platina.uz
Иқтисод

Глобал қарз рекорд 346 трлн долларга етди

Ривожланган мамлакатларда қарз олиш кескин ошган. Бу кўрсаткич глобал ЯИМнинг тахминан 310 фоизига тенг. 

Глобал қарз рекорд 346 трлн долларга етди

Ривожланган бозорлар глобал қарзни рекорд даражага — қарийб 346 триллион долларга олиб чиқди, дея хабар беради Халқаро Молия Институти.

Ривожланган мамлакатларда қарз олиш кескин ошгани сабаб учинчи чорак охирига келиб жаҳон умумий қарзи қарийб 346 триллион долларга етди.

Халқаро Молия Институти (ХМИ) маълумотига кўра, сентябр ойининг охирига келиб жаҳон бўйича умумий қарз ҳажми 345,7 триллион долларга етган. Бу кўрсаткич глобал ЯИМнинг тахминан 310 фоизига тенг бўлиб, 2022 йил ўрталаридан бери нисбатан барқарор сақланиб келмоқда. АҚШ долларининг заифлашуви маҳаллий валюталарда расмийлаштирилган мажбуриятлар қийматини долларда ҳисоблаганда ошишига сабаб бўлди.

Халқаро Молия Институтида барқарорлик тадқиқотлари директори Эмре Тифтикнинг айтишича, умумий ўсишнинг асосий қисми ривожланган бозорларга тўғри келган. Бу мамлакатларда йирик марказий банклар пул-кредит сиёсатини юмшатгани сабабли қарз олиш бу йил кўпайган.

Сентябр ойигача бўлган даврда жорий йил бошидан буён қарз 26,4 триллион долларга ошган — бу ҳафтасига ўртача 675 миллиард доллар дегани. Ўтган чоракда ҳам Хитой ва АҚШ давлат қарзи энг катта ошишни кўрсатган, сўнгра Франция, Италия ва Бразилия келган.

Ривожланган бозорлар қарзи рекорд даражада 230,6 триллион долларга етган. Ривожланаётган бозорлар қарзи ҳам 115 триллион доллардан ошиб, рекорд кўрсаткични қайд этган. Россия, Корея, Полша ва Мексикада қарз ўсиши энг юқори бўлган давлатлар қаторида қайд этилган.

АҚШ Олий суди томонидан Трамп маъмурияти жорий йил бошида киритган божларнинг қонунийлиги бўйича кутилаётган қарор янги хавф сифатида баҳоланмоқда. XMИ огоҳлантиришича, салбий қарор АҚШ бюджетига босимни ошириб, Молия вазирлигини янада кўпроқ қарз олишга мажбур қилиши мумкин.

Жаҳон қарзининг ошишида асосий омил сифатида давлат қарзлари кўрсатилмоқда. ХМИГА кўра, бюджет тақчилликлари юқори даражада қолаётганлиги ва 2026 йилда Япония, АҚШ, Германия ҳамда Хитойда йирик фискал рағбатлантириш пакетлари ишга тушиши кутилаётгани сабаб суверен давлатлар қарз юкини ва фоиз тўловларини оширишда давом этади.

Бозорлар кесимида ривожланаётган давлатлар бу йил халқаро бозорларга янада кўпроқ мурожаат қилмоқда. Ривожланаётган бозорлар суверен еврооблигатсиялар эмиссияси 2025 йилда рекорд даражага етган. Бунга долларнинг заифлашуви ва йирик марказий банкларнинг сиёсатни юмшатиши ёрдам берган.

JPMorgan ҳисоб-китобларига кўра, декабрь бошига келиб ривожланаётган давлатларнинг суверен облигациялар чиқариш ҳажми 255,7 миллиард долларни ташкил этган. Бу 2025 йилни ялпи эмиссия бўйича энг юқори йилга айлантирди. Шундан 182,1 миллиард доллари инвеститсион даражадаги қарзларга тўғри келган. Бироқ банк бу ҳолатни “бир марталик” деб баҳолаб, келаси йилда эмиссия камайишини кутмоқда.

Шунга қарамай, қайта тузилган давлатлар учун бозорга чиқиш имконияти ҳануз жуда чекланганлигича қолмоқда, дея хулоса қилади ҳисобот.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid