platina.uz
Жамият

Оғир вазнли транспортлар ҳаракатланишини мавсумий чеклаш тартиби ишлаб чиқилади

Бундай транспортлар ҳаракати оқибатида 1800 километр йўл таъмирталаб ҳолга келиб қолган. Ўзбекистон автомобил йўлларини 2035 йилгача ривожлантириш стратегияси ишлаб чиқилади. 

Оғир вазнли транспортлар ҳаракатланишини мавсумий чеклаш тартиби ишлаб чиқилади

Президент Шавкат Мирзиёев 9 декабр куни автомобил йўллари соҳасида амалга оширилаётган ишлар ва келгуси режалар юзасидан тақдимот билан танишди.

Охирги уч йилда соҳада бажарилган ишлар, молиялаштириш ҳажми ва амалий натижалар ҳақида маълумот берилди.

Ушбу давр мобайнида автойўл соҳасига қарийб 40 триллион сўм ажратилиб, 63 минг километр йўлда қурилиш ва таъмирлаш ишлари бажарилди. Соҳага хориждан жалб қилинаётган маблағлар 3 баробар ошиб, 2025 йилда 1,2 миллиард долларга етди. Йўл қурилишида намунавий андозалардан воз кечилиб, ҳар бир ҳудуднинг геологик ва экологик хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда лойиҳалаштириш амалиёти жорий этилди. Замонавий турдаги қопламалар ишлаб чиқилиб, йўлларнинг хизмат муддати 1,5 баробарга оширилди.

Тақдимотда соҳада мавжуд муаммоларни ҳал этиш юзасидан таклиф ва режалар тақдим қилинди. Аввало, мавжуд умумий фойдаланишдаги ва ички йўллар ҳамда кўприкларни таъмирлаш, янгиларини барпо этишда илғор тажриба ва жаҳонда ўзини оқлаган технологиялардан фойдаланиш сустлиги кўрсатиб ўтилди.

Келгуси йилларда 21 минг километр йўлларни қуриш ва таъмирлаш, 14 минг километр тупроқ йўлларни шағаллаштириш ҳамда 325 та кўприкни таъмирлаш режалаштирилган. Бунда хорижий экспертлар ва технологияларни кенг жалб қилиш, илғор стандартларни жорий қилган ҳолда ишни ташкил этиш топширилди.

Оғирлиги меъёрдан ортиқ юк автомашиналарининг ҳаракатлангани оқибатида 1800 километр йўл таъмирталаб ҳолга келиб қолгани кўрсатиб ўтилди.

Шу муносабат билан юк транспорти вазнини назорат қилиш учун ўлчов тарозилари тармоғини кенгайтириш зарурлиги қайд этилди. Ҳозирда 9 та шундай тарози ўрнатилган, 8 тасини ўрнатиш ишлари давом этмоқда. Келгусида яна 35 та кўчма ва стационар назорат-ўлчов масканини барпо этишга топшириқ берилди.

Мутасаддиларга оғирлик ва габарит назорати билан боғлиқ барча жараёнларни қамраб олган идоралараро электрон ахборот тизимини ишга тушириш топширилди. Шунингдек, об-ҳаво шароитларидан келиб чиқиб, оғир вазнли транспорт воситалари ҳаракатланишини мавсумий чеклаш тартибини ишлаб чиқиш таклиф этилди.

Бугунги кунда янги йўлларнинг 61 фоизини, “Ташаббусли бюджет” доирасида эса ички йўлларнинг 92 фоизини хусусий сектор қурмоқда. Узоқ йиллар давлат монополиясида бўлган йўлларни сақлаш ишлари ҳам босқичма-босқич хусусий шерикликка берилмоқда.

Бу ишларни кенгайтириб, келгуси йилда 3 минг километр, 2030 йилга бориб эса 6,3 минг километр йўлларни сақлашга тадбиркорларни жалб қилиш режалаштирилган. Шунингдек, Осиё тараққиёт банки иштирокида 86 та туманда қуриладиган йўлларни тўлиқ маҳаллий пудратчиларга бериш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Соҳада рақамлаштириш даражаси паст экани, мавжуд 59 та хизматнинг фақат 20 таси рақамлашгани қайд этилди. Келгуси йилда 28 та хизматни электрон шаклга ўтказиш, интеллектуал транспорт тизимини жорий этиш ва 7 та янги электрон платформани ишлаб чиқиш муҳимлиги таъкидланди.

Тақдимот якунида белгиланган вазифалардан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон автомобил йўлларини 2035 йилгача ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш вазифаси топширилди.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid