Фарғонада Кадастр агентлиги бош инспектори қўлга тушди
У фуқарога жарима қўлламаслик ҳамда ерни қонунийлаштириб бериш эвазига 400 АҚШ доллари талаб қилади.

Кадастр агентлиги бош инспектори пора билан ушланди.
Агентликнинг Фарғона вилояти Риштон тумани бўлими бош инспектори коррупцион хатти-ҳаракатига чек қўйилди.
Дастлабки суриштирув жараёнида кадастр агентлиги бош инспектори фуқаронинг яшаш ҳудудида қўшимча ер майдони қўшиб олингани ва у ўзбошимчалик эгаллаб олинган ерда қурилиш қилгани учун 84 млн сўм жарима солинишини билдиради. Шундан сўнг, бош инспектор фуқарога бу вазиятдан осон қутулиш йўлини кўрсатиб, унга жарима қўлламаслик ҳамда ерни қонунийлаштириб бериш эвазига 400 АҚШ доллари талаб қилади.
ДХХнинг Фарғона вилояти бўйича бошқармаси ҳамда бошқа ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳамкорлигида фуқаро аризаси асосида ўтказилган тезкор тадбирда бош инспектор талаб қилинган маблағни ўз хизмат жойи биноси олдида олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Қурилиш фаолияти билан шуғулланувчи хусусий корхона 2025 йилнинг октябр ойида “Фарғона сув қурилиш инвест” давлат муассасасининг маъмурий биносида 850 млн сўмлик мукаммал таъмирлаш ишларини амалга ошириш учун ўтказилган шаффоф тендер танловида ғолиб чиқади.
Бироқ, ушбу давлат муассасаси бош муҳандиси ва бошқалар ўзаро тил бириктириб, хусусий корхонада мукаммал таъмирлаш ишларини бошлаш учун рухсат бериш эвазига хусусий корхона раҳьаридан 5500 АҚШ доллари талаб қилишади.
Мазкур холат бўйича ўтказилган тезкор тадбирда юқоридаги шахслар 5 минг АҚШ долларини олган вақтларида уларнинг ноқонуний хатти ҳаракатлари фош этилди.
Айни пайтда мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Сурхондарёда банк ходимига нисбатан жиноят иши очилганди.
У 17 млрд сўм кредит ажратилиши юзасидан мурожаат қилган фуқародан пул сўраган.