platina.uz
Таҳлил

“Украина – келажакдаги режаларнинг биринчи босқичи холос”

Россия катта урушга тайёрланяпти: Британия, Германия ва Полшадаги кичик ва катта воқеалар – портлашлар, темир йўл саботажлари, сув таъминотидаги муаммолар – ҳеч қандай тасодиф эмас.

“Украина – келажакдаги режаларнинг биринчи босқичи холос”
Фотоколлаж: Platina.uz

Россиянинг Украинани босиб олишга қаратилган фаол ҳарбий уринишлари бошланганига ҳадемай 3 йилдан ошади. Киевни 3 кунда босиб оламиз, деган рус армияси 3 йилда ҳам мақсадига эриша олмаяпти. Гарчи бу уруш 2022 йил 24 февралида бошланган бўлса-да, аслида Россия тажовузи 2014 йилда чўғ олган ва Украинага тегишли Қрим ярим оролининг босиб олишига сабаб бўлган эди.

АҚШ президенти Доналд Трампнинг “тинчлик ўрнатувчи етакчи” образини исботлаш учун, аслида Россиядаги ерости бойликларини ўзлаштириш ва қўшимча даромад манбаини яратиш учун кўрсатаётган саъй-ҳаракатлари ҳам ҳозирча арзирли натижа бермади. Трампнинг охирги ултиматумига кўра, томонлар 25 декабр – Милод кунигача тинчлик битимини имзолашлари керак. Трамп маъмурияти бунга эришиш учун фақатгина Киевга босимни кучайтирмоқда. Шармандали ён босишлар ва ҳудудий йўқотишлар эвазига бўлса ҳам урушни, демакки, мудофаа ҳаракатларини тўхтатишни Украинадан талаб қилмоқда.

Шахсий амбиция

Бироқ экспертларнинг айтишича, Россия президенти Владимир Путин бу урушни тўхтатишдан манфаатдор эмас. The Times нашри таҳлилига кўра, Путин шахсий ва стратегик сабабларга кўра урушни давом эттирмоқда. Россия етакчиси, аввало ўз ички сиёсий позициясини мустаҳкамлаш, армия ва элита орасида мавжуд қудрат муносабатларини балансда ушлаб туришга интиляпти. Қолаверса, у геосиёсий ва ҳарбий имкониятларини максималлаштиришга ҳаракат қилмоқда.

Таҳлиллар шуни кўрсатадики, Кремл раҳбари учун уруш – бу нафақат ташқи сиёсат воситаси, балки ички мафкуравий ва психологик ресурс ҳамдир. Донбассдаги фронтдаги фаоллик орқали Путин ўз сиёсий имижини мустаҳкамлаб, миллий руҳиятни бирлаштиришга ва ташқи таҳдидларга қарши қатъийлик кўрсатишга уринмоқда.

Экспертларнинг таъкидлашича, гарчи ушбу стратегия Россия учун қимматга тушаётган – иқтисодий муваффақиятсизликлар, халқаро санкциялар ва армиянинг узоқ муддатли ҳаракат қобилияти масалалари долзарблашаётган бўлса-да, Путин ҳали-бери тинчлик ўрнатилишини истамайди. Чунки Россиянинг кенг кўламли уруши – фақат ҳудудлар учун эмас.

Мафкуравий масала

Эслатиш жоиз, Кремлнинг бош мақсади – урушнинг “асосий сабаблари”ни бартараф этиш, яъни Киевдаги россияпараст бўлмаган ҳукуматни ағдаришдан, Украинанинг келажаги Ғарбга йўналмаслиги, Москвага бўйсунган ҳолда сиёсат юритишига эришишдан иборат. Россия Украинага НАТОга аъзо бўлиш имконини бермаслик ва унинг армияси ҳажмини чеклашни талаб қилаётгани ҳам ана шу мақсадга хизмат қилиши назарда тутилган. Зеро, Ғарб давлатлари томонидан Донбасснинг тўлиқ Россияники деб эътироф этилиши – Путин учун шахсий обрў ва ҳокимиятга ҳурмат масаласидир.

Ички сиёсий мувозанат

Ҳатто Украина ўз ерларини Россияга берса-да, Путин бундан қониқиш ҳосил қилмайди. Аниқроғи, шу пайтгача деярли 1 миллион рус аскарлари қони ва сарфланган триллионлаб доллар пуллар учун жавоб бериш масаласи юзага чиқади. Урушдан аввал Путин қўйган баҳона ва талаблар бажарилмагани ҳам Россия сиёсий ва ҳарбий элитасининг Путиндан норози бўлишига олиб келиши мумкин.

Европа билан бўлажак уруш эҳтимоли

Яқинда Путин “керак бўлса, Европага қарши ҳам уришиши” мумкинлигини маълум қилди. Демак, Ғарб билан совуқ уруш энди “қайноқ уруш” босқичига ўтиши мумкин. Буни исботловчи энг асосий далил – гарчи урушнинг охири кўриниб қолаётган бўлса-да, Россия қуролланиш ва ҳарбий саноатни ривожлантиришдан, армияни катта уруш учун тайёрлантиришдан тўхтамаяпти. Хорижий давлатлар билан Россия ерлари, ерости ва ерусти бойликлари ва бошқа ён босишлар эвазига Хитой, Шимолий Корея ва Ҳиндистон билан алоқаларни мустаҳкамлашга интилмоқда. Бундан келиб чиққан ҳолда айтиш мумкинки, Москва истиқболда узоқ давом этувчи урушга тайёрланяпти.

“Россиянинг 2029 йилда бошлаши мумкин бўлган “қайноқ уруш”га тайёргарлик кўрмоқда, деган хабар нафақат разведка ҳисоботларида, балки Европанинг психологик фазосида ҳам акс-садо бермоқда.

Шарқий Европадан тортиб Балтика соҳилигача бўлган ҳудудлардаги шубҳали ҳаракатлар – бу хавотирларда асос борлигини кўрсатади. Россиянинг ҳарбий базалари, янги бригадалар ва дивизияларнинг ҳақиқий мақсади нимада – НАТО ва Ғарб разведкаси шу саволга жавоб изламоқда, уларнинг таҳлиллари ҳам ҳайратланарли, ҳам хавфли: саботажлар, киберҳужумлар, психологик таъсир – бу “гибрид урушнинг” аломатлари бўлиши мумкин.

Британия, Германия ва Полшадаги кичик ва катта воқеалар – портлашлар, темир йўл саботажлари, сув таъминотидаги муаммолар – ҳеч қандай тасодиф эмас. Бу – Россиянинг асл режасига мос тушади, деганидир. Россия шундай кичик хуружлар орқали Европада ички барқарорликни синовдан ўтказмоқда, одамлар эса бу ҳолатларни оддий техноген муаммолар деб ҳисоблаши мумкин, лекин улар ортида катта ҳарбий стратегия яширингани эҳтимолга яқин.

Россия психологик урушда ҳам тажриба ўтказмоқда. Пропаганда орқали Европа ичидан бўлинишни қўзғатиш, миграция, иқтисодий стресс, дингa асосланган низолар – барчаси режалаштирилган. Ҳар бир киберҳужум, ҳар бир салбий хабар, ҳар бир саботаж – бу катта расмнинг бир қисмидир.

НАТО ва Европа қандай жавоб бериши мумкин?

Бу вазиятда Ғарб давлатлари ва НАТОнинг масъулияти катта. Кибер-ҳимоя тизимлари, тезкор разведка, сув, энергетика ва интернет инфратузилмаларини муҳофаза қилиш, ва албатта, дипломатия борасида улкан тайёгарлик ва ҳушёрлик талаб этилади. Европа учун асосий муаммо – бирдамликни сақлаш ва ҳар қандай провокацияга тез ва мувофиқ жавоб бериш бўлиб қолмоқда.

2029 йилгача прогноз

Экспертлар аллақчон бу таҳдид ва эҳтимолий оқибатларни тарозига солиб, прогнозлар чиқаришга ҳам улгурган. Уларга кўра:

2025-2027 йилларда Россия саботаж ва киберҳужумлар орқали Европа давлатларининг ички барқарорлигини синовдан ўтказади.

2027-2029 йилларда Россия ҳарбий салоҳиятни тўлиқ тиклайди ва қисқа уруш эҳтимоли пайдо бўлади.

2030-йиллар – янги музокаралар ва глобал хавфсизлик модели шаклланади. Агар ҳар икки томон ҳам огоҳлик ва бирдамликни сақлаб қолса, можаро хавфи камаяди; акс ҳолда дунё яна хавф остида қолади.

Хулоса

Россиянинг “2029 йилгача тайёргарлик” ҳаракатлари – бу нафақат геополитика, балки психологик, стратегик ва ҳарбий тест. Европа ва дунёнинг жавоби эса ишонч, бирдамлик ва тезкорликка боғлиқ. Агар огоҳлик ва ҳамжиҳатлик сақланса, можаро эҳтимоли пасаяди. Агар тафовут ва ички бўлинишлар кучайса, дунё яна қўрқув ва ноаниқлик остида қолади.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid