Рақобат қўмитаси янги йил чегирмалари бўйича огоҳлантириш билан чиқди
Сотувчи истеъмолчининг талабига кўра ҳар бир товар учун чегирма нархгача бўлган қиймат тўғрисида аниқ маълумот тақдим этиши шарт.

Байрам яқинлашгани сайин, янги йил муносабати билан кўплаб тадбиркорлик субъектлари савдони ошириш, истеъмолчиларни жалб қилиш мақсадида турлича акция ва чегирмаларни тақдим этишади.
Рақобат қўмитаси бундай тадбирларни истеъмолчиларнинг манфаатлари йўлида қўллаб-қувватлайди ва ҳар қандай ҳуқуқий кўмак ҳамда тадбиркорлик субъектларига амалий ёрдам кўрсатишга доимо тайёрлигини билдирган.
Бироқ, айрим тадбиркорлик субъектлари томонидан ўз манфаатларини ўйлаб ёлғон чегирма ёки акцияларни эълон қилиш ҳолатлари ёки чегирма миқдори, акцияга қўйилган товарлар сони ва бошқа зарур ахборотларни тақдим этмаслик ҳолатлари аниқланмоқда.
Маълумот учун, жорий йилнинг ўтган вақти давомида Қўмитага келиб тушган 48 мингдан ортиқ мурожаатларнинг асосий қисми истеъмолчиларга тўғри ва тушунарли ахборот тақдим этилмаганлик ҳолатларига тўғри келади.
Мисол учун: бугунги кунда “янги йил акцияси”, “янги йил чегирмаси”, “бирини олинг иккинчиси текинга”, “чегирма эълон қилдик”, “акциямиз бошланди”, “чегирма 50 фоиз”, “барча товарларга акция”, “фақат бугун улгуриб қолинг” ва бошқа турдаги жалб қилувчи акциялар кўпаймоқда.
Ҳукумат қарори билан тасдиқланган Чакана савдо қоидаларига кўра:
-сотувчи ўз товарларига нисбатан чегирмаларни эълон қилишда товарлар ва нархлар ҳисобини юритишга, товарнинг охирги 30 кунда амалда бўлган нархларини қайд этиш ҳамда истеъмолчининг талабига кўра, мазкур маълумотларни тақдим этишга мажбур.
Сотувчи товарлар нархига нисбатан чегирма қўллашда:
-чегирмани аниқ фоиз ёки сумма шаклида белгилаши ҳамда товар нархи осон аниқланиши ва аниқ ўқилишини таъминлаши;
-истеъмолчининг талабига кўра, ҳар бир товар учун чегирма нархгача бўлган нарх тўғрисида аниқ маълумот тақдим этиши;
-сотувчи товарнинг чегирма эълон қилингунга қадар охирги 30 кундаги энг паст нархини тасдиқловчи ҳужжатлар (далиллар) билан асослаши (қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари бундан мустасно);
-агарда чегирма нархда сотилиши назарда тутилган товар сони чекланган ёки мавсумий ёхуд маҳсулотларининг ҳолатига боғлиқ бўлса (хизмат қилиш муддати ёки яроқлилик муддати яқинлашган, бут бўлмаган, мавсумий сотиш, эски захираларни тугатиш, қадоқлашнинг шикастланиши ва/ёки бошқа сабаблар), бу ҳақида сотувчи чегирма тўғрисидаги маълумотда истеъмолчиларни хабардор қилиши;
-чегирма нархнинг амал қилиш муддати (бошланиш ва тугаш санаси) аниқ кўрсатилиши, агар чегирма нарх фақатгина муайян шароитларда қўлланилса, бу шароитлар олдиндан маълум қилиниши;
-агар чегирмани тақдим этиш истеъмолчидан шахсга доир маълумотларни бериш ёки рўйхатдан ўтказишни талаб қилса, сотувчи шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонунчиликка риоя этиши ва истеъмолчиларни уларнинг маълумотларини қайта ишлаш мақсадлари ва шартлари тўғрисида хабардор қилиши шартлиги белгиланган.
Чегирма эълон қилинганда, унинг шартлари ва амал қилиш муддати аниқ кўрсатилиши лозим.
Сотувчи рағбатлантирувчи акция ўтказишда рағбатлантирувчи акциянинг амал қилиш муддати, сотиб олиш шартлари, рағбатлантирувчи акцияга қўйиладиган товарлар номи (туркуми), миқдорини истеъмолчиларга аниқ ва тушунарли қилиб етказиши, шартларини ўзгартирмаслиги, таклиф этилаётган чегирма, бонус ва бошқа имтиёзлар ҳақиқатда амал қилишини таъминлаши шарт.
Шунингдек, алкогол ва тамаки маҳсулотларини ҳамда тамакини ва никотинни истеъмол қилиш мосламаларини сотишда чегирмалар қўллаш шунингдек, дори воситалари, овқатга қўшиладиган биологик фаол қўшимчалар ва озиқ-овқат қўшимчалари рекламаси бўйича ҳамда энергетик ичимликлар рекламасида рағбатлантирувчи акциялар ўтказиш тақиқланади.
Юқоридагиларга кўра, Рақобат қўмитаси тадбиркорлик субъектларини қонунчилик талабларига қатъий амал қилишлари лозимлиги, ушбу талаблар бузилиши аниқланган тақдирда тегишли жавобгарлик ва молиявий жарималар қўлланилиб, чора кўрилиши юзасидан огоҳлантирган.
Эслатма: "Тадбиркорлик фаолияти эркинликлари кафолатлари" тўғрисидаги Қонуннинг 9-моддасига асосан, тадбиркорлик фаолияти субъектлари рақобат тўғрисидаги ва истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳақидаги қонунчилик талабларига риоя этишлари шарт.