СhatGPT’ни сўкманг ё унга раҳмат айтманг – катта фалокатга сабаб бўласиз
СИ ва дата марказларнинг сув истеъмоли кўлами биз тасаввур қилганимиздан кўра каттароқ, рақамлар эса даҳшатлироқ.

Бугунги кунда сунъий интеллект (СИ) ва унга асосланган тизим ҳамда қурилмалар инсоният ҳаётига тобора чуқурроқ кириб бормоқда, технологиялар осмонида ой каби балқиб чиқмоқда. Бироқ Ойнинг ҳам бизга номаълум қоронғу томони бор: СИ қурилмалари учун электр энергияси зарур. Бу энергияни ишлаб чиқариш ва СИ қурилмаларини совутиш учун кўп сув керак. СИ ишлайдиган микросхема – чиплар учун зарур нодир металлар қазиб чиқариш жараёни катта сув талаб қилиши етмаганидек, табиатни ҳам ифлослантиради. Инсоният бугунги ҳаёти учун қулайлик яратиб, келажагини хавф остига қўяётганини ҳалиям тузук англаб етмаяпти.
Маълумки, замонавий СИ тизимлари катта сервер “фермалари”га – маълумотлар қайта ишлаш марказларига – дата марказларга таянади. Бу серверлар доимий равишда мураккаб вазифаларни ечади, нейрон тармоқларни ўргатади-ўқитади, фойдаланувчиларнинг сўровларига жавоб беради. Тўғри, улар ҳам фақат алгоритмлардан иборат дастур, аммо бу дастурлар тез ишлаши учун кучли микросхемалардан иборат серверлар талаб қилинади. Ушба микросхема ва процессорлар тез ишлаганида кучли қизийди ҳамда совитишни талаб этади. Совутиш учун эса кўп ҳолларда сув қўлланилади ва унинг сарфи ҳақиқатанам жуда катта.
Оддий “Яндекс” қидирув порталини олсак, унинг дата марказларинисовитиш арзонга тушадиган ҳудудларда – Россиянингсовуқ шимолий қисмида ҳамда Финляндия шимолида жойлашган. Масалан, Финляндия пойтахти Хелсинкидан 60 км масофада жойлашган Мянтсял шаҳридаги “Яндекс” маълумотлар маркази шунчалик катта иссиқлик ишлаб чиқарадики, улар қайнатган сув қувурлар орқали етказилиб, ўша атрофдаги аҳоли уйларини совуқ мавсумда текин иситиб беради.
Сув СИ ишида қандай иштирок этади?
Серверлар, график процессорлар ва бошқа ахборот техно-жиҳозлар иш жараёнида кучли қизиб кетиши табиий. Уларни совитиш учун кўп ҳолларда сувли совитиш тизимлари қўлланилади: сув қувурлар орқали айланиб, иссиқликни ўзига олади, сўнгра совитилади ва яна тизимга қайтарилади. Иссиқ ёки қуруқ минтақаларда эса “буғлантирувчи” совутгич миноралари қўлланилади – бу ҳолда сувнинг бир қисми буғланиб, иссиқликни ўзи билан ҳавога олиб чиқиб кетади. Бунинг устига, бу жараён учун шўр денгиз суви ярамайди. Одам, ҳайвонот ва ўсимлик олами учун мақбул бўлган чучук сув талаб этилади.
Бундан ташқари, баъзи тизимлар – компрессорлар, кондиционерлар ва бошқа жиҳозлар электр энергиясида ишласа-да, шу электр энергиясини ишлаб чиқаришнинг ўзи ҳам кўп сув талаб қилади – алал-оқибат СИ ишлаши учун катта ҳажмда сув талаб қилинади.
Талаб қай даражада катта: реал рақамлар
СИ ва дата марказларининг сув истеъмоли кўлами биз тасаввур қилганимиздан кўра каттароқ, рақамлар эса даҳшатлироқ.
Масалан, айрим йирик дата марказлар кунига 19 млн литргача сув ишлатиши мумкинки, бу ўн минглаб аҳолига эга кичик шаҳарнинг кунлик сув истеъмолига тенг. Хусусан, ўртача, 100 мегаваттлик дата марказ кунига 2 миллион литр атрофида сув сарфлайди. Дунё бўйлаб дата марказларда (СИни қўллаб-қувватловчи марказлар ҳам қўшилганда) совитиш ва энергия ишлаб чиқариш учун сарфланадиган сув миқдори ниҳоятда улкан.
Корнелл университети тадқиқотчиларининг ҳисоб-китобларига кўра, СИ дата марказларига йилига 1,1 миллиард куб метргача сув керак – бу 10 миллион аҳоли истеъмолига тенг. Тўғри, бу миқдор у қадар кўп эмас – дата марказларнинг сув истеъмоли жаҳон миқёсидаги умумий сув сарфининг атиги 0,1-0,2 фоизини ташкил қилади. Аммо бу ҳозирча!
Айрим манбаларга кўра, СИ инфратузилмаси ўсиши боис сувга талаб яқин йилларда бир неча марта ошиб кетиши мумкин. Бунинг устига, “онлайн” совитишдан ташқари, чиплар, микросхемалар ва сервер қисмларини ишлаб чиқаришда ҳам жуда катта миқдорда ўта тоза сув талаб этилади.
Экологик ва ижтимоий контекст
Сув – чекланган ресурс, айниқса, ёғингарчилик кам бўлган, дарёлари қуриган ва гидротармоғи заиф ҳудудларда – сув олтинга тенг ресурс. Бундай жойларда “сувни ямламай ютадиган” дата марказлар қуриш ва уларни сақлаш жиддий муаммоларни туғдиради.
СИ инфратузилмасининг ўсиб бориши фақатгина технологик тараққиёт тезлашуви эмас, балки сайёрамиз ресурсларига қўшимча босим: сув, электр энергияси, ноёб материаллар сарфи ортишига олиб келади.
Ҳатто техник яхшиланишлар (яхшироқ совитиш, юқори сервер зичлиги, энергия самарадорлиги) билан ҳам умумий ҳисоблаш қувватига талаб – демакки, сувга талаб ўсиб бормоқда. Бу барқарор ривожланиш масаласини оғирлаштиради: алоҳида самарадорлик кўпинча умумий истеъмол ўсишини тўхтатмайди. Бу иқтисодий назарияда “Жевонс парадокси” деб аталади. Яъни, бирор-бир ресурсдан фойдаланиш самарадорлигини оширувчи технологик тараққиёт – уни сарфлаш ҳажмини камайтирмайди, аксинча кўпайтиради. Мавзуга алоқадор бўлмаса-да, бу парадоксни йўлдаги тирбандлик мисолида тушунтириш мумкин. Масалан, катта шаҳарларда йўлларни кенгайтириш ва кўпайтириш – тирбандлик муаммосини камайтирмайди, аксинча, тирбандлик кўлами янада кенгайиб кетади.
Номутаносиблик ва реал оқибатлар
Яқинда эълон қилинган маълумотларга кўра, СИ серверлари учун янги бинолар(дата марказлар)га талаб тез суръатда ўсмоқда ва кўплаб янги иншоотлар сув ресурслари чекланган ҳудудларда қурилмоқда. Бу сув танқислиги бўйича хавотирларни янада кучайтиради.
Чунки битта дата марказ кунига миллионлаб литр сув “ичса”, бундай марказлар сони ўнлаб ёки юзлаб бўлса, минтақанинг сув захираларига босим бир неча марта ортади. Айрим жойларда бу аҳоли, қишлоқ хўжалиги ёки экотизим талаблари билан рақобатга олиб келиши мумкин.
Bloomberg нашрининг маълум қилишича, АҚШдаги дата марказларнинг деярли 66 фоизи сув танқис қурғоқчил ҳудудларда қурилган. Бу ҳудудларда буғланиб кетган сувни шамол бошқа ҳудудларга олиб кетиши мумкин. Бундай ҳудудларда чиққан сув буғлари шамол билан сув ва намгарчилик кўп ҳудудларга ёки денгизга ёмғир-қор бўлиб ёғиши мумкин. Бошқача айтганда, ишлатилган сув ҳар доим ҳам у олинган экотизимга яна қайтиб келмайди.
Хуллас, бу муаммолар барқарор тараққиёт ҳақидаги саволларни янада ўткирлаштиради. СИ қувватларини янада кенгайтириш мумкинми, агар мумкин бўлса, шартми? Ёки инфратузилмавий муқобилликни излаш зарурми?
Ваҳимага ўрин йўқми?
АҚШдаги Массачусетс технология институти (MIT) мутахассисларининг ҳисоблашича, сув кам ҳудудларда СИ дата марказлари қурилиши маҳаллий сув инқирозларини келтириб чиқариши мумкин. Лекин физик олим Энди Мэйслининг таъкидлашича, дата марказлар қурғоқчилликка мойил ҳудудлардаги сув истеъмолчиларидан бири бўлса-да, сув сарфи бошқаларидан кўп эмас.
Бошқа олимлар ҳам СИнинг сув сарфи ҳақидаги маълумотларини “ортиқча муболаға” деб ҳисоблашади. Уларнинг фикрича, ОАВ кўп ҳолларда ҳақиқат учун эмас, балки шов-шув ва “лайк”лар учун курашади. Шу йил ёз фаслида The Economic Times нашрида Техас аҳолиси гўёки СИ сабабли борган сари камроқ ювинишга мажбур бўлаётгани ҳақида шов-шувли мақола чиқди. Аммо кейинчалик можаро сунъий равишда бўрттирилгани аниқланди: мақолада келтирилган маълумот, яъни 1,75 миллиард литр ҳажмдаги сарф – бу Техасдаги барча дата марказларнинг икки йиллик умумий сарфидир. Бу миқдор Техас штати йиллик сув истеъмолининг бор-йўғи 0,1 фоизини ташкил этади.
Индаллосини айтганда, дата марказларнинг сув сарфи ҳозирча локал муаммо. Улар дунё миқёсида сув танқислигига сабаб бўла олмайди, дейишади айрим экспертлар.
СИга раҳмат айтманг!
СИ тизимларидан тобора кенгроқ фойдаланилгани сари янги воқелик ҳам яралмоқда. Жумладан, СИга худди жонли ва ақлли суҳбатдошдек муносабатда бўлиш феномени кенг тарқалмоқда. Айтайлик, кўпчилигимиз СИдан, масалан, ChatGPTдан фойдалангач, унга ташаккур билдириб, “раҳмат” деб ёзиб қўямиз. Аммо шу биргина сўз ҳам қанчалик қимматга тушишини тасаввур қила оласизми? Биргина шу “раҳмат” сўзингизни таҳлил қилиш ва унга оригинал жавоб қайтариш учун СИ сарфлаган ресурлар қиймати ўртача 2 долларга баҳоланади. Ҳар бир мавзудан ташқари ёки ортиқча “илтимос” ёки “раҳмат” сўзлари, ChatGPTга алоҳида хабар сифатида ёзилгани – серверларга тушадиган юкламани, демакки, компания харажатларини оширади.
Яқинда X ижтимоий тармоғи фойдаланувчисининг “бундай электрон “хушмуомалалик” қанчага тушади?” деган саволидан сўнг бу мавзу яна кўтарилди. Кулгили жиҳати шундаки, баъзи фойдаланувчилар бу сўзларни бир сўров таркибида эмас, балки алоҳида хабар кўринишида қолдиради – ҳар бир бундай хабар эса кўпроқ энергия талаб қиладиган тизим томонидан қайта ишланади.
Ҳисоб-китобларга кўра, ChatGPT (GPT-4 асосидаги) томонидан 100 та сўздан иборат оддий матн яратиш 0,14 кВт/соат энергия талаб қилади – бу бир соат ичида 14 дона светодиодли чироқчанинг энергия истеъмолига тенг.
1000 дан ортиқ фойдаланувчилар ўртасида ўтказилган сўровда маълум бўлишича, уларнинг 70% СИ билан мулоқотда хушмуомала бўлишга уринади, 12% эса келажакда роботлар исёнидан “қўрққани” учун шундай қилади. Яъни, қачондир СИ асосидаги суперроботлар исён қилса, “бу одам бизга хушмуомала бўлган” деб, уни тирик қолдирар эмиш. Бу фикр кулгили бўлса-да, сайёрамизда унга чин кўнгилдан ишонадиганлар сони бир неча миллиондан ошади.
Изоҳ сўралган ChatGPTнинг ўзи таъкидлашича, у яхшироқ ишлаши учун, унга “раҳмат” айтиш керак эмас. У хафа ҳам бўлмайди, чарчамайди ҳам, энг муҳими – мақтов учун эмас, фойда келтириш учун яратилган. Лекин, СИнинг ўзи айтганидек, ёқимли сўз баъзан зиён қилмайди – “ахир мен бироз инсонсифатроқ қилиб яратилганман”, дейди ChatGPT. Айни вақтда технологиялар ривожланар экан, бундай “дўстона” суҳбатларнинг қиймати ҳам ортиб бормоқда.
Сув – СИнинг асосий, лекин кўзга кўринмас ресурси
Қисқасини айтганда, СИ “вакуумда” яшамайди. Бу мўъжиза ортида – миллионлаб серверлар, киловаттларча энергия истеъмоли, иссиқлик чиқариш ва катта инфратузилма турибди. Сув эса шу инфратузилманинг асосий таркибий қисмларидан биридир. Сувсиз (ёки етарли миқдорда сувсиз) йирик СИ тизимлари тўла қувватда ишлай олмайди. Энг даҳшатлиси, совитиш учун ишлатилган сувнинг қарийб 80 фоизи буғланиб кетади, қолган сув эса ичиш ва деҳқончилик учун яроқсиз бўлиб қолади.
Бу шундан далолат берадики, СИнинг инсон ҳаётининг барча жабҳаларига кириб бориши – фақат ҳисоблаш қуввати ёки алгоритмлар ривожланиши масаласи эмас, балки ресурсларни барқарор истеъмол қилиш, масъулият ва экология билан технологик тараққиёт ўртасидаги мувозанат масаласига айланмоқда.
Абулфайз Сайидасқаров