platina.uz
Иқтисод

Бюджет харажатлари сметасини йилига 4 марта ўзгартириш бекор бўлади

Ҳокимликларга ҳар чоракда жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларни молиялаштириш бўйича маълумотларни расмий веб-сайтларига ва “Очиқ бюджет” порталига жойлаштириш мажбурияти юкланмоқда.

Бюджет харажатлари сметасини йилига 4 марта ўзгартириш бекор бўлади

Бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчилар томонидан харажатлар сметасига йилига кўпи билан тўрт марта ўзгартириш киритиш амалиётига чек қўйилмоқда.

Сенатнинг ялпи мажлисида “Бюджет жараёни такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун муҳокама этилди.

Муҳокама мобайнида фуқароларни бюджет жараёнига жалб қилиш имкониятларини кенгайтириш орқали бюджет маблағларини тақсимлашда шаффофликни таъминлаш, уларнинг мақсадли сарфланиши устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш борасида тизимли ишлар амалга оширилаётганлиги қайд этилди. Бундан ташқари, Қонунда бюджет маблағларидан фойдаланишда раҳбарларнинг ваколатларини кенгайтириш ҳамда молиявий мустақиллигини таъминлаш ҳам назарда тутилмоқда.

Қонун билан амалдаги қонунчиликка бюджет жараёнини такомиллаштиришга, бюджет интизомига риоя этилишига доир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Туман ва шаҳарлар ҳокимликлари зиммасига ҳар чоракда жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларни молиялаштириш бўйича маълумотларни расмий веб-сайтларига ҳамда “Очиқ бюджет” ахборот порталига жойлаштириш мажбурияти юкланмоқда.

Шу билан бирга, бюджет маблағларидан фойдаланиш билан боғлиқ мақсадли индикаторларнинг бажарилиши тўғрисидаги ҳисоботларни Қонунчилик палатаси қўмиталарида ҳар чорак якунида эшитиб бориш амалиёти жорий этилмоқда.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасининг консолидациялашган бюджет ижроси тўғрисидаги йиллик ҳисобот ҳамда Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ярим йиллик ижроси тўғрисидаги ҳисоботлар Қонунчилик палатасининг қарори билан тасдиқланиши белгиланмоқда.

Шунингдек, Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг биринчи чорак ва 9 ойлик ҳисоботлари эса Қонунчилик палатасининг масъул қўмитаси қарори асосида қабул қилиниши назарда тутилмоқда.

Сенаторлар қонунни маъқуллади.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid