Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича қонун қабул қилинди
Тадбиркорларни ҳомиладорлик ва туғиш, вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик ҳамда ишдан бўшатиш нафақалари тўловлари бўйича ортиқча юкламадан озод этиш қонун билан мустаҳкамланди.

“Давлат ижтимоий суғуртаси тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди.
Қонуннинг асосий мақсади:
- фуқароларни вақтинча меҳнат қобилиятини йўқотганда ёки ишсиз қолганида ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва камбағалликка тушиш хавфининг олдини олиш;
- тадбиркорларни ҳомиладорлик ва туғиш, вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик ҳамда ишдан бўшатиш нафақалари тўловлари бўйича ортиқча юкламадан озод этиш.
- норасмий бандликни легализация қилишни рағбатлантириш.
Суғурта тўловларининг қуйидаги турлари белгиланмоқда:
- аёлларнинг туғруққача ва туғруқдан кейинги даври учун тўланадиган ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси;
- ходимларнинг касаллиги сабабли меҳнатга лаёқатсиз бўлган даври учун тўланадиган вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси;
- ходим ишдан бўшаганлиги сабабли тўланадиган ишдан бўшатиш нафақаси.
Маълумот учун: Президентнинг 2025 йил 3 ноябрдаги ПФ-206-сон фармонига мувофиқ Давлат ижтимоий суғурта жамғармаси орқали:
- 2026 йил 1 январдан бошлаб ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси;
- 2026 йил 1 июлдан бошлаб вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси;
2030 йил 1 январдан бошлаб тўланадиган ишдан бўшатиш нафақаси тўлаш амалга оширилади.
Қонунга асосан аҳолини суғурталаш қуйидаги тартибда амалга оширилади:
- мажбурий асосда – меҳнат шартномаси бўйича банд ходимлар;
- ихтиёрий асосда – якка тартибдаги тадбиркорлар, ўзини ўзи банд қилган, деҳқон хўжалиги ва томорқада ишловчилар, чет элда ёлланиб ишлайдиган фуқаролар.
Суғурта тўловлари қуйидаги тартибда тайинланади:
- ҳомиладорлик ва туғиш, вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик нафақалари – фуқаро мурожаатисиз “проактив” шаклда;
- ишдан бўшатиш нафақаси – фуқаронинг мурожаати асосида.
Қонуннинг қабул қилиниши ходимларни ижтимоий хавфлардан ҳимоялаш, расмий бандликни рағбатлантириш ва меҳнат бозори барқарорлигини оширишга хизмат қилади.
Тадбиркорларни ҳомиладорлик ва туғиш, вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик ҳамда ишдан бўшатиш нафақалари тўловлари бўйича ортиқча юкламадан озод этиш қонун билан мустаҳкамланди.
Янги тизим жорий этилиши натижасида:
- бюджет ташкилотларида ишловчи 2,2 млн нафарга яқин фуқаро;
- хусусий секторда банд бўлган 3,6 млн нафардан ортиқ фуқаро;
- якка тартибдаги тадбиркорлик билан шуғулланувчи, ўзини ўзи банд қилган ҳамда норасмий секторда банд бўлган 7 млн нафардан ортиқ фуқароларнинг ижтимоий кафолатлари таъминланади.
Маълумот учун: якка тартибдаги тадбиркорлар, ўзини ўзи банд қилган, деҳқон хўжалиги ва томорқада ишловчилар, чет элда ёлланиб ишлайдиган фуқароларни суғурталаш ихтиёрий асосда амалга оширилади.