Uztelecom 5G тармоғи ядросининг булутли архитектурасини жорий этиш бўйича энг яхши оператор деб топилди
Мазкур ўзгаришлар нафақат абонентлар учун, балки миллий рақамли иқтисодиётнинг ривожланиши учун ҳам катта аҳамиятга эга.

Бангкокда бўлиб ўтган 5G Core Award 2025 халқаро маросимида UZTELECOM Huawei билан ҳамкорликда амалга оширган 5G тармоқ ядросини модернизация қилиш лойиҳаси учун “Uztelecom 5G тармоғи ядросининг булутли архитектурасини жорий этиш бўйича энг яхши оператор деб топилди (Best Telco Cloud Practice) ва мукофот билан тақдирланди.
Ушбу мукофот компаниянинг Ўзбекистон рақамли инфратузилмасини ривожлантиришга ва алоқа сифатини оширишга қўшган ҳиссасини эътироф этади.
Модернизация UZTELECOM учун сўнгги йиллардаги энг муҳим технологик қадамлардан бири бўлди. Тармоқ ядроси — мобил интернетни, қўнғироқларни ва фойдаланувчи уланишларини бошқарадиган асосий элемент бўлиб, унинг унумдорлиги бевосита тармоқнинг юқори юклама вақтларида қандай ишлашига таъсир қилади.
Лойиҳа доирасида UZTELECOM 5G ядро платформасини тўлиқ янгилаб, янада юқори ҳисоблаш қувватига эга замонавий ускуналарга ўтди. Бу қуйидаги имкониятларни яратди:
1. Тармоқ ўтказувчанлигини ошириш.
Янги платформа анча катта ҳажмдаги трафикни қайта ишлай олади, бу эса мамлакат бўйлаб мобил алоқадан фойдаланиш ҳажми йил сайин ошиб бораётганини ҳисобга олганда айниқса муҳимдир.
2. Пик даврларда барқарорликни ошириш.
Тармоқ юкламанинг кескин ошиши — масалан, кечки вақтларда, байрамларда ёки кўплаб фойдаланувчилар бир вақтнинг ўзида уланадиган ҳолатларда — тезроқ ва барқарорроқ жавоб берадиган бўлди.
3. Фойдаланувчиларнинг замонавий стандартларга ўтишини тезлаштириш.
Янгиланган тизим 4G тармоғининг тез кенгайишини қўллаб-қувватлади, шунингдек VolTE технологиясининг, яъни янада тиниқ ва барқарор овоз сифатини таъминлайдиган стандартнинг оммалашувига хизмат қилди.
4. Ривожланиш учун мустаҳкам асос яратиш.
Янги архитектура камроқ энергия истеъмол қилади, осон масштабланади ва тармоқни бошқаришни автоматлаштирадиган ҳамда хизмат сифатини оширадиган сунъий интеллект элементларини жорий этишга тайёр ҳолатга келтирилган.
Мазкур ўзгаришлар нафақат абонентлар учун, балки миллий рақамли иқтисодиётнинг ривожланиши учун ҳам катта аҳамиятга эга. Кучлироқ тармоқ ядроси сервислар сифати, янги технологияларни жорий этиш тезлиги ва мамлакат телеком-инфратузилмасининг барқарорлиги билан бевосита боғлиқдир.
Ушбу мукофотнинг қўлга киритилиши UZTELECOM техник жамоасининг профессионаллиги ва ушбу лойиҳанинг халқаро даражадаги аҳамиятини тасдиқлайди. Компания тармоқни модернизация қилиш ва аҳолига ҳамда бизнесга мўлжалланган рақамли хизматларни ривожлантиришни давом эттиради.
“Ўзбектелеком” АК Ахборот хизмати