаси мусулмонларнинг мустақилликдаги ҳиссасини пасайтириш ва келгусида янги исёнлар учун “мотивация” бермаслик, гўёки зулм ва истибдоддан тинчгина қутулиш мумкинлигига ишонтириш мақсадида Маҳатма Гандини илгари планга сура бошлаган.
Бундай “ўйин” АҚШда қора танлиларнинг тенг ҳуқуқлар учун курашида ҳам намоён бўлди. Аслида Малколм Икс каби жанговор даъватчилар ва “Ислом миллати” ташкилоти ҳамда “Қора йўлбарс” гуруҳларининг фаол кураши соя остида қолдирилиб, тинчгина норозилик билдирувчи, “зулмга қарши фақат оташин нутқлар билан курашиш керак”, дея уқдирган Мартин Лютер Кингга ортиқча урғу берилди ва улуғланди.

Зиёли оила
“Жосус малика” Нурнинг отаси истеъдодли мусиқачи ва ҳурматли сўфий илоҳиётшунос эди. Хон фарзандлари диний бағрикенглик ва ҳар қандай зўравонликка нафрат руҳида тарбияланган. Нурнинг энг катта нафрати – босқинчилик эди. Унинг бир пайтлар ўзбек ҳукмдори – Бобурийлар давлати шукуҳини давом эттирган бобокалони Британия мустамлакачиларига бўйсунишдан бош тортганини ҳам эсга олиш жоиз.

Нур Парижда мактабни тугатгандан сўнг, у ҳаётини тиббиётга бағишлашга қарор қилди ва ҳамширалик тиббиёт коллежига ўқишга кирди. Хон жуда кўп қиррали инсон эди. Шу боис бир вақтнинг ўзида мусиқа ва адабиётни чуқур ўрганди. Уруш бошланишидан сал олдин “Ле Фигаро” нашри Нур томонидан мослаштирилган бир қатор ҳинд халқ эртакларини нашр этди.
1939 йилда, Европа Иккинчи жаҳон уруши алангасида кучайганида, Нур Франция Қизил хочига қўшилди ва фронтга боришни режалаштирди. Лекин Германия тезда Францияни эгаллаб олди ҳамда Нур ва унинг ота-онаси хавфсизроқ Лондонга қайтишга мажбур бўлишди.

Ҳарбий хизмат даври
Аммо ҳатто Лондонда ҳам Нур қўл қовуштириб ўтиришга рози бўлмади ва дарҳол Аёллар ёрдамчи ҳаво кучларига қўшилди. У ерда у душман устидан ғалаба қозонишга ҳисса қўшишни орзу қилган бошқа юзлаб қизлар каби ҳарбий радиооператор бўлиб ишлади.
Француз тилида равон сўзлашувчи Нур Махсус операциялар бошқармаси эътиборини тортди. Нурнинг бенуқсон таржимаи ҳоли боис разведка хизмати уни уруш ортидаги миссия учун идеал номзод деган фикрга келди. Радиоалоқа оператори Нур Иноятхон 1942 йилда разведка хизматига қўшилди ва унга ҳарбий лақаб – Нора Бейкер номи берилди. Шуни таъкидлаш керакки, унинг раҳбарлари уни мутахассис сифатида жуда паст баҳолаган. Уларнинг наздида Нурнинг ягона ижобий фазилатлари – унинг меҳнатсеварлиги ва француз тилини билиши эди.

Нур 1942 йилда нацистлар томонидан босиб олинган Парижга "Мадлен" сохта исми остида Қаршилик ҳаракати радио оператори сифатида иш бошлади. Унинг вазифаси “Проспер” махфий гуруҳи ва чет элдаги бошқа гуруҳларнинг ишини мувофиқлаштирган Марказий бошқарув маркази ўртасида алоқани таъминлаш эди. Айнан шу гуруҳга Буюк Британия бош вазири Уинстон Черчилл "Европага ўт қўйиш" вазифасини юклаган.
Масъулият ва матонат
Нурнинг вазифаси ниҳоятда хавфли эди: у деярли қуролсиз ишлади, немис полициясидан қочиб, радио орқали махфий хабарларни узатди. Нуруннисонинг жомадонига яширган кичкина кўчма радио узатгичи бор эди ва Нур бир неча соат давомида хабарларни чарчамасдан узата олиши уни ҳамкасблари орасида афсонага айлантирди.
Бир неча ой давомида жасур малика бу хавфли ва масъулиятли ишни бажарди. Аммо кейин гуруҳга нацистлар агенти хуфёна суқилиб кириб олгани маълум бўлди. Нур ва сафдошларига Англияга эвакуацияни ташкил қилишни таклиф этишди. Лекин улар операцияни тўхтатишдан қатъиян бош тортишди. Қизлар ҳаётларини хавф остига қўйиб бўлса-да, ишларини давом эттиришди.
Кўп вақт ўтмай, нацистлар бирин-кетин хуфёна гуруҳ аъзоларининг барчасини ҳибсга ола бошлади. Нур гуруҳга ўзи раҳбарлик қилишга мажбур бўлди. Жасоратли қиз турар жойини, чақирув белгиларини ва ҳужжатларни алмаштириб, уч ой давомида ҳар куни ҳаётини хавф остига қўйиб яшади.
Аммо, афсуски, бир куни “Гестапо” агенти уни ҳам топиб келди ва қўлга олди.
Жасорат маликаси
Сўроқлар ва қийноқлардан сўнг, заиф аёл жаллодларнинг бирор-бир саволига жавоб бермади. Нур ва шериклари Германиядаги Пфорзгейм қамоқхонасига жўнатилди. У ерда энг тажрибали қийноққа солиш усталари уларни "синдиришга" ҳаракат қилишди. Нур совуқ ва зах камерада сақланар, деворга занжирбанд қилиб қўйилар ва ҳар куни қийноққа солиниб, калтакланарди. Лекин Нур бирорта ҳам шерикларини сотмади. Концлагер собиқ маҳбусларининг сўзларига кўра, у бошқа маҳбусларнинг кайфиятини кўтаришга уринган, охирги нонини улар билан баҳам кўрган ва тинчлантирган, уларга инсонийликларини сақлаб қолишга ёрдам берган.
Нур икки марта қочишга уриниб кўрди, аммо қўлга тушиб қолди. Шундан сўнг уни "ўта хавфли, қочишга мойил маҳбус" деб белгилашди. Ундан иқрорнома олишнинг имкони бўлмаса-да, уни ўлдиришга қарор қилишди. 1944 йил сентябр ойида у яна уч нафар хуфёна ташкилот аёллари билан Дахау ўлим лагерига олиб кетилди.

Нуруннисо сўнгги дақиқаларига қадар хотиржамликни сақлади ва қўриқчиларга хотиржам мурожаат қилди, бу ҳатто немис зобитларини ҳам ҳайратда қолдирди.
13 сентябр куни немис офицери Вилгелм Рупперт уни шафқатсизларча калтаклади ва энсасига ўқ узиб ўлдирди.
Нурнинг ўлимидан олдинги охирги сўзи "Озодлик" (Либертé) бўлгани айтилади. Қаҳрамоннинг жасади дарҳол концлагер крематориясида куйдирилган.
Ўлимидан кейинги эътироф
Нур Иноятхоннинг қаҳрамонлиги Британия ва Франция ҳукуматлари томонидан эътироф этилди. Парижда у вафотидан кейин “Ҳарбий хоч” ордени, Буюк Британияда эса “Авлиё Георгий хочи” ордени билан тақдирланди. Францияда Нур хотирасига атаб иккита ёдгорлик ўрнатилди.
Бундан ташқари, Лондондаги 1 мактаб унинг номи билан аталади, унинг ҳаёти ва қаҳрамонликларга бой ҳаёти ҳақида мунтазам тадбирлар ва кўргазмалар ўтказиб турилади. У ишлатган радиоузатгич Буюк Британиядаги Миллий махсус операциялар музейида урушдаги жасорат ва аёл матонатининг рамзи сифатида кўргазмага қўйилган.
Маликага ўрнатилган ёдгорликни малика очди
2012 йилда эса Лондондаги “Гордон Сквер Гарденс” майдонида камтарона бюст ўрнатилди. Британия пойтахтида ҳар йили кўплаб ёдгорликлар пайдо бўлади, аммо бу ёдгорликнинг очилиши алоҳида эътиборни тортди. Чунки уни қиролича Елизавета Иккинчининг тўнғич қизи малика Анна очган. Бу мутлақо мантиққа мос ва ўринли, чунки ёдгорлик ҳинд маликасининг хотирасига бағишланган эди.

Нур Иноятхон ўзининг қисқа умрини Европада ўтказганига қарамай, ҳинд ва мусулмонлар у билан фахрланишади. Адиб Шрабани Басу малика ҳаёти ҳақида "Жосус малика: Нур Иноятхоннинг ҳаёти" номли таржимаи ҳол ёзган ва бу асар асосида бадиий филм суратга олинган.
Нурнинг қаҳрамонлик қиссаси нега муҳим?
Ахборот уруши, махфий операциялар ва разведка агентликлари ўртасидаги рақобат глобал сиёсатнинг бир қисми бўлиб қолаётган ҳозирги дунёда, бу қаҳрамонларнинг ҳикоялари бизга ибрат бўлади. Ҳар бир агент ортида ўз қўрқуви, умидлари ва танловларига эга инсон турганини эслашга ёрдам беради.
Нуруннисо Иноятхон жасорат ва идеалларга садоқат – оддий одамни афсонага айлантириши мумкинлигига мисолдир. Унинг ҳаёти яна кўп йиллар давомида ёш авлодлар учун жасорат, фидойилик ва матонат сабоғи бўлиб қолади.
Абулфайз Сайидасқаров