platina.uz
Жаҳон

Голливудни ларзага солган ҳодиса: машҳур актёр ўлими ортидан унинг ўғли ушланди

Лос-Анжелес прокурорлари Ник Райнерни ўз ота-онаси, актёр Роб Райнер ҳамда Мишел Сингер Райнерни ўлдиришда расман айблади.

Голливудни ларзага солган ҳодиса: машҳур актёр ўлими ортидан унинг ўғли ушланди

Ник Райнер ота-онасини ўлдиришда айбланмоқда.

Лос-Анжелес прокурорлари сешанба куни Ник Райнерни ота-онаси — Голливуднинг таниқли арбоблари ва Демократик партиянинг нуфузли вакиллари Роб Райнер ҳамда Мишел Сингер Райнерни ўлдиришда расман айблади.

Прокуратура маълумотига кўра, Райнерга қасддан одам ўлдириш бўйича икки банд қўйилган. Қўйилган айбловларни жиноятни оғирлаштирувчи ҳолатлар сифатида кўриб чиқилиши сўралмоқда, чунки ишда бир нечта қотиллик ҳолати мавжуд.

Агар Ник Райнер айбдор деб топилса, унга шартли озодликсиз умрбод қамоқ ёки ўлим жазоси берилиши мумкин. Бироқ прокурорлар ҳозирча ўлим жазосини талаб қиладими-йўқми, бу борада аниқ баёнот бермади. (Калифорния губернатори Гевин Нюсом қатл этишларга мораторий жорий қилган, аммо штатда ўлим жазоси қонунан ҳануз мавжуд.) Райнер ҳозирча айбловлар бўйича ўз айбини тан олиш ёки рад этиш билдирмаган.

Лос-Анжелес округи прокурори Натан Ж. Хочман айбловлар Райнерларнинг Брентвуддаги уйида ота-онаси ўлик ҳолда топилганидан икки кун ўтиб эълон қилинганини маълум қилди. Прокурорларга кўра, Ник Райнер ота-онасини пичоқ билан ўлдирган, суд-тиббий экспертиза эса уларнинг шанба ёки якшанба куни вафот этганини аниқлаш устида иш олиб бормоқда.

16 декабр куни тушдан кейин журналистлар билан тўла залда чиқиш қилган Хочман, иш жабрланувчилар ва айбланувчи ўртасидаги яқин қариндошлик туфайли ниҳоятда мураккаб бўлишини таъкидлади.

“Оила аъзолар иштирокидаги бундай ишлар идорамиз дуч келадиган энг оғир ва юракни ларзага соладиган ҳолатлардандир” — деди у.

Шунингдек, у ишнинг машҳурлиги сабабли миш-мишлар ва тахминлар кўпайиши мумкинлигини айтиб, жамоатчиликни эҳтиёткор бўлишга чақирди.

Лос-Анжелес полиция бошлиғи Жим Макдоннелнинг айтишича, 14 декабр куни тушдан кейин Райнерлар уйига чақирув бўйича полиция борган ва Ник Райнер ўша кечаси Жанубий Калифорния университети яқинида қаршиликсиз ҳибсга олинган.

Ник Райнер 16 декабр тонгида илк бор судга чиқиши кутилган эди, бироқ унинг адвокати Алан Жексон мижозининг соғлиғи сабаб қамоқхонадан судга олиб келишга тиббий рухсат берилмаганини билдириб, у суд мажлисида қатнашмаслигини айтди.

Бу фожеа Голливудни ларзага солди ва ундан анча узоқларга ҳам акс-садо берди. Маълум қилинишича, Ник Райнер йиллар давомида наркотик қарамлик (аддикция) муаммолари билан курашиб келган, ота-онаси эса уни қутқариш учун қўлидан келганини қилган.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid