platina.uz
Жаҳон

Хитойдан 15 млрд доллардан зиёд тўғридан-тўғри инвестициялар ўзлаштирилади

Президент Хитойнинг етакчи компаниялари раҳбарларини қабул қилди. 

Хитойдан 15 млрд доллардан зиёд тўғридан-тўғри инвестициялар ўзлаштирилади

Жорий йил Хитойдан 15 млрд доллардан зиёд тўғридан-тўғри инвестициялар ўзлаштирилади.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Хитойнинг етакчи компаниялари раҳбарлари билан учрашув ўтказди.

Музокаралар давомида амалий ҳамкорликни кенгайтириш, энергетика соҳасида замонавий технологиялар ва муҳандислик ечимларини жорий этишга қаратилган ўзаро манфаатли кооперация лойиҳаларини илгари суриш масалалари муҳокама қилинди.

Хитой компанияларининг Ўзбекистонда лойиҳалар амалга оширишга қизиқиши ортиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди. Биргина жорий йилда Хитойдан 15 миллиард доллардан зиёд тўғридан-тўғри инвестицияларни ўзлаштириш режалаштирилган, қўшма лойиҳаларнинг умумий портфели эса қарийб 90 миллиард долларни ташкил этмоқда.

Кўп қиррали ҳамкорликнинг муҳим йўналиши сифатида энергетика соҳасига алоҳида эътибор қаратилди. Хитойлик шериклар иштирокида умумий қуввати қарийб 10 гигаватт, қиймати 9 миллиард доллардан ортиқ 30 дан зиёд лойиҳалар амалга оширилмоқда. Бугун қўшимча равишда қарийб 2 миллиард долларлик 14 та лойиҳа ишга туширилди.

“China Datang” компанияси президенти Джоу Юанлонг билан мавжуд фотоэлектр станцияларини кенгайтириш, янгиларини қуриш ва қўшимча сақлаш қувватларини барпо этиш режалари муҳокама қилинди.

Компаниянинг кадрлар тайёрлаш, илмий-тадқиқот лабораториясини очиш, қишлоқ хўжалиги ва чорвачиликда қайта тикланадиган энергия технологияларини жорий этиш бўйича ташаббуслари қўллаб-қувватланди.

“China Energy Engineering Corporation” компанияси раҳбари Сью Лью билан суҳбатда мамлакатимиз ҳудудларида қуёш электр станциялари ва энергия сақлаш тизимларини қуриш бўйича қўшма саъй-ҳаракатлар юқори баҳоланди.

Муқобил энергетика ва юқори кучланишли тармоқларни ривожлантириш лойиҳаларини илгари суриш муҳимлиги таъкидланди.

“Sinoma Energy” компанияси раиси Мэн Циньлин шамол электр станцияси ҳамда шамол турбиналари учун парракларни маҳаллийлаштириш учун завод қурилишининг бориши ҳақида ахборот берди. Шунингдек, кимё ва қурилиш саноатида чиқиндиларни тозалаш бўйича компания таклиф этаётган технологик ечимлар юзасидан фикр алмашилди. Ушбу лойиҳаларга доир ишларни жадаллаштириш зарурлиги таъкидланди.

“Universal Energy” компанияси бош директори Нан Йи билан мамлакатимиз ҳудудларида шамол электр станциялари қурилишини жадаллаштириш чоралари муҳокама қилинди.

“China General Technology” компанияси директорлар кенгаши раиси Кан Хубяо билан янги ишга туширилган когенерация станциясини самарали ишлатиш муҳокама қилинди. Компаниянинг Ўзбекистондаги инвестиция фаолиятини кенгайтириш бўйича келишувга эришилди.

Давлатимиз раҳбари “Poly Changda Engineering” компанияси бош директори Мяо Цзечуннинг келгуси йилда бугун ишга туширилган қуёш электр станциясининг мантиқий давоми сифатида энергия сақлаш тизимини қуриш бўйича режаларини қўллаб-қувватлади.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid