platina.uz
Жамият

Автомобил савдоси бўйича яна бир йирик фирибгарлик аниқланди

1994 йилда туғилган шахс “АCTIV AVTO KAPITAL” МЧЖ орқали 180 иш кунида машина етказиб беришни ваъда қилган ва мижозларнинг миллиардлаб пулларини ўзлаштириб юборган. 

Автомобил савдоси бўйича яна бир йирик фирибгарлик аниқланди

Автомобиллар савдоси ниқоби остидаги йирик фирибгарлик: Тошкентда эркак 9 йилга қамалди.

2025 йил 4 декабр куни Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича Якксарой тумани судида автомобил хариди баҳонасида фуқароларни алдаб, йирик миқдорда маблағларни қўлга киритган шахсга нисбатан ҳукм ўқилди. Суд ҳукми нусхаси Platina.uz ихтиёрида мавжуд.

Суд материалларига кўра, 1994 йилда туғилган А.А. бир гуруҳ шахслар билан олдиндан жиноий тил бириктирган ҳолда “АCTIV AVTO KAPITAL” МЧЖ орқали 180 иш кунида автомобил сотиб олиб бериш ҳақидаги шартномалар тузган.

Бироқ мижозлардан олинган бошланғич тўловлар белгиланган мақсадда – автомобил хариди учун ишлатилмаган, транспорт воситалари эса етказиб берилмаган.

Иш бўйича жами 45 ҳолатда мижозлардан пул олинган ва автомобил етказиб берилмаган. Мижозлардан 49 млн, 73 млн, ҳатто 120 млн сўмгача маблағлар олинган.

Суд жараёнида айбланувчи айбига қисман иқрорлик билдирди. Айрим эпизодлар бўйича суд А. Ани айбсиз деб топган бўлса-да, асосий қисмда у Ўзбекистон Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми (“а, б” бандлари) билан айбдор деб топилди.

Суд бу модда бўйича айбдорга 7 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади. Шунингдек, аввал — Наманган вилояти Чуст тумани суди томонидан 2024 йил 18 декабрда тайинланган жазони қисман қўшиш йўли билан унга узил-кесил 9 йил озодликдан маҳрум этиш жазоси белгиланди. Жазо умумий тартибли колонияда ўталади.

Суд ҳукмига кўра, жазони ўташ муддати 2024 йил 10 июлдан бошлаб ҳисобланади, судланувчига нисбатан қамоқда сақлаш эҳтиёт чораси ўз кучида қолдирилди.

Шунингдек, суд А.А ва унинг шериги Р. К. дан жабрланувчиларга етказилган зарарларни солидар тартибда ундириш тўғрисида қарор чиқарди.

Ҳукм устидан қонунда белгиланган тартибда шикоят берилиши мумкин.

Суд иши Олий суд порталидан олинди.

Аввалроқ, Тошкентда бир гуруҳ шахслар томонидан 2023 йил давомида “Zamin Avto Karavan” МЧЖ номи орқали ўнлаб фуқаролардан катта миқдорда пуллар олиб, автомашина етказиб бериш ваъдаси билан фирибгарлик содир этилгани аниқланганди.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid