Президент Токиода япониялик сиёсатчилар билан учрашди
Вакиллар палатаси спикери Фукуширо Нукага билан учрашувда рақамли технологиялар ва сунъий интеллект соҳасида қонун ижодкорлиги бўйича тажриба алмашиш муҳимлиги таъкидланди.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Японияга расмий ташрифи доирасида ушбу мамлакат Парламентининг Маслаҳатчилар палатаси президенти Масаказу Секигучи билан учрашди.
Учрашувда Ўзбекистон билан Япония ўртасидаги стратегик шериклик ва кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантиришда парламентлар муҳим ўрин тутиши таъкидланди. Маслаҳатчилар палатаси вакиллари жорий йилнинг апрель ойида Тошкентда бўлиб ўтган Парламентлараро иттифоқнинг 150 йиллигига бағишланган сессияда фаол иштирок этдилар.

Ёшларнинг парламентга оид ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, жумладан, Ўзбекистон – Япония ёшлар парламентлари аъзолари форумини ўтказиш ҳамда 2026 йилда Самарқандда бўлиб ўтадиган Ёшлар парламентлари аъзолари глобал конференциясида Япония делегациясининг иштирок этишига алоҳида эътибор қаратилди.
Парламентлар олий даражада эришилган, энг аввало, савдо-иқтисодий, молиявий, инвестициявий, технологик ва маданий ҳамкорликни кенгайтириш бўйича келишувларни амалга оширишга ҳар томонлама кўмаклашиши муҳимлиги таъкидланди.
Президент Токио шаҳрига расмий ташрифи доирасида Япония Парламентининг Вакиллар палатаси спикери Фукуширо Нукага билан учрашув ўтказди.
Ўзбекистон – Япония стратегик шериклигини янада мустаҳкамлаш ва кўп қиррали, жумладан, парламентлараро ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.

Икки мамлакат парламент делегациялари ўртасидаги ўзаро ташриф ва учрашувлар фаол тус олгани катта мамнуният билан қайд этилди. Парламентларда дўстлик гуруҳлари фаол иш олиб бормоқда. Май ойида Токиода навбатдаги парламентлараро форум муваффақиятли ўтказилди.
Парламентларнинг қўмиталари, халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари ва Япония префектуралари ассамблеялари ўртасида ҳамкорлик ўрнатиш, шунингдек, рақамли технологиялар ва сунъий интеллект соҳасида қонун ижодкорлиги бўйича тажриба алмашиш муҳимлиги таъкидланди.
Шавкат Мирзиёев Япония Либерал-демократик партияси вице-президенти, парламентдаги Ўзбекистон билан дўстлик лигаси ва шу билан бирга Марказий Осиё мамлакатлари билан дўстлик лигаси раиси Таро Асо билан учрашди.
Лига аъзолари ҳам қатнашган Ўзбекистон – Япония стратегик ҳамкорлик муносабатларини, жумладан, парламентлараро йўналишда янада кенгайтиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
Дўстлик лигаси, айниқса, унинг раиси Таро Асо Ўзбекистон билан Япония ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантиришга қўшаётган ҳиссаси юксак баҳоланди.
Парламентлараро алоқаларни янада мустаҳкамлаш ва қўшма ташаббусларни илгари суришда парламентлардаги дўстлик гуруҳларининг ролини кучайтириш муҳимлиги таъкидланди.
Учрашув якунида 2026 йилда навбатдаги Парламентлараро форумни Ўзбекистонда ташкил этишга келишиб олинди.
Ўзбекистон билан дўстлик лигаси 2002 йилда ташкил этилган ва ҳозирги пайтда унинг аъзолари сони 40 нафардан ошган. Улар орасида Япониянинг таниқли сиёсат арбоблари, нуфузли депутат ва дипломатлари бор.