platina.uz
Мақола

Ёмғир чақириш маросимлари: тарих ва замонавийлик

Булутли технологиялар, сунъий йўлдошлар ва замонавий илм-фан ривожланган бир пайтда айрим мамлакатларда ёмғир дуолари ҳалиям ўқилади, бошқаларида эса қадимий одатлар замонавий иқлим таъсири усуллари билан уйғунлашиб кетмоқда.

Ёмғир чақириш маросимлари: тарих ва замонавийлик
Фотоколлаж: Platina.uz

Инсон қайси даврда яшамасин, у ҳар доим сувга муҳтож мавжудот бўлиб қолган. Ёғингарчиликлар эса ҳосил, кундалик озуқа, ҳатто сиёсий барқарорлик гарови сифатида кўрилган.

Инсоният тарихидаги илк маданият, шаҳар ва давлатлар ҳам йирик дарёлар бўйида пайдо бўлган. Масалан, милоддан аввалги 3500-3000 йилларда Месопотамия маданияти – Тигр ва Евфрат дарёси бўйида, Қадимги Миср маданияти – Нил дарёси, Ҳинд маданияти – Инд ва Гаггар-Хакра дарёси, Қадимги Хитой маданияти – Хуанхэ, кейин Янцзи дарёлари бўйида шаклланган.

Қурғоқчилик ҳукмрон бўлган минтақаларда эса ёмғир сўраш маросимлари – сеҳр, диний эътиқод ва жамоавий психологияни бирлаштирган мураккаб маросимлар пайдо бўлган. Бугун булутли технологиялар, метеорология сунъий йўлдошлари ва замонавий илм-фан ривожланган бир пайтда бу маросимлар фолклор сифатида қабул қилинса-да, йўқолиб кетмаган: айрим мамлакатларда ёмғир дуолари ҳалиям ўқилади, бошқаларида эса қадимий одатлар замонавий иқлим таъсири усуллари билан уйғунлашиб кетмоқда.

Тарихий илдизлар: инсон биринчи бор осмондан марҳамат сўраган кун

“Ёмғир сеҳри”га оид илк манбалар жуда қадим даврларга бориб тақалади. Ёмғир чақиришга қаратилган маросимлар шумерлар ва аккадлар, қадимги хитойликлар, Шимолий Американинг жануби-ғарб ҳиндулари, Африканинг банту қабилалари ва Кавказ халқлари орасида қайд этилган.

Қадимда бутпарастлик, анимизм ва кўпхудолик кенг тарқалгани боис, ҳар бир касб ёки табиат ҳодисалари учун “бириктирилган” илоҳлар бор деб ишонишган. Ёмғир учун “жавобгар” илоҳни хурсанд қилинса, қурбонлик келтирилса, ёмғир ёғади, деб ўйлашган. Бу маросимларда руҳоний ёки шаманлар бошчилик қилган.

Қадимги мисрликлар динида ёмғир сўраш учун Тефнут илоҳи деб ясалган тош санамга илтижо қилиб, ялиниб ёлворишган.

Шумер сопол тахтачалари эса Инанна ва Думузи ҳақида сўзлайди – уларнинг муносабати мавсумий ёғингарчилик циклини ифода қилган.

Хитойда Цзян даврида руҳонийлар осмонга қурбонликлар келтириб, “ёмғир рақслари”ни ўтказган; бронза ёзувларида Шанди – ёмғирни бошқарувчи олий куч ҳақидаги илтижолар учрайди.

Русларда ҳам ёмғир сўраш анъаналари бўлган. Ёмғир анча пайт ёғмай кетса, болалар, баъзан катталар ҳам кўчага чиқиб, “Ёмғир, ёмғир, кўпроқ ёғ! Сенга таом бераман, ҳовлига чиқиб, сенга бодринг бераман”, – деб ёмғирни кўпроқ ёғишга чорлашган. Ёки бирларига сув сепиб, шалоббо қилиб, ёмғир ёғишини сўрашган.

Авлиё Никола (Вешний) кунида эса далаларни айланиб маросим ўтказишган. Деҳқонлар Николайнинг ўзи далаларни айланиб чиқади, ёмғир ёғдириб, ҳосил яхши бўлишига ёрдам беради деб ишонишган.

Айрим ҳудудларда қизлар ва аёллар Троицада ёхуд бошқа кунларда ўрмонга йиғилиб, олов ёқишган, тухум қовуришган ва бир-бирларига сув сепишган.

Қаттиқ қурғоқчилик пайтида табиат руҳларига ёхуд муқаддас зотларга қурбонликлар ҳам қилишган.

Шакллар ва рамзлар: рақслардан тортиб қурбонликларгача

Археологик топилмалар орасида сув рамзлари туширилган тўқималар, махсус маросим идишлари ва руҳларга йўлланган ёзма илтижолар сақланиб қолган. Ёмғир сўраш маросимлари жуда хилма-хил, аммо уларда умумий жиҳатлар ҳам бор. Масалан, ёмғир сўраш маросими жамоавий тарзда ўтказилган. Сувдан рамз сифатида фойдаланилган. Давра рақсга тушиб, илоҳларга ёки самовий кучларга мурожаат қилишган.

Турли халқлар анъаналаридаги фарқли жиҳатларга келсак, Марказий Осиёда (уйғур, тожик, ўзбек) “чилав” деб аталган одат бўлиб, болалар қўшиқ айтиб уйларни айланиб чиққан.

Ёки Марказий Осиё, Кавказ ва бошқа халқлар ўртасида Ислом дини келишидан аввал “Сус хотин” маросими ҳам ўтказилган. Уни “Сўз хотин”, “Сут хотин”, “Сув хотин” деб ҳам аташган. Бу маросим чоғида шох ва латталардан хотин қўғирчоғи ясалиб, кўтариб юрган ҳолда илтижо қўшиғини айтишган.

Болқон халқларида «пеперуда» маросимида қизлар барг ва гуллар билан безаниб, сув сепиш остида рақс қилган.

Хопи ҳиндуларида руҳларнинг ниқобларида ёмғир рақслари ижро этилган.

Африкада руҳонийлар муқаддас тоғ ёки қояларда қурбонликлар келтириб, аждодлар рухлари билан мулоқот орқали ёмғир чақиришган.

Сирли Яда тоши

Хуросон ва Шарқий Туркистон ерларида Яда тоши (Жадаг, Жада, Yada taş, yad) машҳур бўлган.

Бу – туркий мифологияда борон, ёмғир, шамолни чақириш ёки тўхтатиш қудратига эга деб ҳисобланган афсонавий тош. Бу тошларни бир-бирига уриш орқали ёмғир чақиришган. Ҳаттоки буюк ўзбек адиби Алишер Навоий ҳам ўз асарларида бу тош ростдан ёмғир чақирганига гувоҳлар борлиги ҳақида ёзган.

Шунингдек, Маҳмуд Кошғарийнинг “Девону луғатит турк”, Муқаддасий, Ибн ал-Фақиҳ каби муаллифларнинг асарларида, “Қутадғу билик” асарида, Турк-мўғул достонлари ва ривоятларида шу ҳақда ёзилган.

Бу тош, шунингдек, шамол чақириш ҳамда дўл ёки бўронни бошқариш мақсадида ҳам ишлатилган.

Буюк Британия музейида эса улуғ ўзбек саркардаси Жалолиддин Менгубердига тегишли, вазни 42 килограм бўлган Яда тоши сақланади. Аммо ёмғирдан кўра, душман ўқидан асровчи тумор сифатида қўлланилган, дея изоҳ берилган.

Жалолиддин Мангубердининг Яда тоши.

Бу тош 1230 йилларга оид бўлиб, Мангубердининг Кавказ ва Эронга ҳарбий юришлари чоғида қолдирилган, дейилади.

Диний анъаналар: сеҳр ўрнига дуо

Йирик самовий-дунёвий динлар тарқалиши билан архаик маросимлар янги шаклга ўтди.

Исломда ёмғир сўраш – истисқо намози ўқилган. Пайғамбар Муҳаммад (с.а.в.) Мадинада қурғоқчилик пайти ўқиган. Кейин дарҳол ёмғир ёққан.

Православ ва католик анъанасида “ёмғир тушириш” ҳақида махсус ибодатлар ўтказилади.

Яҳудий жамоалари Суккот даврида ёмғир ҳақидаги махсус дуоларни қўшиб ўқишади.

Буддизмда махсус сутралар бор – уларда маҳлуқотлар ерни қурғоқчиликдан асрайди, деб ишонилган.

Бу ибодатларда қадимги маросимларнинг моҳияти – осмонга илтижо – сақланиб қолган, аммо шоу-театраллик деярли йўқолган.

Замонавий давр: хурофотми ёки маданий ҳодиса?

Илм-фан тараққиётига қарамай, ёмғир чақириш маросимлари йўқолмади.

Масалан, Ҳиндистонда фермерлар жамоавий дуо ва рақс маросимларини ҳануз ўтказади. Таиландда ҳар йили сувга бағишланган “Лой Кратонг” маросимида ёмғир илтижолари айтилади. Мексиканинг тоғли қишлоқларида Тлалок маросимлари ҳамон сақланиб қолган. Тожикистон ва Афғонистон қишлоқларида болаларнинг “чилав” қўшиқлари сақланган.

Бугунги кунда эса илмий ва гибрид шакллар ҳам пайдо бўлди: Хитой, БАА ва Саудия Арабистонида булутларга реагент сепиш каби “ёғингарчилик чақириш” дастурлари амалга оширилмоқда.

Ҳужжатлаштирилган “муваффақиятлар”: тасодифми ёки қонуният?

Тарихий манбаларда маросимдан сўнг ёмғир ёққани ҳақида кўплаб қайдлар учрайди.

Мисол учун, 684 йилда Хитой императори Гаоцзун махсус “да юй” маросимини ўтказишни буюради – икки кундан сўнг ёмғир ёққани қайд этилган.

XIX аср охирида Ҳабашистона миссионерлар оромо халқининг рақсидан сўнг “бешдан уч ҳолатда ёмғир ёққани” ҳақида ёзишган.

1930-йилларда хопи ҳиндулари маросимларидан кейин ёмғир кузатилгани ҳақида антропологик ёзувлар бор.

Олимлар нега ишонмайди?

Улар мавсумий ёғингарчиликнинг ўз вақтида келиши, одам миясининг “мувофиқ” ҳолатларни эслаб қолишга мойиллиги, қолаверса, қадимги руҳонийлар ёмғир ёғиш олдидан табиатда юз берадиган ҳолатлар(қалдирғочларнинг пастлаб учиши ва ҳоказо)ни кузатиб, маросимларни ўшаларга мослаб ўтказишган, деб ҳисоблашади. Ҳозиргача ҳеч бир жиддий тадқиқот маросим билан реал ёмғир ёғиш ҳолатини боғлай олмаган.

Илмий тушунтиришлар: нега бу маросимлар “фойда беради” деб ўйлашган?

Метеорологларнинг таъкидлашича, кўпчилик маросимлар айнан ёмғир эҳтимоли юқори бўлган даврларга тўғри келган.

Психологларнинг фикрича, жамоавий маросим хавотирни камайтиради, инсонга назорат ҳиссини беради, жамоани бирлаштиради.

Антропологлар эса бу маросимларни табиатнинг беқарорлигига жамиятнинг мослашув механизми сифатида қарашади.

Хулоса

Ёмғир сўраш маросимлари – фақат тарихий рукн эмас. Улар инсоннинг табиатга боғлиқлиги ва у билан “тил топиш”га интилишидан ҳикоя қилади. Бугун уларнинг вазифаси ўзгарди: улар сеҳру жоду воситасидан маданий кодга, умид ва бирдамлик рамзига айланди.

Бироқ бир нарса абадий: қурғоқчилик чуқурлашганда, инсон ҳали ҳам осмонга умид билан боқади ва ёмғирни, марҳаматни ҳамда нажотни кутади...

Абулфайз Сайидасқаров

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid