platina.uz
Мақола

“Сусана” операцияси: Исроил унутиб юбормоқчи бўлган мағлубият

Ҳужумлар мусулмонларни ёмонотлиқ қилиш, уларни террорчи ва ваҳший қилиб кўрсатиши режалаштирилди. Бунинг учун тинч ва бегуноҳ одамлар ўлиб кетиши ҳам яҳудий раҳбариятига қизиқ эмас эди.

“Сусана” операцияси: Исроил унутиб юбормоқчи бўлган мағлубият

Исроилнинг МОССАД разведкаси ҳақида гап кетганда ўта мукаммал ва самарали бир ташкилот кўз ўнгимизга келади. Аммо унинг аксарият муваффақиятли операциялари Ғарб разведкаларининг мунтазам маълумот бериши ва молиялаштиришининг самараси экани ҳар доим ҳам ошкор қилинмайди. Чунки Исроил разведка хизматлари ҳатто шунчалик катта ёрдам билан қовун тушириб қўйган ҳолатлари жуда кўп учрайди. Айниқса, Ғарб давлатларинин огоҳлантирмасдан, ўз ташаббуси билан уюштирган қайсарона операциялари ўта аҳмоқона ва нопрофессионал тарзда амалга оширилган ва табиийки, омадсизликка учраган.

Сусанна операцияси

Баъзан бирор давлат тарихнинг йўналишини ўзгартириш учун шундай иш қиладики, кейин у ҳақда эслашни истамай қолади, унутишга уринади. “Сусана” операцияси ҳақидаги тарих – айнан шундай ҳолат: қўрқув, сиёсий цинизм, стратегик ҳисоб-китоб ва инсон хатоларининг ўзаро қоришмасидан туғилган, катта шов-шувга айланган муваффақиятсизликдир. У кўп йиллар давомида махфий сақланди.

Миср, 1950-йиллар: портлаш арафасидаги давр

1950-йилларнинг бошида Яқин Шарқ қайнаб ётган қозонга ўхшарди. Миср давлатини Британия таъсиридан қутултиришга интилаётган, жасур ва харизматик ҳарбий зобит – Жамол Абдулносир мустақиллик ҳақида гўё у аллақачон қўлга киритилгандек гапирар эди. АҚШ ва Британия унинг қадамларини хавотир билан кузатар, аммо улардан ҳам кўра кўпроқ хавотирга тушаётган давлат – бу Исроил эди.

Исроил раҳбарларининг бу ташвишига кўра, агар Британия Мисрдан чиқиб кетса, ҳокимият бўшлиғини агрессив араб миллатчилиги эгаллаши ва у эртами-кечми Тел-Авивга зарба бериши мумкин эди. Шу боис МОССАД офисларида бир фикр пишиб етила бошлади – “Агар тарихни тўхтатиб бўлмаса, уни керакли томонга буриб юбориш лозим!” Шу тариқа Мисрда “фаол тадбирлар” ўтказиш ғояси туғилди.

Махфий режанинг моҳияти

Операцияга беғубор бўлиб туюлувчи ном қўйилди – у “Сусанна” деб аталди, аммо режанинг ўзи ўта чиркин ва аблаҳона ғоя эди.

Янги операциянинг мақсади оддий ва қўпол эди: Исроил жосуслари Мисрда жойлашган Ғарб давлатлари объектларига бир нечта террор ҳужумларини амалга ошириб, кейин бу портлашларда маҳаллий мусулмонларни айблаши керак эди. Исроил раҳбарияти “шундай қилсак, Британия Мисрда террорчилар кўп экан, бу ердан ҳали кетмаймиз, деб Мисрдан ўз қўшинларини чиқиб кетишини тўхтатади”, деган хомхаёлга борди.

Ҳужумлар мусулмонларни ёмонотлиқ қилиш, уларни террорчи ва ваҳший қилиб кўрсатиши режалаштирилди. Бунинг учун тинч ва бегуноҳ одамлар ўлиб кетиши ҳам яҳудий раҳбариятига қизиқ эмас эди. Яҳудий давлати жосуслари кинотеатрлар, АҚШ ва Британия маданий марказлари, турли омборлар ва офисларга бомба ўрнатишига келишиб олинди.

Бундай аблаҳ ва ноинсоний режа Лондон ва Вашингтонни “Мисрнинг осмони ҳамон мусаффо эмас, Миср ҳамон беқарор” деган фикрга ишонтириб, Британиянинг Сувайш канали ҳудудидаги қўшинларни сақлаб қолишга мажбур қилиши керак эди.

Яҳудий жосуслари ижрочилар сифатида “131-ҳужра” деб аталган яширин тармоқни шакллантиришди. Асосан Мисрда яшовчи ёш яҳудий йигит қизлар махфий фаолият учун ёлланилди. Улар Исроилни ҳимоя қилиш ғояси билан руҳланган эди, аммо катта операциялар ўтказиш тажрибасига эга эмасди.

Уларни Исроил разведкаси зобитлари бошқарарди – айрим манбаларга кўра, сиёсий раҳбариятдан яширинча, бошқаларга кўра эса мудофаа вазири Пинхас Левоннинг ёпиқ розилиги билан бундай ишлар амалга оширилди.

Режалар “ўхшамай” қолган кун

1954 йил 11 июлда яҳудий давлати жосуслик хизматининг барча режалари чиппакка чиқди.

Агентлардан бири минглаб бегуноҳ одамларни ўлдириши керак бўлган портловчи ускунани айтилган жойга ўрнатди. Лекин бомба белгиланганидан аввал портлаб кетди. Ёш яҳудий жосус қўлга тушди ва полиция уни сўроқ қилиб, бошқа жосусваччаларни ҳам қўлга олди. Оммавий тинтувлар, қамоққа олишлар бошланди.

МОССАД режасининг омадсизликка учраши шунчаки тасодиф эмас, балки кўплаб хатолар занжирининг натижаси эди.

Аввало, ижрочиларнинг заиф тайёргарлиги бу муваффақиятсизликка сабаб бўлди. Қолаверса, жосусваччалар учун яратилган ёлғон ва ниқоб афсоналар жуда ишонарсиз эди. Шунингдек, МОССАД Ғарб ёрдамида ўтказган операцияларидан руҳланиб кетиб, ростан ҳам буюк разведка эканига ишониб қолди. Ўта кибрланиб кетгани боис Миср контразведкасини менсимади. Душманни тўғри баҳолай олмаслик эса ҳар қандай урушда панд бериши табиий. Россия армияси “Киевни 3 кунда оламиз” деб, 4 йилдан бери уришиб ётгани бунга мисол.

Қолаверса, Мисрда яшовчи сотқин ва яҳудий жосусваччалар яхши тайёрагарликдан ўтмади ёки анқов-тўнкалар танлаб олингани боис, ўрганишга қобилияти бўлмади.

Натижада Миср маъмурияти амалдаги агентлар, портловчи моддалар ва махфий ҳужжатларни қўлга киритди. МОССАДнинг аблаҳона ва қонхўр режаси тўла исботланди. Исроил разведкаси ўзи қўйган тузоққа ўзи тушиб қолди.

Суд ва халқаро муносабат

Қоҳира шаҳрида ўтказилган суд – Миср давлатининг қудратини оммага намойиш қилиш шоусига айланди. Икки жосусвачча – Моше Марзук ва Шмуэл Азе ўлим жазосига ҳукм қилинди. Қолганлари узоқ муддатларга озодликдан маҳрум этилди. Миср матбуоти бу ишни “сионистик терроризм”нинг фош этилиши сифатида ёритди.

Ғарбда шок юз берди: ишонч билдирилган иттифоқчи – Яҳудий давлатининг АҚШ ва Британия объектларини портлатиш режасида иштирок этгани маълум бўлди.

Миср яҳудий жамоаси, аввал ҳам аросатда яшаб келаётган бўлса-да, катта зарба олди. Бу шармандаликлардан кейин кўплаб яҳудий оилалари мамлакатни тарк этишга мажбур бўлди.

Исроилдаги сиёсий портлаш

Бу шармандалик Исроилнинг ўзида ҳам кучли сиёсий занжир реакциясини қўзғатди. Қоралашлар, махфий маълумотлар сиздириш билан боғлиқ ўйинлар бошланди.

Мудофаа вазири Пинхас Левон “Мен операцияга буйруқ бермаганман”, деди. Ҳарбий разведка бошлиғи Бенямин Гибли эса “Буйруқни айнан Левон берганди”, деб туриб олди. Яҳудий давлатининг ҳарбий элитаси уларга хос аблаҳлик билан айбни бошқа ҳамкасбларига ағдаришга уринишди.

Комиссиялар тузилди, бекор қилинди, қайта кўриб чиқилди. Мазкур иш миллий можарога айланиб, Левоннинг карьерасига зарба берди ва Бен-Гурионнинг сиёсий таъсирини ҳам кучсизлантирди.

Натижалар

Миср раҳбари Жамол Абдулносир яҳудий давлатининг бу аблаҳлигини далил келтириб, Исроилни араб мамлакатларига қарши “махфий уруш”ни тўхтатмаётган давлат эканини исботлади. Натижада Миср халқининг унга ишончи кучайди.

Узоқ муддатли оқибатлар янада жиддий эди. Исроил разведка операцияларига қаттиқроқ назорат ўрнатилди. АҚШ ва Британиянинг Исроилни “бегуноҳ, мазлум ва ростгўй фаришта” каби кўрадиган ишончи сўндирилди. Миср Исроил таъсирига қарши сиёсий куч олди.

Тарихчилар кейинчалик операцияни “давлат терроризми” намунаси сифатида атади. Бу воқеа давлат ўз сиёсий манфаати учун хаос яратадиган ҳолат сифатида тарихда қолди.

Абадий жавобсиз саволлар

Исроилда ва дунёда ўнлаб суриштирувлар ва тадқиқотлар ўтказилган бўлса-да, кўпгина саволлар ҳамон очиқ қолмоқда:

  • Операцияни аслида ким тасдиқлаган – Левонми ёки армия қўмондонлигими?
  • Таҳлилчилар нега барча жиҳатларни инобатга олмади?
  • Бу айрим яҳудий зобитларининг хатосими ёки бутун тизим нуқсоними?
  • Ва энг муҳими: агар операция муваффақиятли кечганида, тарих йўналишини ўзгартирган бўлармиди?

Исроилда “Левон иши” ҳанузгача тизим айби сифатида қабул қилинади. Бу воқеа – ёлғон, махфийлик ва шахсий амбициялар тўқнашган ҳолат сифатида кўрилади.

Ўтмишдан сабоқлар

Бугун “Сусана” операцияси – бу шунчаки мағлубият эмас.

Бу – тарихий сабоқ. Зеро, давлат ўзини ҳақ деб ҳисоблаган пайтда ҳам шундай чегара борки, уни босиб ўтсангиз, шармандаликка дуч келинади.

Қолаверса, бу воқеа яҳудий давлатининг мусулмонларни ва араб давлатларини террорчига чиқариш учун ҳеч нарсадан қатймаслигини ошкор қилди.

Шунингдек, Исроил ўз манфаатлари йўлида уни боқаётган ва ёрдам бераётган Ғарб давлатларини ҳам аяб ўтирмаслигини маълум қилди. Дунёда юз бераётган террорчиликлар ва уларда мусулмонларни айблаш кампанияларида яҳудий давлати жосусларининг ҳам қўли борлиги маълум бўлди. Гарчи Исроил режимининг ўзи мунтазам террорчиликдан фойдаланиб келган эса-да, доимо мусумонларни террорчи сифатида кўрсатишга уриниши учун яна бир далил юзага келди...

Гарчи яҳудий жосусваччалар Қоҳира кинотеатрларига ўрнатган бомбалар портламай қолган бўлса-да, улар Исроилнинг ёлғон пропаганда ёрдамида яратилган обрўсини портлатди. Бу портлаш тутунлари эса ҳамон яширилади, уни оқлашга ҳаракат қилинади.

Абулфайз Сайидасқаров

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid