platina.uz
Жамият

Тошкентда яшил ҳудуд барпо этган фуқаро жавобгарликка тортилгани бўйича изоҳ берилди

36 сотих ерда бир фуқаронинг ташаббуси билан кичик боғ барпо этилган, ушбу ҳудуд аллақачон қўмитанинг Тошкент шаҳар бошқармаси назорати остида бўлган. 

Тошкентда яшил ҳудуд барпо этган фуқаро жавобгарликка тортилгани бўйича изоҳ берилди

Ижтимоий тармоқларда Тошкентда яшил ҳудуд яратгани учун бир фуқаро маъмурий жавобгарликка тортилгани ҳақида хабар тарқалди.

Ҳолат Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси томонидан воқеа жойига бориб ўрганилган.

Ўрганиш давомида кўрсатилган майдон, яъни 36 сотих ерда бир фуқаронинг ташаббуси билан кичик боғ барпо этилганлиги, ушбу ҳудуд аллақачон қўмитанинг Тошкент шаҳар бошқармаси назорати остида бўлганлиги ва бу ерда мунтазам мониторинг олиб борилганлиги маълум бўлди.

Шунингдек, илгари бу жой тартибсиз чиқинди тўпланган ҳудуд бўлган, бироқ фуқаролар ташаббуси билан тозаланиб, маҳаллий аҳоли учун обод масканга айлантирилган.

Бугунги кунда бу ерга 246 туп манзарали, мевали дарахтлар ва буталар экилган. Барча кўчатлар “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасидаги электрон платформага киритилган ва қўмита назоратида турибди.

"Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлайди. Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 199-сонли Фармонига кўра, жисмоний ва юридик шахслар автомобиль ва темир йўллар бўйлаб ҳамда бўш ҳудудларда боғлар яратишга ҳақли. Бундан ташқари, мазкур ҳужжат бундай ташаббускор фуқароларга ер участкасини 10 йилгача бевосита фойдаланиш учун бериш имконини ҳам назарда тутади.

Мазкур ҳолатда боғ яратиш аввалги чиқиндихонани ободонлаштириш йўлидаги муҳим қадам бўлди. Ташаббускор фуқаро аввалдан маҳалла фуқаролар йиғинига мурожаат қилиб, ҳудудни тозалаш таклифини берган, шундан сўнг 300 га яқин аҳоли бу ғояни қўллаб-қувватлаб, ҳашарда иштирок этган", дейилади қўмита хабарида.

Тошкентда атмосферани яхшилаш бўйича амалга оширилаётган ишлар фонида бундай ташаббуслар алоҳида экологик аҳамиятга эга. Яшил ҳудудлар кислород миқдорини кўпайтиради, аҳолининг дам олиши учун қулай ва соғлом шароит яратади. Бугун бу жой тўлақонли дам олиш масканига айланган бўлиб, уни бемалол яшил жамоат боғи деб аташ мумкин.

Қўмита яшил ҳудудларни кенгайтиришга қаратилган ташаббусларни қўллаб-қувватлашда давом этишини билдирган.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid