platina.uz
Жамият

Энергетика вазирлиги: иситишда табиий газдан воз кечиш режалаштирилмоқда

Янги ташаббусга кўра, электр бўйича имтиёзли тарифлар жорий этилади. Иситиш мавсумида 2000 кВт·соатгача бўлган электр учун 50 фоизгача чегирма берилиши мумкин. 

Энергетика вазирлиги: иситишда табиий газдан воз кечиш режалаштирилмоқда

Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудовга кўра, иситишда газдан тўлиқ воз кечилади ва электр бўйича имтиёзли тарифлар жорий этилади.

Вазирлик изоҳига кўра, Беларус, Хитой ва қатор Европа давлатларида энергия истеъмолини тўлиқ декарбонизация қилиш, “Zero carbon – eco home” тамойиллари асосида уй-жойлар қуриш ва истеъмолни тўлиқ электрлаштириш амалиёти муваффақиятли жорий этилган. Мазкур ёндашув дунё мамлакатларида кенг оммалашмоқда.

Шу муносабат билан Ўзбекистонда ҳам энергия истеъмоли маданиятини ошириш, янги барпо этилаётган кўп қаватли турар-жойларни тўлиқ электрлаштириш, овқат тайёрлаш учун электр плиталари билан таъминлаш, иситиш тизимини электр энергиясига ўтказиш ҳамда табиий газ тармоқларига уланмаган кўп хонадонли уйлар, ётоқхоналар ва газлаштирилмаган ҳудудлардаги ҳовлилар учун имтиёзли тарифларни жорий этиш бўйича ҳисоб-китобларга асосланган таклифлар ишлаб чиқилган.

Мазкур таклифлар лойиҳасига кўра, овқат тайёрлаш учун электр плиталари билан жиҳозланган, иситиш тизими тўлиқ электрлаштирилган, марказлашган иситиш тизими ва табиий газ тармоқларига уланмаган кўп қаватли уйлар, ётоқхоналар ҳамда газлаштирилмаган ҳудудларда яшовчи маиший истеъмолчиларга (субсидияланадиган нархлардаги суюлтирилган газ, кўмир ёки табиий газдан фойдаланмаган тақдирда) ойлик истеъмол ҳажмига қараб:

  • иситиш мавсумида — 2000 кВт·соатгача;
  • иситиш мавсумидан ташқари — 1000 кВт·соатгача;
  • электр энергияси истеъмоли учун амалдаги тарифларга нисбатан 50 фоизгача чегирма қўллаш назарда тутилмоқда, дейилади вазирлик изоҳида.

Таклифлар идоралараро тартибда келишилган.

Ҳозирда мавжуд электр тармоқларининг қўшимча юкламани қабул қилиш имконияти бўйича техник аудит давом этмоқда. Шунингдек, Энергетика вазирлиги, ИМВ, Ўэнергоинспекция, ҲЕТ АЖ ва HGT АЖ томонидан қўшимча ўрганишлар олиб борилмоқда.

Мазкур ислоҳотлар Ўзбекистон энергетика тизими учун муҳим трансформатсия жараёни бўлиб, халқаро тажрибада кузатилганидек, бундай ўзгаришлар чуқур таҳлил, вақт ва юқори даражадаги эҳтиёткорликни талаб қилади. Жараённинг босқичма-босқич амалга оширилиши тизимнинг стратегик аҳамиятидан келиб чиқади.

Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, айрим ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари томонидан мазкур жараённинг мураккаблиги ва масъулият даражасини инобатга олмаган ҳолда нохолис талқин қилинмоқда. Таклифларнинг кўриб чиқилиши ва қабул қилиниши амалдаги регламентларга қатъий риоя этилган ҳолда амалга оширилмоқда.

Ҳисоб-китоблар ва техник аудит якунига кўра, умумий хулоса шакллантирилади ва шундан сўнг таклифларнинг амалиётга татбиқ этилиши таъминланади.

Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов томонидан мазкур таклифлар тегишли давлат органларига тақдим этилгани, аудит жараёнлари давом этаётгани ва ишлаб чиқилган механизмнинг келгуси йилда жорий этилишидан умидворлиги бир неча бор оммага маълум қилинган, дея таъкидлайди вазирлик.

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid