platina.uz
Жамият

Лазер нуридан ноқонуний фойдаланиш учун жавобгарлик белгиланади

Самолётларнинг учиши ёки қўниши пайтида уларнинг экипажига лазер нурларини йўналтирилиши қўниш ёки парвоз жараёнида экипаж диққатини чалғитиб, ҳалокат хавфини оширади. 

Лазер нуридан ноқонуний фойдаланиш учун жавобгарлик белгиланади

Портатив лазерли нур тарқатгичлардан қонунга хилоф равишда фойдаланиш жавобгарликка сабаб бўлади.

Сенатнинг ўн иккинчи ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун муҳокама этилди.

Қайд этиш лозимки, бугунги кунда жаҳонда технология ривожланиши билан турли электрон ускуналар, жумладан, портатив лазерли нур тарқатгичлар ҳам кенг оммалашмоқда. Бу қурилмалар арзон, осон етиб бориладиган ва кўп ҳолларда кўнгилочар ёки таълим мақсадларида ишлатилади.

Бироқ улардан ноқонуний ёки номувофиқ фойдаланилиши жамоат хавфсизлигига жиддий таҳдид солиши мумкин.

Хусусан, самолётларнинг учиши ёки қўниши пайтида уларнинг экипажига лазер нурларини йўналтирилиши қўниш ёки парвоз жараёнида экипаж диққатини чалғитиб, ҳалокат хавфини оширади.

Бундан ташқари, жамоат хавфсизлигини таъминлашга масъул бўлган ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларига лазер нурларини йўналтирилиши натижасида кўзнинг вақтинча кўрмай қолишига, бу эса содир бўлиши мумкин бўлган тартибсизликларнинг олдини олишда салбий оқибатларга олиб келиши мумкин.

Кўпгина хорижий давлатларда лазер қурилмаларининг фойдаланишини чекловчи ва назорат қилувчи қонунлар қабул қилинган.

Мамлакатимизда ҳам жамоат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ушбу турдаги қурилмаларни назорат қилиш, уларни лицензиялаш ва ноқонуний фойдаланиш ҳолатларини жазолаш бўйича чоралар қаторида мазкур Қонун қабул қилинмоқда.

Қонун билан амалдаги қонунчиликка маҳалла ҳуқуқ-тартибот масканларининг ҳамда таянч пунктларининг таркибини, уларда хизмат қилувчи инспекторларнинг ваколатларини аниқлаштиришга, патрул-пост хизмати саф бўлинмаларининг мансабдор шахслари томонидан тузилган маъмурий баённомаларни кўриб чиқиш ҳамда жазо чорасини қўллаш ваколатига эга шахсларни аниқлашга, шунингдек портатив лазерли нур тарқатгичларнинг қонунга хилоф муомаласи учун жавобгарлик белгилашга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Сенаторлар таъкидлаганидек, Қонуннинг қабул қилиниши маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш ҳамда жамоат тартибини сақлаш ишлари самарадорлигини янада оширишга хизмат қилади.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid