platina.uz
Жамият

Буюк Британия "Челси" сотувидан тушган пулларни Украинага бериш талабини қўйди

Россиялик олигарх Роман Абрамовичга тегишли 2,5 миллиард фунт-стерлинг ҳозирда музлатиб қўйилган. 

Буюк Британия "Челси" сотувидан тушган пулларни Украинага бериш талабини қўйди

Буюк Британия Роман Абрамовичга “Челси” савдоси маблағини Украинага бериш бўйича сўнгги ултиматум қўйди.

Буюк Британия ҳукумати россиялик олигарх Роман Абрамовичга “Челси” футбол клуби сотувдан тушган 2,5 миллиард фунт стерлингни Украинадаги уруш қурбонлари учун гуманитар мақсадларга йўналтириш бўйича охирги имконият берди.

Акс ҳолда, расмий Лондон унга қарши суд жараёнини бошлашини маълум қилди.

Буюк Британия 2022 йилда Россиянинг Украинага бостириб киришидан сўнг россиялик олигархларга қарши санкциялар доирасида Роман Абрамовичга ҳам санкция қўллаган эди. Бу эса Премер-лига клуби — “Челси”нинг шошилинч сотилишига ва савдодан тушган маблағларнинг музлатилишига олиб келган.

Британия ушбу маблағлар фақат Украинадаги гуманитар мақсадлар учун сарфланишини истамоқда. Бу Европанинг кенгроқ ташаббусининг бир қисми бўлиб, унда Россия ўз босқини оқибатида юзага келган ўлим ва вайронагарчилик харажатларини қоплаши кераклиги таъкидланади.

Абрамович аввалроқ маблағлардан фойдаланишда кўпроқ эркинлик бўлишини сўраган ва пул барча жабрланганларга берилиши кераклигини айтган. Ҳукумат берган янги шартларга кўра, Абрамовичда 90 кун вақт бор.

Агар россиялик тадбиркор маблағларни тез фурсатда бермаса, ҳукумат 2022 йилда тузилган келишувни мажбуран ижро эттириш учун судга мурожаат қилишга тайёр эканини билдирди.

“Украина халқига тегишли бўлган 2,5 миллиард фунт стерлингдан ортиқ маблағ Буюк Британиядаги банк ҳисобида музлатилган ҳолда қолиши мутлақо қабул қилиб бўлмайдиган ҳолат” — деди молия вазири Рейчел Ривз баёнотида.

Бош вазир Кир Стармер Британия ҳукуматининг маблағларни бўшатиш учун махсус лицензия беришини айтди. Бу эса пулни янги хайрия жамғармасига ўтказиш имконини беради.

“Жаноб Абрамовичдан аниқ ҳуқуқий йўл орқали жамғарма ташкил этиш ва маблағларни лицензия шартлари асосида ўтказиш бўйича келадиган ҳар қандай таклифни кўриб чиқамиз,” — деди Ривз парламентга йўлланган алоҳида баёнотда.

Европа Иттифоқи етакчилари пайшанба куни Россияга тегишли музлатилган давлат активларидан тушадиган даромадларни Украинани қўллаб-қувватлаш — айниқса унинг катта бюджет ва мудофаа эҳтиёжлари учун ишлатиш бўйича таклифларни кўриб чиқиши кутилмоқда. Москва эса бу ташаббусга кескин қарши чиқмоқда.

Абрамович даврида “Челси” клуби ўз тарихидаги энг муваффақиятли даврни бошдан кечирди. Клуб 2022 йил май ойида АҚШлик инвестор Тодд Бели ва "Clearlake Capital" хусусий инвестиция компанияси бошчилигидаги консорциумга сотилган эди.

Савдодан тушган маблағлар ҳозирда Буюк Британиядаги банк ҳисобида музлатилган. Уларни кўчириш ёки ишлатиш учун Молия вазирлиги таркибидаги Молиявий санкцияларни ижро этиш бошқармаси (Office of Financial Sanctions Implementation) томонидан бериладиган махсус лицензия талаб этилади.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid